Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:01

Инсоният тарихидаги энг ўқимишли ёшларнинг муаммолари ҳам кўп


БМТ эълон қилган 2007 йилги Ёшлар ҳисоботида бугунги ёшлар инсоният тарихидаги энг ўқимишли бўлса ҳам уларнинг катта ҳаётга кириб бориши қашшоқлик ва ишсизлик туфайли секинлашгани айтилади.

Ушбу ҳисобот бугунги ёшларнинг инсоният тарихидаги энг маълумотли ёшлар эканини эътироф этади. Ёшларга берилган бундай баҳони янги технологиялар, глобализация, Интернет ва ахборот асрида яшаётган ўзбекистонлик ёшларга ҳам тадбиқ этиш мумкиндир.

“Дунёнинг барча минтақаларда мактаб давомадлари сезиларли ортган ва кўпроқ қизлар мактабга боряпти”, – деди ҳисоботни тақдим этган БМТнинг ижтимоий сиёсат бўлими директори Йоҳан Шолбинг.

Бироқ у ҳисобот ёшларнинг ривожланиши учун жиддий тўсиқлар борлигини ҳам ошкор этишини билдирди.

“Энг биринчи ва асосий тўсиқ барча минтақа ёшлари формал соҳаларда иш топишда қийинчиликка учраётганидир. Бу эса олинган таълимнинг сифатсизлиги ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги билан изоҳланади”, – деди БМТ мулозими.

Ўзбекистонда ҳам олий ўқув муассасаларини битириб чиқаётган малакали ёшлар орасида ишсиз қолаётганлари талайгина. Иш топганлари ҳам ўз соҳаси бўйича ишламайди. Эндигина ишга жойлашган Наргиза айнан шундай ёшлардан биридир.

“Бизда авваламбор таниш-билиш бўлиши керак. Мен араб тили бўйича мутахассисман. Лекин бизда хитой тилини биладиганларга талаб кўпроқ”,- дейди Наргиза

Наргизани ўқимишли ва нисбатан омадли ўзбекистонлик ёшлардан, дейиш мумкин. Бироқ БМТ ҳисоботида қайд этилганидек, ёшларнинг катта ҳаётга кириб боришига қашшоқлик ва ишсизлик жиддий тўсиқ бўлаётир.

Ўзбекистондаги қашшоқлик туфайли нафақат институтни, балки мактабни ҳам тугата олмаганлар бор. Андижонлик 18 ёшли Орифжон ана шундай минглаб ёшлардан бири.

“Ҳаёт оғир бўлиб кетганидан 6-синфдан ўқишни ташлаб кетганман. 5-10 йил олдин яхши эди. Ҳозир қийин бўлиб кетди”, – дейди у.

БМТ ҳисоботида ишсизлик, қашшоқлик, қолаверса, шунчаки яхшироқ иш топиш ёки таълим олиш илинжида бугунги кунда кўпроқ ёшлар чет элга чиқиб кетаётгани билдирилган.

Марказий Осиё давлатларининг Россияда ишлаётган фуқароларини айрим ҳолларда ҳатто қул қилиб ишлатиш ҳолатлари кузатилган эса-да, ўзбекистонлик ёшлар орасида бугуннинг ўзида Россияда менежерлик лавозимини эгалаганлар ҳам бор. 23 ёшли Нодира Япониянинг Москвадаги йирик корпорациясида ишлайди ва ўз ютуқларини олган билими билан изоҳлайди.

“Японияда яхши университетда ўқиганман. Яхши дипломим бор. Иккинчидан, инглиз ва япон тилларида яхши гапираман. Москвада яшайман ва бу ерда имкониятлар ниҳоятда кўп”, – дейди Нодира.

БМТ ҳисоботида бугунги кунда собиқ совет давлатлари ёшлари учун эртанги кун яхши ёки ёмон томонга ўзгариши мавҳум қолаётгани айтилади. Лекин “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган ўзбекистонлик кўпчилик ёшлар эртанги кунига барибир ишонч билан қарашини билдирди.
XS
SM
MD
LG