Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:29

Басра Ироқ армияси назоратига ўтди


Буюк Британия Басра вилоятида хавфсизликни сақлаш масъулиятини Ироқ армиясига топширганини таҳлилчилар инглиз қўшинларининг мазкур мамлакатдан олиб чиқилиши сари ташланган жиддий қадам ўлароқ баҳоламоқда.

Бағдоддан 550 километр жанубда жойлашган Басра Буюк Британия назоратидаги энг сўнгги вилоят эди. Британиянинг Басра устидан назоратни ироқликлар ихтиёрига топширгани маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

“Хавфсизликни сақлаш учун масъулият бизга топширилгандан сўнг қўрқмасдан кўчада юришга умид қиламиз. Чунки бугун бир жойдан иккинчи жойга боришга қўрқамиз. Хавфсизлик вазияти ёмонлигидан кечқурун соат 7 – 8лардан юра олмай қолдик. Ҳар куни отишмалар ва муаммолар бор”, – дейди басралик киши.

Басра аэропортида ўтказилган маросимда Буюк Британия ва Ироқ расмийлари ўртасида Басра устидан назорат Ироқ армияси қўлига ўтганини расмийлаштирувчи махсус ҳужжат имзоланди.

Ироқ раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубоий бу кун мамлакатда тарихий кун бўлиб қолишини билдирди. У Буюк Британия армиясига шаҳарни ҳимоя қилиш, Ироқ ҳарбийларини ўқитиш ва иқтисодиётни қайта қуришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор этди.

2003 йилда Буюк Британия қўшинларини Басрага бошлаб келган генерал-майор Граҳам Бинзнинг айтишича, Басра ўзининг улкан салоҳиятини англай олса, бу ердаги зўравонликлар кўлами камайиб бораверади.

“Сўнгги бир неча ой давомида Басрада зўравонликлар камайгани шаҳарга сармоя киритилишига сабаб бўлди. Басра келажаги учун бу ердаги хавфсиз вазият сақланиши ва яхшиланиши керак”, – деди Буюк Британия генерали.

Маросимда иштирок этган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибэнд Басра барибир кўплаб машаққатлар ва синовларга юзланганча қолишига ишора қилди.

Унинг “Би-би-си”га айтишича, охир-оқибат Ироқнинг сиёсий раҳбарлари бутун мамлакатда рўй бераётган зўравонликларни камайтиришга масъулдир.

Басрадан аввал Буюк Британия қўшинлари Музанна, Майсан ва Зийқор вилоятлари устидан назоратни Ироқ қўшинларига топширган эди.

Ўтган ҳафтада Майсанда содир бўлган қаторасига уч бомба портлаши ва оқибатда 40 одамнинг ҳалок бўлиши Буюк Британия қўшинлари чиқиб кетган минтақаларда юз бериши мумкин бўлган зўравонликлар кўлами ҳақида эслатди.

Лекин басралик Одил Яссим Ироқ ҳарбийлари шаҳардаги хавфсизликни таъминлашнинг уддасидан чиқа олишига ишонади.

“Британиянинг босқинчи кучлари хавфсизликни таъминлаш масъулиятини Ироқ армиясига қайтараётганидан хурсандмиз. Одамларнинг бахтли чеҳраларини кўрмайсизми?! Елкамиздан тоғ ағдарилгандек бўлди”, – дейди Одил Яссим.

“Би-би-си” Басрада минг киши ўртасида ўтказган сўров натижаларига кўра, басраликларнинг 85 фоизи Буюк Британия қўшинлари 2003 йилдан буён вилоят хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган, деб ҳисоблайди.

Буюк Британиянинг чекланган контингенти Басра ташқарисидаги ҳарбий ҳаво базасида қолдирилади ва фақат Ироқ қўмондонлигидан махсус сўров олсагина ҳарбий амалиётларга аралашиши мумкин бўлади.

Бугунги кунда Ироқда британиялик 4,5 минг аскар хизмат қилмоқда. Баҳорга қадар улар сони икки баробар қисқартирилади.

Нефтга бой Басра назорати Ироқ хавфсизлик кучларига ўтган тўққизинчи вилоятдир. Ироқнинг қолган 9 вилоятида хавфсизлик учун масъулият ҳамон халқаро кучлар зиммасида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG