Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:16

Яна бир халқаро ташкилот ЕИни Ўзбекистонга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди


Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Christian Solidarity Worldwide” гуруҳи Европа Иттифоқини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазиятни тан олишга чақирди.

Инсон ҳуқуқлари ва дин эркинлиги учун курашувчи бу ташкилот чақириғи ЕИ Ўзбекистонга жорий этган санкциялари масаласини муҳокама этиши олдидан янгради. ЕИ ташқи ишлар вазирларининг 15 октябрда Люксембургда бўладиган учрашувида Ўзбекистонга қарши санкциялар тақдири ҳал бўлади.

“Christian Solidarity Worldwide”нинг таъкидлашича, Ўзбекистонда фуқароларнинг эътиқод эркинлиги поймол этилаётгани ЕИ расмийлари назаридан четда қолмаслиги лозим.

Бу чақириққа диний эркинлик масалалари билан шуғулланувчи яна бир ташкилот – “Форум 18” ҳам қўшилди.

“Албатта, бу борада қандай қарор бериш ЕИ вазирларига ҳавола. Лекин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар вазияти яхши томонга ўзгармаяпти. Диндорларга нисбатан ҳукумат босимлари ортиб бормоқда”, - деди “Форум 18” гуруҳи вакили Феликс Корли.

ЕИ ташқи ишлар вазирларининг бу сафарги сессиясида Ўзбекистондан ташқари Мьянмага қарши жорий этилган санкциялар кучайтирилиши масаласи ҳам кўрилади. Шу боис, кўплаб халқаро гуруҳлар ЕИ Ўзбекистонга нисбатан Бирма каби давлатларга бўлгани каби мавқени тутиши кераклигини таъкидлаган.

“ЕИ тинч намойишчиларга куч қўллаган Мьянма режимига қарши санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама этмоқда, аммо худди шунга ўхшаш воқеа кузатилган Ўзбекистонга нисбатан тузилмада қатъийлик етишмаяпти”, - дейди “Christian Solidarity Worldwide” раҳбари Мервин Томас.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг ЕИ билан алоқалар бўлими раҳбари Эндрю Штрохлин фикрича, Ўзбекистонга қарши санкциялар самара бериши учун у кучайтирилиши лозим.

“Бошдан ЕИга кириши маън этилган ўзбек расмийлари рўйхатига Ислом Каримов номи тушириб қолдирилди. Ҳолбуки, Ўзбекистондек давлатда президент тасдиғисиз бирор иш қилинмаслиги ойдек равшан. Шу боис, бу рўйхатда Ислом Каримов номи биринчи туриши керак эди”, - деди Эндрю Штрохлин.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам ЕИ талабини бажармаётган Ўзбекистонга нисбатан санкциялар кучайтирилиши тарафдори.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Вероника Санта Голдстоннинг айтишича, жорий санкциялар рамзий бўлса ҳам у Ўзбекистон ҳукуматини ташвишлантиради. Чунки Каримов ҳукумати халқаро майдонда обрўси тушишига бефарқ эмас.

“Албатта, Ўзбекистон ҳукумати санкциялар олиб ташланишини хоҳлайди. Бу май ойида ЕИ санкциялар муддатини узайтирган пайтда ҳукуматнинг жаҳлдор муносабатида ҳам кўринди. Ўшанда ЕИ инсон ҳуқуқлари борасида принципиал позицияда эканини намоён этганди”, - дейди Санта Голдстон.

Айни пайтда ЕИ ичида ҳам Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар борада қарашлар бўлинган. Буюк Британия, Швеция, Нидерландия ва Ирландия инсон ҳуқуқлари борасида жиддий ўсиш кузатилмаётган бир пайтда санкциялар енгиллаштирилишига қарши чиқмоқда. ЕИга раислик қилаётган Португалия ва ушбу тузилмага ундан олдин раҳбарлик қилган Германия эса иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси самара беради, деган ишончда ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик лозимлигига урғу бераётир.

“Christian Solidarity Worldwide” эса ЕИ ва ЕХҲТни диний эркинликлар борасида қатъий позиция эгаллашга чақирди.

ҲРУ вакиласи Вероника Санта Голдстоннинг таъкидлашича, унинг ташкилоти мулоқотга қарши эмас. Аммо ташкилот мулоқот фақат номига бўлиши тарафдори ҳам эмас.

“Бизнингча, ЕИ ўз сиёсатини алоҳида олинган ҳолатлар билан боғлаб олиб бориши керак. Масалан, май ойида бўлган муҳокамаларда ЕИ вазирлари биринчи бор ўз баёнотида инсон ҳуқуқлари фаолларининг озод этилишини талаб этди ва санкциялар билан боғлиқ сиёсатини алоҳида олинган номлар билан боғлади”, - деди Вероника Санта Голдстон.
XS
SM
MD
LG