Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Бухорода 14 намозхон устидан суд бошланди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:7oijpDNoTEozDM:http://kiyany.obozrevatel.com/files/19/_News_image_large_19495.jpg Бухоро вилоятида қашқадарёлик ўт тўрт намозхон устидан суд жараёни бошланди. Намозхонлар конституциявий тузумга тажовуз қилишга уриниш ва тақиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланмоқда.

Судланаётганлардан бири шаҳрисабзлик 21 ёшли Худоёр Исоқовдир. Худоёр Россияда 1,5 йил давомида ишлаб Қашқадарёга қайтиб келганидан икки ҳафта ўтиб, яъни 2007 йилнинг 5 сентябрь куни Қашқадарё вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Худоёрнинг отаси Мансур Исоқов ўғли ўшандан буён ҳибсда сақланаётганини билдирди.

Адвокат Руҳиддин Комилов сўзларига кўра, Шаҳрисабз шаҳри ва туманидан бўлган 14 намозхон Жиноят кодексининг ўнга яқин моддаси бўйича айланмоқда.

“Уларнинг энг кичиги 20, каттаси 43 ёшда. Судланувчиларнинг айримлари ўтган йил августда, баъзилари сентябрь ойида ҳибсга олинган. Аммо улар устидан очилган жиноят иши бирлаштирилган. Лекин нима сабабдан битта ишга бирлаштирилганига ҳайронман. Судланувчиларнинг кўпчилиги ҳатто бир-бирини танимайди ҳам. Энг қизиғи шундаки, тергов натижаларига кўра, улар “Жиҳодчилар” номли янги диний экстремистик оқимга алоқадорликда айбланмоқда. Эътибор қилинг, улар ваҳҳоббийлик ёки “Ҳизб ут-таҳрир” ҳаракати эмас, балки “Жиҳодчилар” янги оқими аъзолари сифатида қайд қилинмоқда”,- деди адвокат.

Бухоро вилояти жиноят ишлари судидан мазкур жиноят иши юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Худоёрнинг отаси Мансур Исоқов судланаётганларнинг ягона айби намозхон бўлгани эканини айтади.

“Ўғлим жиноятчи эмас. У ҳеч қандай жиноят қилгани йўқ. Унинг ягона айби намозхон эканида. Оила аъзоларимиз барчаси намозхон. Ота-онам ҳам намозхон, ўзим 45 ёшдаман, намоз ўқийман, фарзандларим ҳам намозхон. Намоз ўқиш жиноят эмас-ку, ахир”,- деди М.Исоқов.

Агар судланувчиларнинг айби исботланса, ҳар бири тахминан ўн йил муддатдан қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG