Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:25

Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгиз биносига ҳужум қилинганига 6 йил тўлди.


Бу Қўшма Штатлар тарихида мазкур мамлакатга қилинган энг йирик ва энг талафотли ҳужумдир. Вайрон бўлган қўшалоқ минор-бино ўрни - Ground Zero да хотира маросими бўлиб ўтди. Нью-Йорк шаҳар мэри Michael Bloomberg бошловчилигида ўтган маросимда қўшалоқ бино вайроналари остида қолиб нобуд бўлган 2500дан зиёд киши исмлари зикр этилди.

Бу йилги хотира маросими кўлами аввалги йиллардагига қараганда бироз камтарроқ. Издиҳомга қурбонларнинг қариндош-уруғ ва ёру-биродарларигина таклиф қилинган. Бироқ Озодлик мухбири Nikola Krastevнинг Ground Zeroдан хабар қилишича, фожеа юз берган жой ҳамон Ер куррасининг турли бурчакларидан келган кишиларни оханрабодай ўзига тортмоқда. Турли миллат вакиллари бу ерга келиб, 6 йил аввал юз берган фожеа даҳшатини ўз таналарида ҳис қилмоқчи.

Ўт ўчирувчи Gerald Matcast Канаданинг Ванкувер шаҳрида яшайди. У ҳам, террорчиларнинг 2001 йил 11 сентябрь кунги ҳужумларини бутун дунёдаги миллионлаб кишилар сингари, телевизордан кўрган.

“Ўзим ўт ўчирувчиман. Ҳамкасбларим ҳаётларидан жудо бўлишди ва буни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу юз бермаслиги керак эди. Ёнаётган бинога кириш ўт ўчирувчининг иши, бироқ бу террор эди ва у юз бермаслиги лозим эди”.

Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгиз биносига қилинган ҳужум қурбонлари ҳаммаси 2 минг 626 киши бўлиб, уларнинг 319 нафари ўт ўчирувчилардир.

Жаҳон савдо марказининг қулаб тушган эгиз биноси турган Қуйи Манхаттанда 6 йилдан бери кўп нарса ўзгарди. Лекин ҳали яна кўп иш қилиниши керак. Ground Zeroдаги кўтарма кранлар шовқини, ишчилар ғала-ғовури шуни ёдга солиб туради.

Ground Zeroни ўраб турган тўсиқлар ёнидан ўтиб бораётган сайёҳлар орасида дунёнинг барча қитъаларидан келганлар бор. Тўсиқларга илинган ва улар томоша қилаётган фотосуратларда қулаб тушган эгиз минор-бино тарихи акс этган.

Richard Foggerty турмуш ўртоғи Rachel билан Ирландиядан, Дублин шаҳридан келган. Уларнинг анчадан буён Нью-Йоркда яшайдиган қариндошлари бор.

“Ал-Қоида пайдо бўлди. Менимча, бу одамни карахт қилиб қўядиган ўқ бўлди. Бунгача Америка фақат Pearl Harborда мана шундай аҳволга тушган эди. Бу шаҳарга бузғунчилик мақсадида келадиганлар учун ҳушёр торттирадиган бонг бўлди. Менимча, бу хавфсизликни доим ёдга солиб турадиган бонг бўлди”.

11 сентябрь куни Ground Zeroга келган сайёҳлардан яна бири парижлик Julianдир. У, истаймизми-йўқми, 11 сентябрь ҳаммамизнинг ҳаётимизда из қолдирди, дейди.

“Мен французман. Фожеани ТВда кўрганим эсимда. Ҳамманиям эсида бўлса керак ўшанда Нью-Йоркда юз берган воқеа. Менимча, нима юз берганини тушунишни, воқеага оид барча маълумотни билишни истаганмиз, истагансиз. Ўшанда мен талаба эдим. Эртаси куни ўқитувчимиз бу ҳақда бизга ҳеч нарса демаган ва бундан жуда ҳайрон бўлган эдик. Биз эса Нью-Йоркда нима бўлганини билишни истардик, чунки худди шу воқеа Парижда ҳам юз бериши мумкин эди” – деди парижлик Julian.

Нью Йоркдаги Буддистлар ибодатхонасининг “Сузувчи чироқлар” маросими 2001 йилдан буён ҳар йили ўтказилади.

“Сузувчи чироқлар” бевақт нобуд бўлганлар хотирасига ҳурмат ва айни пайтда тинчлик ва барқарорликка умиддир, дейди ибодатхона вакили Nakagaki.
XS
SM
MD
LG