Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:30

Сиёсий қочқинлар оилаларига тазйиқлар


Маҳаллий маъмурларнинг таъқиб-тазйиқларига чидамай, қамалиб кетиш хавфидан қочиб мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлган мустақил журналист Алишер Таксановнинг яқинлари тазйиқлар остида яшамоқда.

Бу ҳақдаги хабарда айтилишича, куни-кеча А.Таксановнинг опаси уйига икки милиция ходими бостириб кириб, бир неча соат давомида унинг холасини сўроқ қилган. Босимга чидай олмаган холанинг асаблари қаттиқ қақшаб, юраги ушлаб қолган.

Аввалроқ эса А.Таксановнинг опаси Тамила икки марта Бош прокуратурага чақиртирилган ва унга укасига қарши ишлатилиши мумкин бўлган қоғозларни имзолайсан, деб босим ўтказилган.

А.Таксанов каби ватанини тарк этган ўзбекистонлик бошқа сиёсий қочқинларнинг ҳам юртидаги таниш-билишларидан кўнгли тинчми?

Бу масалани ўрганиш юзасидан боғланганимиз сиёсий қочқинларнинг гапларидан ҳосил бўладиган биринчи таассурот “йўқ”, дейишга асос бўла олади.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси марказий кенгаши аъзоси, сиёсий қочқин Акбаржон Орипов хорижга кетганидан бери ватанда қолган яқинларига нисбатан таъқиб-тазйиқлар бўлганини сезмаганини билдирди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, сиёсий қочқин Толиб Ёқубов эса: “Келганимга бир йилдан ошди. Менинг деярли ҳамма қариндошларим, аёлим, фарзандларим Ўзбекистонда қолган. Лекин, худога шукур, шу пайтгача бирортасига нисбатан тазйиқ бўлган эмас”,- деди.

Таниқли уламо, сиёсий қочқин Обидхон қори Назаровнинг жавоби эса мавҳумроқ бўлди.

“Ташвиш ҳар доим бор. Лекин ҳозир бу нарса тўғрисида гапирмоқчи эмасман”,- деди Обидхон қори.

Бу мавҳумлик сабабини, Акбаржон Ориповнинг фикрича, ҳукуматнинг “сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, деган сиёсатидан излаш керак.

Ўзбекистонда мамлакат ичида юрганлар ҳам агар ҳукуматга тааллуқли ишларга, сиёсатга аралашилмаса, ортиқча таъқиб қилавермайди.

“Лекин ҳукуматнинг назарида ижтимоий хавфли ҳисобланадиган қатлам – инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар аъзолари борки, улар доимий назоратда туради”,- дейди Акбаржон Орипов.

Сутдан оғзи куйгани учун қатиқни ҳам пуфлаб ичаётган яна бир ўзбекистонлик сиёсий қочқин исмини айтмаслик, овозини эшиттирмаслик шарти билан ўғлининг қийноққа солингани тўғрисида айтиб берди.

Айтишича, Ўзбекистондан қочиб чиққанидан кейин суҳбатдош бир йиғилишда қилган чиқишидан сўнг ўғли мелисахонага олиб борилиб сўроқ қилинган, противогаз кийдирилиб, қийноққа солинган. Отангни чақиртирасан, деб талаб қилинган.

Умуман, Ўзбекистон маъмурларининг қочқинларни мамлакатга қайтариш учун уларнинг яқинларига тазйиқ ўтказаётгани тўғрисидаги маълумотлар кўп.

“Сиёсий қочқинларнинг ватанда қолган оила аъзолари, қариндош-уруғларига тазйиқ ўтказишнинг усуллари кўп, масалан, руҳий тазйиқлар,- дейди сиёсий қочқинлардан яна бири Ғафуржон Йўлдошев. - Руҳий тазйиқ, балки мелисахонага олиб бориб противогаз кийдиришдан ҳам ёмон”.

“Ватан хоинлари”, “халқ душманлари”, деган тушунчалар тўғрисида кўпроқ маълумот билишни истаганлар Ўзбекистоннинг СССР даврига, Сталин даврига мурожаат қилсин.
XS
SM
MD
LG