Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

Хорижликлар рус миллатчилари фаоллашганидан хавотирда


Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги жиноятларнинг ҳар бешинчиси Ўзбекистон, ҳар олтинчиси Тожикистон, ҳар еттинчиси Украина фуқаролари томонидан содир этилаётганини маълум қилди.

Хорижликлар, асосан, сохта ҳужжатлар тайёрлаш, ўғирлик, наркотиклар савдоси, фирибгарлик, безорилик ва қотиллик жиноятларига қўл уради.

Аммо хорижий фуқароларнинг ўзлари ҳам Россияда айни турдаги жиноятлар қурбони бўлмоқда.

Россия ИИВ жиноят қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари Алексей Савиннинг таъкидича, ўтган йили мамлакатда тожикистонликларга қарши 1165 та, ўзбекистонликларга нисбатан 1134 та, украиналикларга нисбатан 1132 та жиноят содир этилган. Хорижликларни энг кўп хавотирга солаётгани рус миллатчиларининг фаоллашганидир.

“Миллатчилик руҳидаги ëшлар ҳаракати етакчилари ва аъзолари, шунингдек, уларнинг яқинлари билан профилактик суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Миллатчилик, ирқчилик ва диний айирмачилик руҳидаги ëзма ва бошқа турдаги маълумотларни тарқатганлар жавобгарликка тортиляпти”, - дейди А.Савин.

Бироқ Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Россия ҳукумати ирқчиликка қарши жуда суст курашаётганини таъкидлади.

“Ҳозирги кунда Россияда истиқомат қилаëтган хорижликлар юзида айни ҳаракатлардан қўрқув кучлилиги сезилиб турибди. Шахсан мен яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Вихино туманида ерда қонга беланиб ëтган бир ўзбек аëлига кўзим тушди. Бориб сўрасам, уни тақирбошлар калтаклаб кетган экан. Милициянинг ҳам хабари бор. Аммо ҳеч нарса қилмайди. Бу муаммони ҳукумат кўтариши керак. Аммо ҳеч ким, ҳеч нарса қилмаяпти”, - деди Б.Ҳамроев.

Россиядаги 5 миллиондан 10 миллионтагача бўлган хорижий ишчилар тақирбошларнинг ҳужумларидан ташқари иш берувчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳам азият чекмоқда. Уларнинг кўпчилиги Россияда ноқонуний ишлаётгани учун ўз ҳуқуқлари бузилгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этишдан чўчийди.

“Виждон эркинлиги” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Владимир Xиманич мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони кўпайишига айнан ноҳақликлар ҳам сабаб бўлаётганини айтади. Масалан, иш берувчининг қурилишда ойлаб ишлаган мардикорга иш ҳақи бермаслиги унинг ўзи учун аянчли тугаши мумкин.

Яқинда Cамарқанд вилоятидан Россияга мардикорликка борган 22 ёшли ўзбек йигити бошқирдистонлик иш берувчини ҳақ тўламагани учун болта билан чопиб ўлдирган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Кремль тутаётган сиёсат хорижий фуқароларни жиноятга қўл уришга ундаётганини таъкидлади.

“Бу жиноятларни содир этишга Россия ҳукумати юритаётган сиёсат мажбур этяпти. Масалан, Марказий Осиëдан келган ишчиларни ишлатиб ҳақ бермаслик, яшаш жойларидан ҳайдаб чиқариш, ҳаёти учун муҳим нарсалардан маҳрум қилиш одамларни жиноятга қўл уришга мажбур қилади”,- дейди Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG