Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:38

Чегаралардаги коррупция – энг катта таҳдид


МДҲ куч ишлатар тизимлари Марказий Осиёда турли таҳдидлар ортиб бораётганидан огоҳлантирмоқда. Сўнгги икки кун ичида икки йирик амалдор ана шундай таҳдидлар ҳақида гапирди.

МДҲ мамлакатлари чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг Остонада 12 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишида кенгаш ишини мувофиқлаштириш хизмати раиси Алекандр Манилов Ҳамдўстликнинг умумий чегарасига яқин келажакда ҳеч қандай таҳдид йўқлигини айтса-да, чегаралардаги қонунбузарликлар сони ортганини яшириб ўтирмади. Россия Федерал хавфсизлик хизмати генерал-лейтенанти бўлган А.Манилов марказий осиёлик ноқонуний мигрантлар сони кескин ортгани ҳақида гапирди ва уларнинг айримлари террорчи бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у Афғонистондан наркотик моддаларни олиб ўтишга уриниш ҳолатлари ҳам кескин ортганини маълум қилди.

13 сентябрь куни эса МДҲ аксилтеррор маркази раҳбари Андрей Новиков халқаро террорчи ташкилотлар Марказий Осиёдаги уран конларига кириш имкониятларини қидираётганини билдирди.

“Наркотиклар, чегаралараро жиноятчилик, терроризм барча давлатларга таҳдид солади, фақат МДҲ аъзоларига эмас, - дейди москвалик таҳлилчи Владимир Мухин. - Лекин Марказий Осиё давлатлари бу таҳдидларни самарали ҳал эта бошлашига чегара билан боғлиқ ҳали анча муаммолар тўсиқ бўлаётир. СССР тарқаб кетишига қадар республикалар ўртасидаги чегаралар маъмурий бўлган. Эндиликда улар давлат чегаралари мақомини ола бошлаяпти. Чегарани аниқлаш бўйича жуда кўп мунозарали масалалар бор. Ўзбекистон чегараларининг бир қисмини миналаштиргани қўшниларига ёқмаяпти”.

Остонага йиғилган раҳбар чегарачилар ўзлари жиддий деб айтаётган таҳдидларни бартараф этиш учун коррупцияни йўқотиш кераклигини эсга ҳам олмади. Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев масалага бундай ёндашув анжуманнинг ҳақиқий маънодаги хавфсизликни таъминлашга қаратилмаганидан далолат эканини айтади.

“Чегарадаги коррупция даражасининг юқорилиги Марказий Осиёни наркотикларни олиб ўтиш учун қулай ҳудудга айлантирмоқда. Коррупция сабабли ноқонуний миграция оқими осонлик билан барча чегаралардан ўтади”, - дейди Дўсим Сатпаев.

МДҲ, хусусан, Марказий Осиё минтақасида чегарадаги хавфсизлик, терроризмга қарши кураш масалалари билан миллий куч ишлатар тизимлар, хавфсизлик идораларидан ташқари бир қанча халқаро ташкилотлар ҳам шуғулланади. Россия эса мазкур ҳаракатларнинг мувофиқлаштирувчиси ролини бажаради. Нафақат ўзининг хавфсизлигини таъминлаш, балки сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлаб, албатта.

“Минтақадаги энг асосий таҳдид борасида эса Ғарб давлатлари яхши хабардор. Улар чегара муаммолари асосий таҳдид эмаслигини аниқ билади. Асосий таҳдид минтақа давлатларидаги сиёсий беқарорлик, ҳокимиятнинг бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши жараёнидир”, - дейди Дўсим Сатпаев.
XS
SM
MD
LG