Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:20

Владимир Норов Тожикистонни огоҳлантирди


Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида маъруза қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов давлатларни сув-энергетика захираларидан оқилона фойдаланишга чақирди ва бу масала зиддиятли вазиятни туғдириши мумкинлиги борасида огоҳлантирди.

Маърузасининг асосий қисмини сув-энергетика захиралари тақсимотига бағишлаган В.Норов алоҳида бир давлатни тилга олмаган эса-да, Тожикистон ва унинг Роғун ГЭСни қуриш режасига ишора қилаётгани максимал даражада тушунарли бўлди.

“Ўзбекистон чегаралардан ўтувчи дарёлар сувидан фойдаланиш, шу жумладан, гидроэнергетика иншоотларини қуриш бўйича барча режалар экологияга мутлақо зарар етказмаслиги ҳамда қўшни давлатлар аҳолиси манфаатларини камситмаслиги керак, деб ҳисоблайди”, – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Ўзбекистон томони чегаралараро дарёлардан БМТ конвенциялари талабларига мувофиқ фойдаланиш лозимлигини уқтириб, дарё сувларидан нотўғри фойдаланиш туфайли етказилган зарарни қоплаш шартлигини эслатди.

“Марказий Осиёда гидроэнергетика иншоотларини барпо этиш чоғида бу талабларга қатъиян риоя этилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Бундай лойиҳаларда иштирок этишни ният қилган сармоядор давлатларга ҳам мана шу шартлар ҳақида эслатиб қўймоқчимиз”, – деди Владимир Норов.

Тожикистон томони ҳам расмий Тошкентнинг баёнотига муносабатини БМТ Бош ассамблеяси минбаридан туриб билдирди. Тожикистон ўзининг ривожланиш ҳуқуқига таяниб, ўз гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун сув омборлари ва тўғонлар қуришга ҳақли эканини маълум қилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назриев Роғун ГЭСнинг қурилиши аллақачон ҳал этилган масала эканини айтиб, унинг қўшни давлатлар учун афзалликлари борлигини таъкидлади.

“Бу лойиҳалар, хусусан, Роғун ГЭСни қуриш лойиҳаси Тошкентда тайёрланган. Бу ҳақда ҳамма билади. Бугунга келиб Роғун атрофида нима сабабдан шов-шув кўтарилаётганини тушунмаяпман. Роғун ГЭС ишга тушгандан сўнг қўшни Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудидаги қўшимча 3 миллион гектардан ошиқ майдон сув билан таъминланади”, – деди Давлат Назриев.

БМТ Бош ассамлеяси ташкилотга аъзо 192 давлат вакилларининг ўзига хос форуми бўлиб, унда ҳар бир давлат ўзи ва бутун дунё учун энг долзарб муаммоларни кўтариб чиқади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов нуфузли минбардан қўшни давлатларни сувдан биргаликда оқилона фойдаланмасликнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириш учун фойдаланди. Бу муаммо эса СССР тарқаб кетгандан кейин авж олиб, бугунги кунгача ечимини топа олмаётир.

Сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибов бунинг сабабларини сиёсий ироданинг етишмаслиги билан изоҳлайди.

“90-йилларда ижобий ечимлар топилган эди. Афсуски, бу жараён узилди. Биз кўп масалаларни ҳал этишга қодирмиз, лекин бунинг учун сиёсий ирода керак. Сиёсий ирода мавжуд бўлмагани учун ўйлаб топилган йўл БМТ бўляпти. Лекин БМТ бундай талабларни эътиборга ҳам олмайди”, - деди Ф.Толибов.

Сув захиралари тақсимоти борасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ушбу даҳанаки тортишув 5 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтадиган МДҲ мамлакатлари раҳбарлари саммитидан аввал кузатилмоқда. Афтидан, бу масала Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги ўзаро учрашувда ҳам етакчилик қилади.
XS
SM
MD
LG