Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:22

Қурманбек Бақиев Ахси фожеаларида айбланмоқда


Қирғизистон парламентининг Ахси воқеаларини ўрганиш бўйича махсус комиссияси президент Қурманбек Бақиевни инсон ҳуқуқларини бузгани учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кун тартибига қўйди.

Комиссия раҳбари Давронбек Садирбоев парламентда 2002 йилда содир бўлган Ахси воқеалари бўйича хулосаларни эълон қилди. Хулосада мамлакат Бош прокуратурасига 32 нафар давлат амалдорига нисбатан жиноят иши очиш таклиф этилади. Қолган уч нафар олий мартабали амалдор тақдирини эса мамлакат парламенти ҳал этиши лозим.

“Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаевдан, амалдаги президент Қурманбек Бақиевдан, Олий суд раиси Қурманбек Осмоновдан дахлсизлик мақоми олиб ташлансин. Уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи парламент кун тартибига киритилиб, овоз бериш йўли билан ҳал этилсин”, - дея таклиф киритди Давронбек Садирбоев.

Парламент комиссияси бу уч шахсни фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи, тинч намойишлар ўтказиш ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини бузганликда айбламоқда.

Д.Садирбоев ўша пайтда бош вазир лавозимида бўлган амалдаги президент ахсилик намойишчиларга қарши ўқ узилишига асос бўлган қарорни имзолаганини маълум қилди.

“Ҳурматли Қурманбек Солиевич, 2002 йил 17 мартда ўтказилган ҳукумат мажлисининг “Тайфун” ва “Бўрон” амалиётларига рухсат бериш тўғрисидаги қарорини сиз имзолагансиз. Бу ҳужжатларда аниқ акс этган”, - деди Д.Садирбоев.

Ахси фожеасидан кейин Қ.Бақиев истеъфога кетган ва Асқар Ақаевнинг Ахси воқеасидаги сиёсатига норозилик сифатида шундай қарорга келганини билдирган. Бироқ Д.Садирбоев Қ.Бақиев эндиликда собиқ президентнинг қатъий талаби билан истеъфо беришга мажбур бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, парламент комиссияси яна 35 амалдорнинг рўйхати юридик меъёрлар сақланган ҳолда халқаро судлов тизимига топширилишини таклиф қилди.

Мазкур комиссия ҳисоботи икки соат давомида ўқиб эшиттирилди. Ҳисоботдан сўнг мунозаралар бўлгани йўқ. Депутатлар бу масала юзасидан аниқ қарор қабул қилишни душанба кунига қолдирди.

Ахси фожеаси айбдорларини жиноий жавобгарликка тортиш масаласи 2002 йилдан бери ҳал қилинмай келаётган муаммодир.

Парламентнинг бу борадаги махсус текшируви беш йилдан бери давом этиб келаётган можарога нуқта қўядими?

“Ахси воқеасига нуқта қўйилмайди. Ҳукумат бир амаллаб 2010 йилдаги сайловга етиб олсак бўлди, қабилидаги фикрда. Бу сайловгача айбдорлар айбсизлигича қолаверади. 2010 йилдаги сайловда ҳукумат тепасига ким келишига қараб бу можаро ҳал бўлади ёки аввалгидай ҳал этилмай қолаверади”, - дейди депутат Азимбек Бекназаров.

Бироқ Қирғизистон бош прокурори Элмурза Сотиболдиев Ахси ишига нуқта қўйиладиган вақт келганини айтди.

“Мен раҳбарлик қилаётган ташкилот Ахси ишига нуқта қўйилишидан манфаатдор. Мен бу ишни охирига етказаман, деб парламентга ваъда берганман”, - деди Элмурза Сотиболдиев.

Айни пайтда бош прокурор президент Қ.Бақиев Ахси фожеаси содир этилишида на маънан ва на юридик жиҳатдан айбдор эмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG