Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:25

“Арсенал” Алишер Усмоновники бўлишни истамаётир


Англиянинг “Арсенал” футбол клуби россиялик миллиардер Алишер Усмоновга сотилишни хоҳламаяпти. Клуб раҳбари Питер Ҳилл-Вуд миллиардер бойлигини ҳалол топганига шубҳа билдираётир.

Ҳозир А.Усмонов ихтиёрида “Арсенал”нинг 21 фоиз акцияси бор. Питер Ҳилл-Вуд Ўзбекистоннинг иқтисоди аянчли бўлиб турган бир пайтда А.Усмонов орттирган бунақа молу дунёнинг келиб чиқиши шубҳали экани, миллиардернинг клуб соҳиби бўлишига қаршилигини маълум қилди.

“Жамоа раҳбари клубнинг келажаги ва унинг соҳиби бўлишига интилаётган айрим шахслар ҳақидаги ўз фикрини аниқ ва равшан ифодалади. У клубнинг соҳиби А.Усмонов эмас, балки америкалик бизнесмен Стэн Кронке бўлишини хоҳлаётир”, - деди “Арсенал” клуби расмийларидан бири.

“Арсенал” раҳбариятининг бу баёноти А.Усмоновнинг Ўзбекистондаги мустабид режим билан яқин алоқаси бўлгани ва у, асосан, қароқчилик ва коррупция эвазига мол-дунё орттиргани ҳақида Интернетда босилган мақолалар ортидан янгради. Кейинчалик бу мақолаларни босган Буюк Британиядаги веб-блоглар, жумладан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррейга тегишли сайт туҳмат айби билан А.Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган фирмалар талаби билан ёпиб қўйилди.

Буюк Британияда яшаётган ўзбекистонлик таҳлилчи, Лондон университети тадқиқотчиси Алишер Илҳомовнинг таъкидлашича, айрим сайтларнинг бу тарзда ёпиб қўйилиши “Арсенал” жамоаси раҳбариятининг А.Усмоновга нисбатан муносабати салбий томонга ўзгаришига сабаб бўлган.

“А.Усмонов “Арсенал”нинг 21 фоиз акциясини қўлга киритган пайтда жамоа раҳбарияти, қолаверса, Буюкк Британия жамоатчилиги томонидан бундай кескин муносабат бўлмаган эди. Менимча, Крейг Мюррейнинг А.Усмонов ҳақида ёзган мақоласи билан боғлиқ жанжал оловга мой пуркагандек бўлди”, - дейди А.Илҳомов.

Собиқ элчи ўз мақоласида А.Усмонов ўзбек гази назоратини қўлга киритиш учун Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг томоғини мойлагани ҳақида ёзади.

“Усмонов “Газпроминвестхолдинг” раиси сифатида “Газпром” номидан собиқ иттифоқ давлатлари билан сиёсий муносабатларга масъул. Аниқроқ айтсак, Усмонов Россия сиёсий манфаатлари учун собиқ иттифоқ мулозимларини порага сотиб олиш билан шуғулланади. Масалан, Ўзбекистон газ захираларининг “Газпром” қўлига ўтиши айнан Усмонов туфайли амалга ошди”, - деган эди К.Мюррей “Озодлик” мухбирига.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов сўзларига кўра, А.Усмонов ўзи ҳақидаги мақолаларга улар эълон қилинган сайтларни ёпиш билан жавоб қайтаргани у ва унинг бойликлари ҳақидаги шубҳаларни янада кучайтириб юборган. Шунинг учун “Арсенал” раҳбарияти клуб обрўсини сақлаб қолиш учун А.Усмонов таклиф этаётган пулдан воз кечишга тайёр.

Асли Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов “Forbes” журнали томонидан тузилган Россиянинг 100 та энг бой одами рўйхатига кирган ишбилармон. У Россиядаги бадавлат инсонларнинг 18-си, жаҳондаги энг бой одамларнинг 278-сидир. А.Усмоновнинг шахсий мол-дунёси 5 миллиард 600 миллион долларни ташкил этиши айтилади. У ҳозир “Газпром” тасарруфидаги “Газпроминвестхолдинг” компанияси бош директоридир.
XS
SM
MD
LG