Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Ҳаж ҳам бизнесга айландими?


3-10 декабрь кунлари ўзбекистонлик 5 мингдан ошиқроқ мусулмон муқаддас ҳаж зиëратини адо этиш ниятида Саудия Арабистонига келди. 27 миллионлик халқ учун бу квота кам экани айтилаётир.

Шунинг учун квотага тушмаган ўзбекистонлик айрим мусулмонлар ҳажга бориш учун бошқа йўллардан фойланмоқда. Айрим хабарларга кўра, куни-кеча Қирғизистоннинг Ўш шаҳри аэропортида Ўш-Теҳрон-Жидда йўналиши билан учаëтган самолётга чиқишга уринган ўзбекистонлик 71 ёшли аëл сохта қирғиз паспорти билан қўлга олинган.

Кексa онахоннинг ҳаж ниятида бундай қалтис ҳаракатга қўл уриши Ўзбекистон мусулмонларининг ўз ватанида ҳаж зиëратини адо этиш борасида жиддий муаммоларга дуч келаëтганини яна бир бор ошкор қилди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев онахоннинг бундай қонунбузарликка қўл уришига зиёратчилар Ўзбекистон ҳукумати ташкил қиладиган гуруҳга қўшилиш учун жуда кўп расмий ва норасмий чиғириқлардан ўтиши кераклиги, бунга ҳажни истаганнинг бари ҳам қодир эмаслигини билдирди.

“Ҳажга бориш учун фақат маҳалла қўмиталари, маҳаллий жомеъ масжидлари тавсияси орқали рухсат берилади. Кўпчилик учун бу ғалвирлардан ўтиш қийин бўлади. Жойларда ҳажга бориш истагидан бўлганлар квотадагидан анча кўп. Аслида Саудия Арабистони рухсати билан ҳар йили Ўзбекистондан 25 мингга яқин одам ҳажга бориши мумкин. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу квотани 5000 атрофида белгилагани боис, кўпчилик бошқа йўлларни тутишга мажбур бўлади”,- дейди А.Эргашев.

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, ҳаж сафари масаласи ҳам коррупциялашган, яъни зиёратни уюштирувчиларга пора беришга тўғри келади.




Марказий Осиë мамлакатларидаги дин эркинлиги вазиятини муттасил кузатиб келаëтган “Форум 18” ташкилоти таҳлилчиси Феликс Корли бу порахўрлик ҳукумат бўлажак ҳожилар учун ўрнатган квота маҳсули эканини таъкидлайди.

“Марказий Осиëнинг Ўзбекистон каби айрим давлатларида ҳукумат кимнинг ва неча киши ҳажга боришига чеклов ўрнатган. Бундай чекланган зиëратчилар сафига қўшилиш учун эса ҳажга боришни истовчилар ë мутасаддиларга пора бериши ëки тепада ўтириб, бир оғиз гап билан ҳаж эшикларини очиб берадиган ўз одамига эга бўлиши лозим”,- дейди ғарблик кузатувчи.

Абдусалом Эргашев ҳам бундай тажриба мустақилликдан бери мавжудлиги ва йил сайин кучайиб бораëтганини айтади.

Оддий ўзбекистонликлар ва мустақил кузатувчиларнинг ҳаж зиëратини ташкиллаштирадиган тизимларда порахўрликнинг авж олгани ҳақидаги бундай танқидларини мазкур сафар учун масъул бўлган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси кўпдан инкор қилиб келмоқда.

“Ҳаж масаласида бунақа ишлар қилинмайди, буни одамлар гапирса гапираверсин. Бу улуғ ибодат ва биз ҳам савобларига шерик бўлайлик, деб қўлдан келганча одамларга ëрдам қилиш ҳаракатида юрибмиз. Бунга пора аралашаётгани ҳақидаги гарлар мантиққа зид”,- деди қўмита вакили.

Ўзбекистондаги кузатувчиларнинг айтишича, 2007 йили ҳукумат ташкиллаштирган гуруҳ сафида ҳажга бориш нархи бир одамга 3 миллион сўм атрофида бўлган. Бунча пулни ҳукумат кассасига тўлаган кўплаб зиëратчилар, яна 2-3 минг доллар миқдорида, халқ тили билан айтганда, шапкаси, яъни порасини ҳам тўлашга мажбур бўлган. Охир-оқибатда 5 минг доллардан ошиб кетадиган бундай харажатга ҳамманинг ҳам қурби етмагач, кўплаб ўзбекистонликлар 71 ёшли онахон каби ҳажга боришнинг бошқа йўлларини қилишга уринган.

“Водийдаги ҳажга борувчи кишилар Қирғизистон орқали кетишга ҳаракат қилади. Лекин бу энг азобли ва машаққатли йўллардан бири. Бу ерда ҳам ўзбекистонликлар Қирғизистон фуқароларига қўйилган нархдан анча баланд пул тўлайди. Қолаверса, ҳажга бориб келгунга қадар ўзбекистонлик ҳожилар бошқаларга қараганда кўпроқ хўрланади, йўлларда тўсиқлар, самолëтга чиқиш ëки машинада чегарадан ўтиш учун улар яна пора бериш ва қўшимча харажатлар қилишга мажбур бўлади”,- дейди А.Эргашев.

Унинг билдиришича, ўтган йили ҳаж зиëратини ташкиллаштириш тепасида турган мутасаддилар қора курсига ўтиртирилди ва бу борада ҳукумат ва халқ маблағларини суистеъмол қилгани учун жазоланди, деган гаплар тарқагандан кейин одамлар бу йил энди аҳвол ўнгланиб, поралар йўқ бўлар, деб умид қилган эди. Аммо бу йил ҳажга бериш учун талаб қилинаëтган пора ўтган йилдагига қараганда икки марта ошиб кетган.

Ҳаж йўлида пора бериш ҳам, мусулмонларнинг ҳаж зиëратини назоратга олиб, унга таъмагирликни қўшиш ҳам ҳаж зиëрати фарзларига зиддир.
XS
SM
MD
LG