Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

АҚШ Эронга қарши кескин санкциялар жорий этди


25 октябрь куни АҚШ Эрон режимига қарши кескин санкциялар жорий қилди. Бу 1979 йилги Эрон исломий инқилоби даврида АҚШ элчихонасининг гаровга олиниши муносабати билан киритилган жазо чораларидан бери кузатилган энг кескин санкциялардир.

Оқ уйнинг бу қадами расмий Вашингтон Эронни Яқин Шарқдаги террорчиликни қўллаб-қувватлаëтган, ядровий қуролга эга бўлиш уринишларидан қолмаëтган хавфли давлат, деб билишини яна бир бор очиқ кўрсатди.

АҚШ молия вазири Ҳенри Паулсон билан қўшма матбуот анжумани ўтказган давлат котиби Кондолиза Райс Теҳрон режимини террорчиликни қўллаш ва ядровий қуролга эга бўлиш даъвосидан музокаралар воситасида воз кечтириш уринишлари самарасиз қолганини маълум қилди.

К.Райс АҚШ маъмурияти Эрон Мудофаа вазирлиги, мамлакат армиясининг элита қисми бўлмиш Ислом инқилоби посбонлари корпуси ҳамда террорчилар фаолиятини молиялаштирганликда айбланаëтган уч банкка нисбатан кескин санкциялар жорий қилишга мажбур бўлганини билдирди.

“Эрон Мудофаа вазирлиги ва Инқилоб посбонлари корпуси қуролланишни ва террорчиларни қўллаб-қувватлаëтгани сабабли АҚШ уларни АҚШ қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ террорчи гуруҳлар рўйхатига қўшди”,- деди К.Райс.

Молия вазири Ҳенри Паулсоннинг таъкидлашича, Эрондаги молия тизимларига қарши санкция жорий қилиш террорчиларни қўллаб-қувватлаëтган тармоқларга зарба беришга қаратилган.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига хилоф равишда Эрон режимининг ядровий ва баллистик қуролларга эга бўлишга уринаëтгани бу режимнинг халқаро тижорат ва молия тизимлари билан ҳамкорлигига боғлиқ. Эрон халқаро молия тизимлари орқали террорчиларга йилига юз миллионлаб доллар маблағ юборади”, - деди АҚШ молия вазири.

К.Райс сўзларига кўра, санкциялар Американинг бирор фуқароси ëки хусусий ташкилоти жазо рўйхатига киритилган шахс ва гуруҳлар билан молиявий олди-бердига киришиши тақиқланганини англатади. Бундан ташқари, мазкур гуруҳ ва шахсларнинг бутун мол-мулки музлатилади. Бу санкциялар халқаро молия тизимларини Эрон ҳукуматининг “ноқонуний хатти-ҳаракатлари”га аралашишдан ҳимоя қилишга қаратилган.

АҚШ расмийлари бу санкциялар Эрон халқига қарши эмаслигини алоҳида таъкидлади.

“Биз, Америкадагиларнинг сиз билан ҳеч қандай можаромиз йўқ. Биз сизнинг ўз қадру қимматингизни кўтаришингизни, жумладан, тинч мақсадларда ядровий энергияга эга бўлишда тўлиқ имконларга эга бўлишингизни истаймиз. Умид қиламизки, ҳукуматингиз биз ва халқаро жамоатчилик таклиф этаëтган ҳамкорлик йўлига қадам босади”,- деди К.Райс.
XS
SM
MD
LG