Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ўзбекистон президенти хотин-қизлардан бўлиши мумкин...ми?


Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган 5 партиядан бири – “Адолат” социал демократик партияси пленуми партия сиёсий кенгаши биринчи котиби Дилором Тошмуҳаммедова номзодини президентликка номзод этиб кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Хўш, “Адолат” социал демократик партияси бошқа 4 партиядан нимаси билан фарқланадию, унинг лидери, номзоди президентликка кўрсатилиши кутилаётган Дилором Тошмуҳаммедова ким?

Ўзбекистон радиоси сиёсий шарҳловчиси Шарофиддин Тўлагановнинг айтишича, партия 1994 йилда ташкил этилиб, 1995 йил бошларида расмий рўйхатдан ўтган.

“Партиянинг асосий мақсади Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, демократик тамойилларга асосланган, янги ижтимоий муносабатлар қарор топган адолатли фуқаролик жамияти қуришдан иборат. Номидан келиб чиқилса, у сўлчи партия бўлиши керак. Лекин 2004 йилги парламент сайловидан кейин “адолатчилар” либераллар билан бир форумга қўшилган эди”, - дейди Ш.Тўлаганов.

Хуллас, номига қараганда, “Адолат” сўлчи, тутумига қараганда ўнгчи, йўналиши тушунарсизроқ партия бўлиб чиқяпти.

Мазкур партия аъзоси, қашқадарёлик Абдуқаҳҳор Аҳмедов Ўзбекистон ТВси мухбири билан мулоқот чоғида Дилором Тошмуҳаммедовага баҳо берар экан: “У киши жуда камтар, оддий, талабчан. Айниқса, фракция раҳбари сифатида жуда кўп қонунларни қабул қилишда фаоллиги сезилиб турди”, - деди.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов эса Д.Тошмуҳаммедова Тошкентдаги йирик фармацевтика компанияларидан бирининг асосчиси ва ҳозирда норасмий хўжайини эканини билдирди.

“Д.Тошмуҳаммедова 1962 йили туғилган, тиббиёт фанлари номзоди, 4 фарзанднинг онаси, “Адолат”га лидер бўлгунича илмий ва педагогик фаолият билан, сўнгра тадбиркорлик билан шуғулланган. Умуман, сиёсатда тасодифий одам”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

У Д.Тошмуҳаммедова ҳам, агар номзоди кўрсатилгудай бўлса, бошқа партиялар лидерлари ҳам сайловда тўлақонли иштирок этмаслигини, қўғирчоқ вазифасини ўташини, аввалги президент сайловидаги номзод Абдулҳафиз Жалоловдай, балки ундан-да бадтар бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Энди Д.Тошмуҳаммедова номзодини партиянинг яқин кунларда бўлиб ўтадиган қурултойи тасдиқлаши керак.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг президент сайлови, деган оғир карвони секин-аста йўлга туша бошлаганга ўхшайди.

Норасмий манбалардан олинган хабарларга қараганда, Ўзбекистондаги яна бир расмий партия – “Фидокорлар” партияси ҳам ўзининг сайловолди тадбирини ўтказди. Мазкур тадбирнинг шаклу шамойили, унинг кун тартиби тўғрисида маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Сайлов мавзуида яна бир янгилик. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси 29 сентябрь куни тарқатган баёнотда айтилишича, Марказий сайлов комиссияси оддий сайловчиларнинг талаб ва истакларига лоқайдлик билан қарамоқда. МСК сайловолди кампаниясини ўтказиш бўйича ўз зиммасидаги вазифаларни бажармаётгани айтилади баёнотда.
XS
SM
MD
LG