Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

Ўзбекистон Россия билан савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказмоқчи


Тошкентга сафарини давом эттираётган Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинди.

Ташриф доирасидаги барча тадбирларда С.Ивановга Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилмоқда.

Тадбирларнинг энг асосийси иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилгани айтиляпти. Бироқ кузатувчилар фикрича, бугунги шароитда Ўзбекистон билан кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик имконсиздир.

И.Каримов С.Ивановни қабул қилар экан, давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади.

И.Каримовнинг айтишича, давлатлар ўртасидаги транспорт, энергетика, ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бугунги кунда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланилмаяпти.

С.Иванов бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга сафари давомида муносабатларнинг иқтисодий жиҳатига кўпроқ эътибор қаратилаётгани билдирилаётир. Шу мақсадда анъанавий Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “Россия ва Ўзбекистон: стратегик шериклик” номли иқтисодий форумдан ташқари, Россиянинг юзлаб ширкатлари иштирокида илк бор Тошкентда Россия миллий кўргазмаси ҳам ўтказилмоқда.

“Россия томонидан жами 450 киши келганини айтишим керак. Бундай кенг кўламли тадбирлар ўзаро алоқаларимиз тарихида илк бор кузатиляпти”, – деди Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакили.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг матбуот вакили Шерзод Қудратхўжаев барча тадбирлардан кўзланган асосий мақсад жорий йилдаги қарийб 4 миллиард доллар ҳажмдаги савдо айланмасини келаси йилда 5 миллиард долларгача ошириш эканини билдирди.

Ўзбекистондаги президент сайловидан олдин С.Ивановнинг Тошкентга келиши И.Каримов учун сиёсий ва маънавий мадад беради.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш И.Каримовнинг сайловолди кампаниясидаги асп юришига ўхшайди.

Ҳозирга қадар Россия Ўзбекистоннинг, асосан, нефть-газ ва бошқа табиий захираларини ўзлаштириш соҳаларига кўп миқдорда сармоя ётқизгани ҳам рост. Бунга янада урғу бериш учун Тошкентга “Лукойл” ширкати президенти Вагит Алекперов келиб, Сергей Иванов билан биргаликда Бухородаги Ҳовзақ газ участкасини расман фойдаланишга туширади.

Бироқ Россия сармоялари Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа тармоқларига, хусусий секторига ёйилмаяпти. Мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев бунинг асосий сабаби Ўзбекистон иқтисодиётининг ёпиқлигида эканини таъкидлади.

“Ўзбекистонда ҳокимиятга ким келишидан қатъи назар, Россия билан алоқаларни кенгайтириш лозимлигини тушунади. Лекин бу алоқаларни иқтисодиётимизни либераллаштириш йўли билангина кенгайтиришимиз мумкин. Кремлнинг куч бериб И.Каримовни қўллаб-қувватлаши Россиянинг узоқни кўзлаган сиёсатига тўғри келмайди”, – деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG