Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:53

Қамоқхонами ёки кушхона?


Ўзбекистон қамоқхоналаридан сўнгги 40 кун ичида 20 та ўлик чиқди. Ўлганларнинг барчаси диний мотивларда айбланган, қамоқхоналарда қаттиқ қийноққа солинган маҳбуслар экани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қисқа муддатда бунча маҳбуснинг қийнаб ўлдирилиши аввал кузатилмаган ҳолат эканини билдираётир.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Аъзам Турғунов Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар ҳамиша бўлганини айтар экан: “Бирданига бунча маҳбуснинг ўлими, шубҳасиз қийноқлар туфайли рўй берган. Афсуски, бизда бунинг сабабларини чуқур ўрганиш имкони йўқ. Аммо сўнгги бир-икки ой ичида ташкилотимизга бўлган мурожаатлар бу маълумотларни тасдиқлайди. Масалан, кеча тошкентлик яна бир маҳбуснинг ўта оғир аҳволда Сангородга келтирилгани ҳақида хабар олдик. Маҳбус қаттиқ калтакланган, унинг яқинларига буни шифокорнинг ўзи айтган”,- дейди.

Шунингдек, “Мазлум” жамиятига 19 ноябрь куни Янгийўл туманидан тушган мурожаатда биргина мазкур туманда шу кунларда яқинлари қамоқхонада калтакланган ўнга яқин оила борлиги айтилади.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимочиси Аҳмаджон Мадумаров ҳам қамоқхоналарда қийноқларга солинаётган маҳбусларнинг аксарияти диний мотивларда қамалганлар эканини алоҳида таъкидлади.

“Ҳар гал Жазони ижро этиш бош бошқармасига борганимда қариндоши калтаклангани, қаерда экани номаълумлигидан арз қилиб борган одамларни кўраман. Улардан эшитганларим ва менга тушган аризалар асосида аниқлашимча, кейинги бир ой ичида турли қамоқхоналарда ўта оғир қийноққа солинган маҳбуслар сони ўндан ортди. Уларнинг кўпчилиги қариндошларига кўрсатилмаяпти. Шу боис, яқинлари улар тирик ёки йўқми, деган ўйда қолган”,- деди А.Мадумаров.

А.Мадумаровнинг ҳам икки ўғли ҳозир қамоқда. У ўз ўғиллари ва унга мурожаат қилган фуқаролар ишлари билан Жазони ижро этиш бош бошқармасига кўп бора мурожаат қилгани, аммо ҳали бирорта ижобий жавоб олмаганини билдирди.

Ўз фарзанди, қариндоши учун югуриб юрган оналар ҳам шу аҳволда.

Турмуш ўртоғи ва қайин акаси мислсиз азобларга солинган марғилонлик ёш келин Ўзбекистонда қамоқхонадаги маҳбуснинг ҳаққини талаб қилиб, тиклаш мумкинлигига ишонмай қўйган.

“Бирор ташкилот ёки амалдор борми, бизга ҳақиқатни билиб, тиклаб берадиган? Йўқ-да! Шунча йилдан бери югуриб, адо бўлдик-ку! Яқинда қайноғам овсинимга: “Менга кафан тайёрлаб қўйинглар, булар бизни ўлдиришга қасд қилган, бу ердан менинг ўлигим чиқади”, дебди. Ўзимиз яшаётган Марғилонга ҳам қанча қамалган йигитларнинг ўлиги келди, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаяпти-ку?!”- дейди марғилонлик ёш келин.

Маҳбусларга нисбатан бундай қийноқ, ҳақоратлар ҳақида оммавий ахборот воситаси, масалан, “Озодлик” радиосига айтиб, ҳаққини талаб этишга журъат қиладиган ота-оналар доираси ҳам кундан-кунга қисқариб бормоқда. Жазони ижро этиш бош бошқармаси остонасидан ноумид қайтган ота-оналар панжара ортидаги ваҳшийлик исканжасида ожиз қолган яқинлари янада кучлироқ қийноқларга солиниши мумкинлигидан қайғурмоқда.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси эса ОАВнинг ҳам қийноқлар ҳақидаги мурожаатларини жавобсиз қолдириб келади. Бунинг устига, бошқарма мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотларни ўз назоратидаги қамоқхоналарга яқин йўлатмайди. Жумладан, Халқаро қизил хоч жамиятининг ўзбек қамоқхоналарига кириш борасида ўтказаётган музокаралари ҳам ҳунузгача натижа бергани йўқ.

“Ўзбекистон қамоқхоналарини инспекция қилишни 2004 йилда тўхтатганмиз. Ташкилотимиз қамоқхоналарни умумэътироф этилган мезонлар асосида текширади. Бизга алоҳида-алоҳида эмас, балки барча маҳбуслар билан суҳбат қуриш ва барча қамоқхоналарни инспекция қилиш имкони берилиши керак. Ҳозир Ўзбекистон раҳбарияти билан бу борада музокараларни давом эттиряпмиз”,- дейди Халқаро қизил хоч жамияти вакиласи Анна Нелсон.
XS
SM
MD
LG