Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:53

Диний экстремизмга қарши кураш оддий диндорларга қарши курашга айланяпти


Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мамлакатда диний экстремизмга қарши кураш оддий диндорларга қарши курашга айланиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний экстремизмга қарши кураши “дўппини олиб кел деса, бошини олиб келиш”га ўхшайди.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида террорчиликка қарши кураш, хавфсизликни таъминлаш баҳонасида Жалолобод вилоятида диндорлар уйларида тинтув ўтказилмоқда. Улар “Ҳизб ут-таҳрир”га мансубликда айбланяпти. Бироқ айбланаётганлар орасида оддий тақводорлар ҳам бор. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг бундай амалиётлари инсон ҳуқуқларига зид бўлмаслиги лозим”, - деди Азиза Абдурасулова.

Фақат намоз ўқигани учунгина “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланиб уйи тинтув қилинган жалолободлик Абдулла Усмонов ҳуқуқ-тартибот идораларининг террорчилик ва экстремизмга қарши кураши кўпроқ кўзбўямачиликни эслатишини айтади.

“ШҲТ саммити олдидан улар ўзини бир кўрсатиб қўймоқчи. Мана террорчиликка қарши курашяпмиз, ҳаракатимиз бор, марҳамат, кўриб қўйинглар, қабилида қилинаётган кўзбўямачилик бу”, - деди А.Усмонов.

Қирғизистон расмийлари “Ҳизб ут-таҳрир” партиясини халифалик қуриш йўлида тинч мафкуравий ғоядан воз кечиб, қуролли курашга тайёргарлик кўраётганликда айбламоқда.

Қирғизистон Дин ишлари агентлиги раҳбари Туйғунбек Қалматов ҳизбчилар конституциявий тузумни куч билан ағдаришга ниятлангани, уларнинг уйлари тинтув қилинганда қурол ва портловчи моддалар топилаётгани ҳақида баёнот берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари биргаликда Ўш ва Жалолобод шаҳарларида террорчиликка қарши бир қанча амалиётлар ўтказган, бунинг натижасида ўнга яқин одам нобуд бўлган эди.

Айрим кузатувчилар фикрича, айни пайтда Қирғизистонда “Ҳизб ут-таҳрир” каби диний оқимларга қарши кураш кучайиши ҳам Ўзбекистон ҳукумати таъсири оқибатидир.

Бироқ “Ҳизб ут-таҳрир” партиясининг Ўшдаги фаоли Аюбхон бу фикрга қўшилмайди.

“Қирғизистон Ўзбекистон ҳукуматидан кўп ҳам таъсирланмаса керак. Ҳар ҳолда Қирғизистон мустақил давлатман, дея олиши учун ҳам таъсирланмаса керак. “Ҳизб ут-таҳрир”га қарши кураш қирғиз ҳукумати белгилаган сиёсатдир. Бироқ “Ҳизб ут-таҳрир” шу кунгача экстремистик ташкилот бўлмаган ва бўлмайди ҳам”, - деди Аюбхон.

Ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг террор ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида оддий диндорларни ҳам тинч қўймаётгани мазкур тизимда диншунос мутахассислар йўқлиги оқибатидир.
XS
SM
MD
LG