Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:32

Москва шаҳар суди Яшин Жўраев озод этилиши ҳақида қарор чиқарди.


11 сентябрь куни Москва шаҳар суди Ўзбекистон фуқароси Яшин Жўраевни Россиядан мажбурий равишда депортация қилиш тўғрисидаги Мешанск туман суди ҳукмини бекор қилди. Ҳакамлар озод қилиш ҳақида буйруқ берганидан сўнг Жўраев вақтинчалик ҳибсда сақлаш марказидан дарҳол қўйиб юборилди.

Яшин Жўраев Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган “Таблиғи” диний ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳукумати томонидан қидирувда бўлган.

Адвокат Марина Морозовага кўра, 41 яшар Яшин Жўраев Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровига мувофиқ жорий йил бошида Россия ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан қўлга олинган:

“Ўзбекистон республикаси Жўраевга халқаро қидирув эълон қилган. 2007 йилнинг 29 январида у бу ерда топилиб, қўлга олинган. У етти ой давомида тергов изоляторида ўтирди. 30 август куни Россия Бош прокуратураси Жўраевни экстрадиция қилиш ҳақидаги Ўзбекистоннинг сўровига рад жавоби бериш ҳақида қарор чиқарди” – деди адвокат.

Марина Морозовага кўра, Жўраев ҳибсдан озод этилгани заҳоти милиция ходимлари уни изоляторда ушлаб, зудлик билан миграция идорасига олиб кетишган. Унга Россия ҳудудида қонуний рўйхатдан ўтмай яшаб юрганлик айби қўйилган. Шундан сўнг, Мешанский туман суди Яшин Жўраевни маъмурий жавобгарликка тортиш ва уни мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Фуқаровий кўмак” қўмитаси фаоллари Мешанский суди қарори юзасидан Москва шаҳар судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишган. “Шаҳар суди Жўраев фойдасига ҳукм чиқарди”, - дейди Жўраевнинг адвокати Марина Морозова:

“Кеча Москва шаҳар суди шикоятимизни тўғри деб топиб Мешанский туман суди қарорини бекор қилди”.

Ўтган ҳафтада Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди Ўзбекистон фуқароси Яшин Жўраевнинг Россиядан ўз ватанига мажбуран чиқариб юборилиши жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

“Фуқаровий қўмак” ташкилоти вакили Елена Рябинина Москва шаҳар судининг аввалги суд ҳукмини бекор қилишида Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари суди катта рол ўйнаганини айтди:

“Менимча, бундай қарор қабул қилинишида Европа суди чиқарган қарор муҳим рол ўйнади. Холбуки, Мешанский туман суди Россиянинг қатор қонунларини бузган ҳолда Жўраевни мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарган эди” – дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Рябинина Яшин Жўраев ҳибсдан озод қилинганига қарамай, у хавфсизлик ходимлари томонидан ўғирлаб кетилиши мумкинлигини чунки аввал бундай воқеалар рўй берганини айтди:

“Ҳозирда бизни Жўраевнинг хавфсизлиги масаласи ташвишга солмоқда. Россия Федерацияси экстрадиция қилишни рад этганига қарамай, Ўзбекистон томони бундан манфаатдор бўлган кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ўғирлаб кетилгани воқеаларидан биз яхши хабардормиз” – деди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Шундай таҳдид бор экан Яшин Жўраев бундан буён Россияда қандай қилиб яшаши мумкин, деган саволга:

“Мен башорат қилмоқчи эмасман. Аммо биз ҳозир Жўраевнинг Россияда қолиши ёки қолмаслиги масаласини муҳокама қиляпмиз. Бу биз учун муҳим энг муҳим масала бўлиб турибди” – дейди “Фуқаровий кўмак” қўмитаси вакили Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG