Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:21

Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди


Ўзбекистон президентлик сайловида овоз бериш жараёни тугади. Фуқаролар тўрт номзоддан бири, жумладан мамлакатни 18 йилдан бери бошқариб келган иқтидордаги президент Ислом Каримовга овоз бердилар. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлиги боис Ғарб давлатлари танқидига учраган И.Каримов учинчи муддатга президентликка сайланиш учун ўз номзодини қўйган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов қонуний ўтиши учун овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 33 фоиздан кўпи сайловда қатнашганинин маълум қилди.

Марказий Сайлов комиссияси матбуот вакили Низомиддин Нурматов Озодлик мухбири билан суҳбатда бу ҳақда шундай деди:

“Соат ўн иккига қадар сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 59,8 фоизи овоз берди. Сайлов бўлиб ўтди дейиш учун асос бор”.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сайлов участкаларида овоз бериш тартиби бузилганини тасдиқловчи далиллар борлигини айтди.

“Мен борган сайлов участкасида, яъни, Фарғона шаҳрининг 10-мактабида жойлашган сайлов участкасида бир неча одам бутун оила аъзолари номидан овоз берганини кўрдим. Бундан ташқари сайлов қутилари олдида бир эркак, бир аёл ўтириб олиб ўша сайлов бюллетенида кимнинг фамилияси рўпарасига белги қўйишни ўргатиб туришибди. Яъни Ислом Каримовнинг фамилиясини белгилашни ўргатиб туришибди” – дейди фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистонлик бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам Жиззах шаҳридаги сайлов участкасида овоз бериш тартиби бузилганини кўрганини айтди:

“Бордим, кузатдим. Биринчидан, сайлов жуда қаттиқ назорат остида ўтаяпти. Иккинчидан, мени жуда даҳшатга солган нарса шуки, одамлар иккиталаб, учталаб, тўртталаб ва хатто олтиталаб сайлов бюлетенларини қутига ташлаб юборишяпти” - дейди жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев

Қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан БиБиСи мухбирларига ҳам Ўзбекистондаги президентлик сайлов жараёнини ёритишга рухсат берилмади.

Россиядаги Биринчи Каналнинг халқаро бўлим раҳбари Виктория Новикова ҳам сайловни ёритиш учун Биринчи Канал мухбирларига рухсат берилмаганини айтди.

Дунёдаги энг йирик хавфсизлик ташкилоти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги сайловлар масалалари билан шуғулланувчи идораси Ўзбекистондаги президентлик сайловига ўзининг чекланган сондаги кузатувчиларини жўнатган.

Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси вакиллари сайлов жараёнини кузатди.

“Элчихонанинг бир неча вакили бугунги сайлов жараёнини кузатаяпти. Биз маълумот йиғяпмиз” – деди Тошкентдаги АҚШ элчихонаси матбуот вакили Молли Стефенсон.
XS
SM
MD
LG