Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

“Имтиёзли машиналар” давлат рақамидан билинади


Ўзбекистонда автомобилларнинг давлат рақамларини алмаштириш жараёни бошланяпти. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарорида давлат рақамларини алмаштириш 2011 йил 1 январгача давом этиши белгиланган.

Ўзбекистон кўчаларида ғизиллаб юриб турган ҳар бир машинанинг қайси вилоятники экани мийиғига ёзиб қўйилган. (Номер қотириладиган жой пешона эмас-ку, ахир?!)

Асосан, Тошкентда турли “имтиёзли машиналар” кўп учрайди. Масалан, “PS” билан бошланадиган номерлар. Оддий тошкентларнинг айтишича, бу ҳарфли машиналарда президент соқчилари юради. “PA” ҳарфли давлат рақамлари эса президент девонига тегишли.

Автомобиллар учун 55 55, 00 01 ёки 77 77 каби чиройли давлат рақамлари бор. Одамлар гўзалликка ўч бўлади. Чиройли номерларгаям. Америкадаям, Европадаям, Ўзбекистондаям. Кўп давлатларда чиройли номерларни давлат яхши пулга сотади. Чиройли номерлар Ўзбекистондаям сотилади. Фақат давлат сотмайди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари сотади.

Тошкентлик чапани йигитлардан бирининг сўзларига кўра, чиройли номерлар учун пойтахтда 500дан 1000 долларгача узатиш керак.

Бухорода эса, бир тадбиркор аёлнинг билдиришича, чиройли номерни 100-150 долларга ҳам олиш мумкин. Бу пул номер берувчиларга пора сифатида берилади.

“Озодлик” мухбири Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидан ҳукумат қарори автомобилларга давлат рақами беришдаги бу ҳолатларга чек қўядими, деб сўрамоқчи эди. Лекин бошқармада бу саволга жавоб берадиган киши топилмади.

Ўзбекистон хавфсизликни таъминлаш учун фавқулодда чоралар кўрган ва кўриб келаётган давлатдир. Участка нозирлари ёнига ҳар бир маҳалла кўплаб посбонларни ҳам бириктириб қўйган. Мамлакат халқи ҳар доим, ҳар соатда огоҳ бўлиб туриш тўғрисида огоҳлантирилади.

Ана шундай шароитда давлат амалдорлари тушган машиналарни номеридаги ҳарфлар билан ҳар хил қўпорувчилар кўзига ўтдай кўрсатиб қўйишни ким ўйлаб топган?

Қолаверса, президент соқчилари, президент девони ходимлари, депутатлар, вазирлар, ҳокимлар ҳам йўл ҳаракати иштирокчилари эмасми? Ёки кўринган погонли тўсиб, уларнинг кайфиятини бузмасин, дейдиларми?

Аммо бу саволлар ҳам очиқ қолди...
XS
SM
MD
LG