Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:26

Вазирликка ишониш керакми ёки вазир ўринбосарига?


Қирғизистон маориф вазири ўринбосари Одина Бўронов ўзбек ва тожик мактабларида миллий тилларни ўқитиш соатлари ҳисобидан қирғиз тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилгани сиёсий хато бўлганини тан олди.

27 август куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган ўқитувчилар анжуманида О.Бўронов ўзбек тили ва адабиёти дарсларини қисқартириш тўғрисидаги буйруқнинг пайдо бўлишига вазирликдан ташқаридаги қандайдир кучлар таъсир қилгани билдирди ва бу хато тезда тузатилишига ваъда берди.

“Вазир ўринбосари чиқарилган буйруқдан ўзи ҳам, вазир ҳам бехабар экани, улар буйруқни ўқимасданоқ лоқайдлик билан имзолаб юборганини тан олди. Унинг айтишича, бу хато тез кунларда тўғриланиши лозим ва масала ижобий ҳал этилади. У қирғиз тилини ўқитиш бошқа тиллар ҳисобига бўлмаслиги лозимлигини, бундай ҳаракат қирғиз тили обрўсини тушриб юборишини айтди”, - дейди йиғинда иштирок этган журналист Барно Исоқова.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари бу хато буйруқ миллий низолар келтириб чиқариши мумкинлигини тан олган.

Б.Исоқованинг сўзларига кўра, агар масала 1 сентябргача ижобий ҳал бўлмаса, ўшлик ўқитувчилар шаҳарнинг бош майдонида норозилик намойиши ўтказишини билдирган. Шундан кейин ҳам вазирлик бирор чора кўрмаса, ўқитувчилар иш ташлаш эълон қилмоқчи.

Айни шу вазиятда Қирғизистон Маориф вазирлиги вазир ўринбосари Одина Бўронов баёнотига зид келадиган расмий билдирув тарқатди.

“Ўзбек мактабларида қирғиз тили соатларини кўпайтириш ташаббуси 2006 йилда ўшлик ўқитувчилар, Сўзоқ ва Бозорқўрғон туманлари аҳолиси томонидан кўтарилган. Бундан ташқари, парламент депутатлари ва ўзбек миллий маданий марказлари ҳам мана шундай талаб қўйган. Бу масала 2006 йил 22 ноябрда туман маориф бўлимлари раҳбарлари умумий йиғилишида ҳам муҳокама этилган ва Маориф вазирлигига ўзбек тили дарсларини қисқартириш эвазига қирғиз тилини ўқитиш соатларини кўпайтириш тавсия қилинган”, - дейилади билдирувда.

Бироқ қирғиз парламенти депутати Даврон Собиров депутатлар томонидан бундай таклиф бўлмаганини ва вазирлик баёноти ёлғон эканини билдирди.

Журналист Барно Исоқова эса ўшлик ўқитувчилар чиндан ҳам Маориф вазирлигига қирғиз тили соатлари кўпайтирилишини таклиф қилгани, лекин бу масала бошқа тиллар эвазига бўлмаслигини ҳам тавсия қилганини айтди.

Маориф вазирлиги расмий билдируви билан вазир ўринбосари баёнотининг бир-бирига зид экани жамоатчиликни гангитмоқда. Бир вақтнинг ўзида қилинган бу икки баёнотнинг қай бири ҳақиқатга яқин?

Вазирлик расмийси Фарида Тинистанова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу икки хил баёнотни ким тарқатганини билмаслиги сабаб масъулиятни ўз зиммасига олиб уларга изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG