Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:08

Россиядаги сайлов қонунбузарликлар билан ўтишидан хавотир бор


Россия сайловлари тарихида натижаларнинг сохталаштирилишини кўп бор кузатган халқаро экспертлар мамлакатда 2 декабрда бўладиган парламент сайлови ҳам шундай қонунбузарликлар билан ўтиши мумкинлигини эътибордан соқит қилаётгани йўқ.

Айни пайтда бу галги сайлов натижалари президент Владимир Путинга хайрихоҳ “Ягона Россия” партияси фойдасига сохталаштирилиши мумкинлиги тахмин қилинаётир.

Москвадаги Карнеги таҳлил марказининг сайловлар масаласи бўйича эксперти Николай Петров шундай тахминни илгари сураётганлардан бири. У бу галги сайловдан В.Путин фойдасига қаратилган тарғибот кампанияси сифатида фойдаланилаётганини таъкидлади.

“Шу боис ҳам президент В.Путин бу сайловда имкон қадар кўпроқ овоз тўплаш ҳаракатида бўляпти. Бу сайлов фақат “Ягона Россия” партиясига овоз йиғиш эмас, ундан ҳам муҳимроқ мақсаддаги сиёсий акция бўлади”,- деди Н.Петров.

Россиядаги Сиёсий ахборотлар маркази директори Алексей Мухин сайловни сохталаштиришнинг биринчи йўли овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар сони кўпайтириб кўрсатилиши эканини айтади.

“Шимолий Кавказнинг айрим ўлкаларида сайловчиларнинг 102 фоизи сайловда қатнашган, деган маълумот берилган. Бундай бўлиши мумкин эмас, тушуняпсизми? Оқибатда ўша ўлкалар бўйича ҳамма ҳужжатлар кўтарилиб, қайта кўриб чиқилган. Кўряпсизми, нималар бўлиши мумкин”,- дейди Алексей Мухин.

“Ягона Россия” партияси ва унинг раҳнамоси ишга солиши мумкин бўлган яна бир восита вилоятлардаги тўғридан-тўғри президентнинг ўзи тайинлаган губернатор-ҳокимлардир.

“Президент жойлардаги ҳокимларга “Ягона Россия” партияси учун қанча овоз тўплаш бўйича кўрсатма бергани сир эмас. Яна маълумки, кўпчилик губернаторлар агар сайловда “Ягона Россия”га кўпроқ овоз йиғиб берса, келажакда яхшигина мавқега эришиши мумкинлигини яхши билади”,- дейди Россиядаги “Мерос” жамғармаси директори Евгений Волк.

Ҳозир Россия бўйлаб 100 мингдан зиёд сайлов участкаси тузилган. Аммо бу участкаларнинг кўпчилигида мустақил кузатувчилар бўлмайди, бу эса сайлов варақаларини сохталаштириш эҳтимолини оширади.

Карнеги маркази таҳлилчиси Николай Петров сайлов участкасига келмаган сайловчилар овозини сохталаштириш кенг тарқалганини айтади.

“Масалан, 2003 йилдаги парламент сайловида баъзи участкаларда овоз бермаган сайловчилар сони 30 фоизни ташкил этган, бу овозлар эса, шубҳасиз, сохталаштирилган бўлиши мумкин”,- дейди Николай Петров.

Россия ҳукумати эса бундай эҳтимолларнинг олдини олиши мумкин бўлган халқаро кузатувчилар сонини кескин камайтирган. 2003 йилдаги парламент сайловида 1200 халқаро кузатувчи иштирок этган бўлса, бу йил фақат 280 халқаро кузатувчига сайловда қатнашиш имкони берилди.
XS
SM
MD
LG