Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:06

Россия ЕХҲТ кузатувчилари сонига чеклов белгилади


Россиядаги сўнгги парламент сайловини ЕХҲТ миссиясининг 400дан ошиқ вакили кузатган бўлса, 2 декабрга белгиланган навбатдаги сайловни кузатиш учун ташкилотга фақатгина 70 вакилини юборишга рухсат бериладиган бўлди.

ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловларни кузатиш халқаро миссияси шаънига кўп йиллардан бери билдириб келинган танқидлардан сўнг Москва ҳукумати бу миссиянинг Россияда парламент сайловини кузатиши мумкин бўлган аъзолари сонини ана шундай кескин қисқартирди. Кремлнинг бундай қарори халқаро майдонда жиддий танқидларга учрамоқда.

Бу қарор АҚШ давлат котибининг Евроосиë масалалари бўйича ëрдамчиси Николас Бернс томонидан ҳам танқид қилинди. Вашингтон расмийси Москванинг халқаро кузатувчилар сонини ЕХҲТ тарихида кўрилмаган тарзда бу каби қисқартириш қароридан қаттиқ афсусда эканини билдирди.

Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси матбуот котиби Урдур Гуннарсдотир ҳам Россиянинг бу қарори 55 давлат аъзо ЕХҲТ тарихида ҳозирга қадар кузатилмаган ҳол эканини айтади.




“Идорамиз ўз тарихида илк бора аъзо давлатнинг сайловни кузатиш миссиямизга чекловлар ўрнатганидан қаттиқ афсусда. Бу мисли кўрилмаган ҳодиса ва шу пайтга қадар бирор давлат бизни сайловларни кузатишга кескин чекловлар асосида таклиф қилмаган эди. Эндиликда биз бундай таклифни жиддий кўриб чиқиб, унинг ўз фаолиятимизни профессионал даражада самарали олиб боришимиз бобида қандай оқибатлар келтириб чиқаришини яхшилаб ўрганиб чиқамиз”,- деди Урдур Гуннарсдотир.

Унинг таъкидлашича, ЕХҲТга аъзо бўлган ҳар бир давлат ўз мамлакати ҳудудидаги сайловларнинг халқаро стандартларга мослигини кузатиш учун ЕХҲТ миссиясини таклиф қилиш мажбурияти олган ва бу миссия аъзолари сонини белгилаш ЕХҲТ ихтиëрига ҳаволадир.

Шу боис, ЕХҲТ расмийси Россиянинг сайловни кузатиш миссияси аъзолари сонини 400 тадан 70 тага қисқартириш қарорини аъзолик мажбуриятини бузиш, дея баҳолайди.

“Аъзо давлатнинг сайловни кузатишга таклиф юбормаслик ҳолати ташкилот тарихида бир-икки марта учраган. Бир гал Туркманистон, яна бир гал Милошевич ҳукмронлиги даврида Югославиянинг мазкур мажбуриятни бузганини эслайман. Россиянинг кузатувчилар сонини бир томонлама белгилаш ҳақидаги қарори ҳам ташкилот тарихида кузатилмаган ҳодиса”,- дейди Урдур Гуннарсдотир.

Кремль қарорини шарҳлаëтган кузатувчилар фикрича, демократик қадриятлардан тобора ортга чекинаëтганликда айбланаëтган Путин ҳукумати 2 декабрга белгиланган парламент, келаси йил март ойида ўтиши белгиланган президент сайловининг ўтказишига оид халқаро танқидлар оқимини камайтириш мақсадида ЕХҲТ кузатувчилари сонини кескин қисқартиришга қўл урган.

“Бунинг ўрнига Кремль МДҲ ва ШҲТ каби ўзи ҳукмронлик қилувчи ташкилотлар кузатувчилари сонини кўпайтиради,- дейди Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Андрей Гронзин. - Бунинг сабаби эса жуда оддий. ЕХҲТ ҳаддан зиëд сиëсийлашувда, асосий эътиборни сайлов нуқсонларига қаратишда айбланмоқда. МДҲ ëки Евроосиë иқтисодий ҳамжамияти кузатувчиларининг сайловларга муносабати ЕХҲТ кузатувчилари миссиясиникидан тубдан фарқ қилади ва улар баҳосида танқид деярли учрамайди”.

ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш халқаро миссияси аъзолари сонини чеклаш ташаббусида Россия ëлғиз эмас. Арманистон, Беларус, Қозоғистон¸ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳам Россия орқасида туриб, ЕХҲТ шаънига айни танқидларни билдирмоқда. Шу боис, кузатувчилар Россия қароридан руҳланиб, ЕХҲТга аъзо бу авторитар ҳукуматлардан ҳам сайловларга таклиф қилинадиган халқаро кузатувчилар сонига кескин чеклов ўрнатишни кутиш мумкинлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG