Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:14

Зотдор отга айланган орден ёки “ҳурматли ёшулли” Тошкентга отлиқ бўлиб қайтди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 18-19 октябрь кунлари Туркманистонга қилган давлат ташрифи тафсилотлари ҳар икки мамлакат оммавий ахборот воситаларида ошиб-тошиб ёритилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг ёзишича, Туркманистон президенти ўз меҳмонига нафақат “Ҳурматли эл ёшуллиси” унвони, балки зотдор от ҳам совға қилган ва бу “Туркманистон раҳбарияти ва халқининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга, ўзбек халқига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромининг амалий ифодасидир”.

ЎзА бундай саховатга жавобан меҳмон ҳам Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедовга “Буюк хизматлари учун” орденини топширганини маълум қилди.

Хўш, Сапармурод Ниёзов вафотидан сўнг ҳокимиятни қўлга олганига 10 ой бўлган Қ.Бердимуҳаммедов Ўзбекистон ва ўзбек халқи учун қандай буюк хизматлар қилиб улгурди экан?

Айни пайтда бу ва ундан туғиладиган бошқа саволларга турли мулоҳазалар билдирилмоқда.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига кўра, И.Каримов ўзининг шарафига берилган зиёфатда Қ.Бердимуҳаммедов тимсолида ўзига ишончли дўст топганини таъкидлаган.

“И.Каримов уни сийраклашиб қолган дўстлари сафига қўшишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу ҳаракат замирида икки давлат хавфсизлик кучларининг ўзгача фикрловчиларга қарши курашини мувофиқлаштириш ва ўзаро сиëсатни “сенинг душманинг менинг душманимдир” қабилидаги асосда қуриш ғарази ётибди”, - дейди О.Орипов.

Россиялик шарҳловчиси Аркадий Дубнов каби мустақил кузатувчилар И.Каримовнинг Қ.Бердимуҳаммедов билан муносабатларни яхшилаш учун қилаëтган бундай уринишлари ортида Ашхободнинг Тошкентга нисбатан шубҳасини йўқ қилиш истаги ҳам ëтганини айтмоқда.


“Бу шубҳа эса Ашхободнинг 2004 йил ноябрда марҳум С.Ниëзовга суиқасд қилишга уринишда айбланган Борис Шихмуродовни Каримов режими қўллаб-қувватлагани ҳақидаги айбловга бориб тақалади”, - дейди А.Дубнов.

Ўшанда С.Ниёзов “ўзбек халқида гуноҳ йўқ”лиги, Ўзбекистон раҳбарияти унга суиқасд қилиш ниятдаги “террорчи Шихмуродовни ўз сарҳадлари орқали Туркманистонга ўтказиб юборгани”ни даъво қилганди.

О.Орипов ва А.Дубновнинг таъкидлашича, афтидан С.Ниëзовнинг бу даъвосида жон бор ва шу боис, И.Каримов Ашхободнинг янги раҳбарига бошданоқ садоқатини ифода қилаëтир. Қ.Бердимуҳамедовни қилмаган хизматлари учун тақдирлаш айни шундан даракдир.

Ўзбекистон президенти сайловида мустақил номзод сифатида қатнашишга уринишлари маҳаллий ҳокимият томонидан йўққа чиқарилган хоразмлик профессор Суҳбат Абдуллаев И.Каримовнинг Қ.Бердимуҳаммедовга хушомадомуз такаллуфлари ортида Туркманистон ва унинг янги раҳбари минтақадаги янги кучга айланганини тан олиш мажбурияти ëтганини айтади.

Унинг айтишича, Ғарбу Шарқнинг туркман газига ошиқлик касалига йўлиққани Қ.Бердимуҳаммедов обрўси анча кўтарилишига сабаб бўлган.




Аркадий Дубнов ҳам янги газ лойиҳалари ва ундан келадиган сиëсий- молиявий манфаат Ашхобод ва Тошкент ўртасидаги илиқлашувни тақозо қилаëтган асосий омил эканини айта туриб, икки режим ўртасидаги яқинлашув анча кечикиб, Қ.Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келганидан 10 ой ўтиб бошланганини “таажжубли”, деб баҳолади.

Суҳбатдошларнинг барчаси И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов ўртасидаги дўстлик сифатида тақдим этилаëтган яқинликнинг икки халқ манфаатлари учун хизмат қилиш истиқболи борасида анча тушкун фикр билдирди.

Уларнинг билдиришича, икки давлатда ҳам сиëсий тузум, сиëсий иқлим моҳияти ўзгармас экан, ҳукмдорларнинг ўзаро яхши муносабати, асосан, уларнинг манфаатигагина хизмат қилиш билан чекланиб қолаверди.
XS
SM
MD
LG