Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Юсуф Жума тақдири ҳамон номаълум


Шоир Юсуф Жуманинг Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Човли қишлоғидаги уйи милиция ходимлари томонидан ишғол қилингандан бери шоир ва унинг оиласи тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Шоирнинг Тошкентда истиқомат қилувчи ўғли Алишер 10 декабрь тунида Бухорода бўлмагани учун ҳам таъқибдан омон қолган. Бироқ Алишер Тошкентдаги уйи ҳам милиция томонидан қуршаб олинишидан хабар топгач, у ердан қочишга мажбур бўлган.

Унинг айтишича, Жумаевлар оиласи аъзоларининг суратлари Бухоро вилоятининг барча милиция шахобчаларига ёпиштириб ташланган ва уларга қидирув эълон қилинган.

“Менинг барча телефонларим ўчириб қўйилган. Бухоро билан алоқам узилиб қолган. Шу кунгача оиламиз тақдиридан бехабарман. Қўшнилар бир укамнинг ялангоёқ қочишга улгургани тўғрисида хабар берди. Ҳозир ўша укамни кутяпман”,- деди Алишер.

Қоракўл тумани прокуратураси “Озодлик”нинг шоир ва оиласи тақдири ҳақидаги саволларини жавобсиз қолдираётир.

Ўзбекистон ичкарисидаги ва ташқарисидаги ҳуқуқ ҳимоячилари Юсуф Жума ва оиласи тақдиридан ташвиш билдирмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси Юсуф Жума оиласи билан содир бўлган воқеага ҳуқуқий баҳо берилишини ва айбдорлар жазоланишини талаб қилиб, мамлакат ҳукумати ҳамда Бош прокуратурасига мурожаат қилган.

“Тахминимизча, пикетлар ўтказаётган ва ҳукуматга мухолиф бўлган бу оилани сайлов арафасида жамиятдан узоқлаштириш тўғрисида кўрсатма берилган. Юсуф Жума оиласи ҳар қандай таъқибларга қарамай, президент Ислом Каримов истеъфосини талаб қилиб бир неча пикетлар ўтказган эди. Албатта, бундай воқеалар ҳукуматдагиларни беэътибор қолдирмаган. Шу сабабли ҳам ҳукумат ўз куч ишлатиш салоҳиятини намоён қилиб, уларни уй қамоғида ёки бошқа бир жойда сақлаб турган бўлиши мумкин”, - деди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева.

Юсуф Жума оиласига гўёки қидирув эълон қилингани ҳақидаги хабарлар ҳуқуқ ҳимоячилари ва шоирнинг дўстларида катта ташвиш уйғотмоқда.

“Вазиятнинг мураккаблиги шундаки, бизда аслида нима бўлгани тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Шахсан мен Юсуф Жума ўзининг вояга етмаган бир неча фарзанди билан Бухородан қочиб кета олишига ишонмайман. Айни пайтда расмийларнинг Юсуф Жумани қочоққа чиқариб, қидирув эълон қилгани ташвишланарлидир. Демак, расмийлар ёлғон гапирмоқда ёки Юсуф Жума оиласига нимадир бўлган”,- дейди Ғарбда яшаётган ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева.

Унинг билдиришича, қувғиндаги ўзбек журналистлари бир қанча халқаро ташкилотларга Юсуф Жума оиласи тақдирини аниқлашда кўмак сўраб мурожаат қилган. Айни пайтда халқаро ташкилотлар бу масалани ўрганмоқда.
XS
SM
MD
LG