Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:46

Ўзбекистон махсус хизматлари Россияни ўз даласи, деб билади...ми?


Москвадаги “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистон махсус хизматлари Россия ҳудудида ноқонуний амалиётлар ўтказаётгани ҳақида баёнот тарқатди.

Баёнотга Россия Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистон махсус хизматлари ҳақиқатан ҳам шундай амалиёт ўтказганини тасдиқлови мактуби илова қилинган. Бу мактубда ёзилишича, Москвада яшаётган ўзбек муҳожири Муҳаммадсолиҳ Абутов Россия ҳудудида ўзбекистонлик милиционерлар томонидан қамоққа олинган. Бироқ бу амалиётга Россия маъмурларидан рухсат олинмаган.

“Фуқаровий кўмак”нинг билдиришича, Россия ИИВ М.Абутов ноқонуний ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Қўлга олингунга қадар М.Абутов халқаро қидирувда бўлмаган.

“Ўзбек милиционерлари Россия ҳудудида ўзини қизиқтирган одамларни қўлга олмоқда ва бу ҳаракатларини Россия томони билан келишмай амалга оширмоқда. Биз бу ҳақда кўпдан бери гапириб келамиз, негаки бундан аввалари ҳам Ўзбекистоннинг Россияда муҳожирликда яшаётган фуқаролари ўғирлаб кетилган. Бу фуқаролар Ўзбекистонда қийноқларга солинган ва узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. Лекин бу ҳақда биз фақат шубҳа қилар эдик, мана энди бу шубҳаларимиз ўринли экани тўғрисида қўлимизда аниқ ҳужжатлар бор”,- деди “Фуқаровий кўмак” раҳбари Елена Рябинина.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон махсус хизматларининг ноқонуний амалиётлари россиялик коррупциялашган ҳамкасбларининг қўллови асосида ўтказилган. Чунки қўлга олинган ўзбек қочқинларини самолётда ўз юртига олиб кетиш Россия махсус хизматлари иштирокисиз амалга ошириб бўлмайдиган ишдир.

“Россия милиционерларининг бундай ҳамкорликдан тижорий манфаатлари бор. Кейинги йилларда Россия махсус хизматлари ана шу тижорий манфаатни қонундан устун қўймоқда”,- деди Е.Рябинина.

Е.Рябинина сўзларига кўра, 2006 йилда Федерал хавфсизлик хизмати 19 фуқарони Ўзбекистонга экстрадиция қилгани тўғрисида баёнот тарқатган эди. Ҳолбуки экстрадиция масаласи фақат Бош прокуратура ваколатидадир. Бироқ Россия Бош прокуратураси ФХХнинг бу амалиётидан хабарсиз эканини маълум қилган.

“Бу каби фактлар махсус хизматлар ҳар қандай йўл билан қонунни четлаб ўтиб, ўз манфаатини қондиришга тайёр эканини кўрсатиб турибди”,- деди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG