Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:50

Жорж Буш етти йиллик муваффақиятларини санади


АҚШ президенти сифатида Конгресснинг ялпи мажлисида сўнгги бор йиллик мурожаат билан чиққан Жорж Буш ўз нутқининг асосий қисмини мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ва кутилганидек, Ироқ масаласига бағишлади.

Ж.Буш АҚШ иқтисоди жуда ноқулай аҳволда қолганини тан олиш кераклигини таъкидлади ва бу вазиятни ўнглаш чораси сифатида балансга келтирилган бюджетни қабул қилиш ва солиқларни оширмасликни таклиф қилди.

Президент Конгресс вакилларини мамлакатни иқтисодий мушкулотдан олиб чиқиш бўйича у киритган ҳар икки таклифни ўзида жам қилган мукаммал режа ишлаб чиқишга чақирди. Демократлар ва республикачилар вакилларини баҳамжиҳат бўлиб, режанинг самардорлигини ошириш устида ишлашга даъват этди.

Нутқда мамлакатнинг ички ишларига, масалан, солиқ, таълим ва қонунчилик соҳаларига ҳам катта ўрин берилди. Аммо унинг кейинги қисми тўлалигича ташқи сиёсатга қаратилди. Хусусан, ўз маъмурияти постсовет давлатлар ва мусулмонлар яшайдиган айрим минтақаларда демократик тамойиллар устиворлиги учун қилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида санаб ўтди.

“Сўнгги 7 йил давомида озодлик тарихининг энг исканжали лаҳзаларига гувоҳ бўлдик. Биз Грузия ва Украина фуқаролар ўз ҳақи ва одил сайловлар учун туриб берганига гувоҳ бўлдик. Биз Ливан кўчаларида одамлар ўз мустақиллигини талаб қилиб чиққанига гувоҳ бўлдик. Биз афғон халқининг толиблар зулмидан қутулгани ва янги президент ҳамда янги парламент сайлаганига гувоҳ бўлдик. Биз шодон Ироқ халқининг ўз озодлигини тантанали нишонлаганига гувоҳ бўлдик ва озодликнинг мана шундай манзаралари бизни мунтазам равишда руҳлантириб келди”,- деди Ж.Буш.

Президент, кутилганидек, Ироқ масаласига кенг тўхталди ва исёнчиларга қарши 80 минг нафардан ортиқ ироқлик қўлига қурол тутганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Ироқнинг душманларига етарлича зарба берилган, аммо улар ҳали мағлуб этилмаган.

У ўз маъмурияти 2008 йилда шу ғалабани қўлга киритишни кўзлагани ва кейинги босқич — Ироқ хавфсизлигини маҳаллий ҳарбийларга топиширишга ўтиш режасида эканини таъкидлади. Унда мамлакат хавфсизлигига тўла Ироқ қўшинлари масъул бўлади ва АҚШ қўшинлари ўз юртига қайтишни бошлайди.

“Америка кучлари ҳарбий амалиётларни бошқаришни қисқартириб, Ироқ қўшинлари билан ҳамкорлик қилишга ўтади. Охир-оқибатда бу амалиётларни назорат қилувчи позицияни қўлга олади. Бу жараён натижасида бизнинг 20 мингдан ортиқ аскаримиз ўз уйига қайтади”,- деди президент гулдирос қарсаклар остида ва айни вақтда Ироқдан қўшинларнинг олиб чиқилиши тез ва осон битадиган иш эмаслигига ҳам алоҳида урғу берди.

Ж.Буш Эрон ядровий дастурига ҳам тўхталди. Аввалги чиқишларида эътироф этганидек, бу гал ҳам Америка халқи Эроннинг узоқ муддатли тарихини қадрлаши ва бу мамлакат халқи асл озодликка муносиб халқ эканидан сўзлади.

“Менинг Эрон етакчиларига қаратилган чақириқларим аниқ ва равшан: назорат остида уранни бойитишни тўхтатинг, шундагина музокаралар бошланиши мумкин. Шу тариқа халқаро ҳамжамиятга қайта қўшилинг, ядровий дастур бўйича мақсадингизни ошкор қилинг, ўз мамлакатингиздаги зулм ҳамда юрт ташқарисидаги террорчиларни қувватлашни тўхтатинг. Яна шуни билингки, Америка ўз қўшинларига таҳдид қилганларга қарши курашади. Биз ўз иттифоқдошларимиз билан бирга Форс кўрфазидаги манфаатларимизни ҳимоя қиламиз”,- деди Жорж Буш.
XS
SM
MD
LG