Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:01

“Воевода” заҳарли изларини энди Ўзбекистон тупроғида ҳам қолдиради


Тошкентга келган Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасидан “RS-20” (“Воевода”) ракеталари қолдиқлари тушадиган ҳудуд сифатида фойдаланиш масаласини муҳокама этди.

Россия мудофаа вазири матбуот котиби Алексей Кузнецовнинг айтишича, “RS-20” ракетасидан “Теос” сунъий йўлдошини ер орбитасига олиб чиқишда фойдаланилади.

Россиялик ҳарбий эксперт Александр Голц сўзларига кўра, шу йил декабрь ойида Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромидан учирилиши кўзда тутилган “RS-20” ракетаси анча эскирган.

“Ўнта жанговар каллак ўрнатиладиган бу оғир ракета анча эскирган. У ўта заҳарли суюқ ёқилғида учади. Унинг экологияга зарари жуда катта. Шунинг учун Россия ракета қолдиқлари тушадиган ҳудуд масаласида Қозоғистон билан келиша олмаган. Қолаверса, ракета ҳавога ўта заҳарли газлар чиқаради”,- дейди Александр Голц.

А.Сердюковнинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштироки, жумладан, мазкур тузилманинг шу ой аввалида Душанбеда ўтган саммитида эришилган келишувлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Россия мудофаа вазирини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам қабул қилиб, унинг ташрифини юқори баҳолади.

“Сизнинг бу ташрифингиз Ўзбекистонда мамлакатларимиз мудофаа вазирлари ўртасидаги муносабатлар ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганининг яна бир тасдиғи сифатида кўрилмоқда. Бу муносабатлар ривожига Россия ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик шартномаси имзоланиши катта туртки бўлган эди”,- деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон КХШТга иштирокини ўтган йили қайта тиклаган ва Тошкент Россия билан тезкор разведка маълумотлари алмашиш борасида ҳамкорлик қилиб келади. Шунингдек, КХШТдаги иштироки Ўзбекистонга Россиядан арзон нархларда қурол сотиб олиш имконларини ҳам очади.

Россиялик журналист Аркадий Дубнов А.Сердюковнинг ўзбекистонлик ҳамкасби Руслан Мирзаев билан учрашувида расмий Тошкентнинг Россиядан ҳарбий техника ва қурол-яроғни имтиёзли нархларда сотиб олиши масаласи ҳам муҳокама этилганини эҳтимолдан соқит қилмайди.

“Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол-яроғ сотилишига эмбарго эълон қилган. Шундай экан, Ўзбекистон учун сифатли ва арзон қурол-аслаҳа етказиб бериши мумкин бўлган давлат Россия бўлиб қолмоқда”,- дейди А.Дубнов.

Хабарларга кўра, Россия мудофаа вазирининг Ўзбекистонга сафари чоғида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг 2008 йилга мўлжалланган режаси тасдиқланган.

Ҳафта охирида Тошкент Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бош вазирлари йиғинига мезбонлик қилади. Айни шу куни Россия бош вазири Виктор Зубков ҳам Ўзбекистонга келади.
XS
SM
MD
LG