Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:06

70 ёшли президентни ҳали ҳам бола биладиганлар бор


Ҳокимият тепасига совет даврида келган, яқинда президентликнинг учинчи муддатига сайланган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 30 январь куни ўзининг 70 ёшини қаршиламоқда.

“Озодлик” мухбири президентнинг юбилейи муносабати билан ўзбекистонликларнинг турли қатламлари вакиллари билан боғланиб, уларнинг воқеа муносабати билан билдирган фикрларини ўрганди.

Президентни табриклаганлар ҳам бўлди, қутлашни истамаганлар ҳам.

Андижонлик Ҳалима хола билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг таваллуд куни арафасида 29 январь куни узоқ гаплашдик.

Кўп нарсаларни айтиб берди Каримов буванинг тенгдоши. Замондан ҳасрат қилди. Атрофдаги ишлардан.

-
Шунақа замон бўп қолганда бизда. Шунақа ишлар бор бизда. Кимга айтамиз арзимизни?! Кимга айтамиз дардимизни?! Мен ҳам 70га кирдим. Ўша болани кўрсам, албатта, айтиб берардим ҳамма гапни.
-
Ўша бола, деб кимни айтаяпсиз?
-
Каримовнида...

Ҳа, 70га кирган Ҳалима хола учун президент Каримов бува эмас. У киши Ҳалима хола учун Исломжон, холос. Бола, холос.

Бола бугун 70га киряпти. Ўзининг катта тўйини нишонлаяпти.

Катта тўйини нишонлаётган Ўзбекистон президентини “Адолат” демократик партияси аъзоси Мухторали табриклади.

“Аввало, соғлиқ-саломатлик тилайман. Президентни пошшо, деб биламан. Пошшомизга омадлар тилайман”,- деди Мухторали.

70 йиллик тўйини нишонлаётган Ўзбекистон президенти “Адолат” партияси аъзоси Мухторали айтаётган пошшоликка Ўзбекистон ССР Компартиясининг биринчи котиблигидан келган.

Ўзбекистонда компартия ҳукмронлик қилган замонларда эса Ислом аканинг тенгдоши, тошкентлик Миртемир ака мустақиллик учун курашгани учун антисоветчиликда айбланиб қамалиб чиққанлардан бири.

“Бундай ёшга кирган ҳар бир инсонни, албатта, табриклаш керак. 70 ёшнинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор. Президент бундан буён одамларга, халқимизга кўмаклашиши керак”,- деди Миртемир ака.

Оддий уй бекаси, лидери парламентни бошқара бошлаган партия аъзоси, мустақиллик учун курашчи гапирди.

Таъқибу тазйиқлардан зада бўлиб, Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетган Муҳиддин Қурбонов эса президент Каримовни юбилейи билан табриклагиси келмади.

Президентнинг 70 йиллик тўйи муносабати билан ўзбек шоирлари ёзган шеърлар эрта-индин пайдо бўлиб қолади. Шоирлар бундай бутун санасиз ҳам юртбошининг меҳнатларига муносиб баҳо бериб келган.

Масалан, шоир Барот Бойқобиловнинг “Мустақиллик” манзумасида мана бундай сатрлар бор:

Кўзим тушди бир пайт азиз инсонга,
Миллат фахри – янги Соҳибқиронга!

У камтар кўринди улуғлардан ҳам,
Кўринди улусга ҳамкору ҳамдам.

Гарчи элу юртга бўлса-да сарвар,
Кийимин безаган на гавҳар, на зар.

Кишилар сингари оддий либосда,
Раҳнамо бўлса-да, байрами хосда.

Тенгдоши бўлгани учун президентни бола, деб атаган 70 ёшли Ҳалима хола узоқ давом этган суҳбат давомида ўз президентини юбилейи билан қутлади. У бисотидаги барча яхши сўзларни президент ҳаққига қилган узун дуосига қўшди. Яхши ниятлар қилди...
XS
SM
MD
LG