Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:16

Ўзбекистон янги йилда газ нархини оширишни режаламоқда


Ўзбекистон ҳукумати 2008 йил 1 январдан бошлаб хорижга сотиладиган газ нархларини яна оширмоқда. Бу борада Тожикистон, Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари огоҳлантирилди. Президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон газининг асосий харидори Россиянинг “Газпром” компанияси ўртасида айни шу масалада ўтказилган музокаралар натижасиз якунланган.

Ҳозирнинг ўзида маълум бўлишича, Қирғизистон ўзбек газини келасий йилдан бошлаб 30 фоизга қимматроқ нархда, яъни ҳар минг кубомерт газни 130 АҚШ долларидан сотиб олишга тайёрлигини билдирган.

Тожикистон томони эса, таклиф этилган янги газ нархининг юқорилигидан ҳайратланганича қолмоқда.

21-декабр куни Тошкентда бўлган Тожикистон ҳукумат делегациясига Ўзбекистон томони ҳар минг кубомертр газни 180 АҚШ долларидан сотиб олишни таклиф этганди.

Ўзбекистон томони билан сўзлашувларда иштирок этган давлатга қарашли “Тожикгаз” компанияси мулозими Абдулфайз Хушдилов ватанига қайтиб келгач, ўзбек томони талаб этаётган нарх Тожикистон учун номақбул эканини айтди.

“Келасий йилдан бошлаб газ нахларининг ошиши аниқ. Бироқ қанчага ошишини ҳозир айтиш мушкул. Нархларнинг қанчага кўтарилиши Тожикистонга эмас, балки Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияга боғлиқ масаладир. Музокаралар давомида биз Тожикистонга газ етказиб бериш арзонроқ бўлгани сабабли бизга узатиладиган газ бошқаларга нисбатан арзонроқ бўлиши кераклигини айтдик” – деди “Тожикгаз” музолими А. Хушдилов.

Қиш мавсумида аҳолининг газсиз қолишидан ташвишга тушган президент Имомали Раҳмон бу муаммони ўз ҳукумат аъзолари билан вафқувлотта тарзда муҳокама этмоқда.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Сўғд вилоятига узатиладиган газ таъминоти қисқартирилгани борасида хабарлар бор. “Тожикгаз” компаниясининг бошқа мулозими Мансур Шариповнинг “Озодлик”ка айтишича, пойтахт Душанбега газ белгиланган миқдорда узатилмоқда, бироқ бу вақтинча бўлиши мумкин.

“Илгари газни 55 доллардан олардик. Ўтган йили газ нархи дунё нархига тенглаштирилиб, 100 долларгача кўтарилганди. Бу йил яна 80 долларга ошадиган бўлиб турипти.”- дейди М. Шарипов.

19 декабр куни Тожикгаз бош директори Фатхиддин Мухсиддинов журналистлар билан суҳбатда, Ўзбекистон гази учун талаб этаётган нарх мамлакатда инфляция даражасини кўтариб юбориши мумкинлиги борасида огоҳлантирган эди. Бу ўз навбатида Тожикистондаги қашшоқлик муаммосини кескинлаштириши мумкин.

Ўзбекистон билан нарх юзасидан келиша олмаган Россия томони ҳам келаси йилдан бошлаб, ҳар минг кубомерт газ учун камида 130 доллардан тўлашга мажбур бўлиши айтилмоқда. Бу эса Россиянинг Украинага узатадиган газ нархига мутаносиб равишда таъсир этади.

Марказий Осиёдаги икки асосий газ таъминочи давлатлар Ўзбекистон ва Туркманистон газ экспортидан олинадиган даромадларни йилдан йилга ошириб бораётгани аниқ. Бироқ халқаро молиявий ташкилотлар Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражаси йил сайин пасайиб бораётганини ҳам қайд этаётир.
XS
SM
MD
LG