Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:44

Роҳат Алиев собиқ қайнотасига қарши курашни давом эттиради


Қозоғистонда одам ўғирлашдан тортиб, давлат мулкини талон-тарож қилишгача бўлган кўплаб оғир жиноятларда айбланиб, сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган Роҳат Алиев собиқ қайнотасига қарши бошлаган курашини давом эттиришини билдирди.

Эрка куëвдан бугун халқаро қидирувдаги ашаддий жиноятчига айланган Роҳат Алиев учун Қозоғистондаги барча муаммоларнинг илдизи бир одамга – собиқ қайнотаси, президент Нурсултон Назарбоевга бориб тақалади.

Бугун ҳаëтининг асл муддаоси ўзини шу ҳолга солган Н.Назарбоевдан қасос олишга айланган Р.Алиевнинг яқинда чоп этиладиган китоби ҳам “Ўғрибоши қайнота”, деб номланади. Р.Алиев китобда Н.Назарбоев классик мафия бошчиси сифатида тасвирланганини айтади.

Одам ўғирлаш, уюшган жиноий гуруҳ тузиш, ўғирлик, қаллоблик, давлат мулкини ўзлаштиришда айбланган Р.Алиев Қозоғистондаги энг катта жиноятчи президент Н.Назарбоев, деган ишончда.

Р.Алиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мухолифат етакчиларини ўлдириш, сиëсий мухолифат сафини хавфсизлик хизмати жосуслари билан тўлдириш каби амалларнинг бари Н.Назарбоевнинг иши эканини билдирди.

“Ҳозир мен мухолифат етакчиларининг ўлдирилиши юзасидан ўз текширувимни ўтказяпман. Ана шу текширув натижа ва хулосаларини тез орада жамоатчилик ҳукмига тақдим этаман. Мен “Ўғрибоши қайнота” китобимда бу қотилликни амалга оширганларгина эмас, балки Сарсенбоевни ўлдиришга буйруқ берганлар номини ҳам фош қиламан”,- деди айни пайтда Австрияда яшаётган Р.Алиев.

Қозоғистондаги нуфузли “Янги Оқ йўл” мухолифат партияси етакчиси Олтинбек Сарсенбоев жасади 2006 йилда Олмаота чеккасидан топилган ва Қозоғистондаги маҳаллий журналистлар қотилликни айнан Р.Алиевнинг ўзига боғлашган эди. Зотан, ўшанда ҳали Р.Алиев от устидаги эрка куëв, мамлакатдаги махфий хизматлар фаолиятини назорат қилувчи қудратли шахс эди. Бугунга келиб Р.Алиев О.Сарсенбаевнинг ўлдирилиши ҳақида шахсан собиқ қайнота-президент буйруқ берганини иддао қилмоқда.

Р.Алиевнинг ўтган йили Н.Назарбоев билан урушиб қолиб, ўзини мухолифатчи, деб эълон қилиши ва юқоридаги каби айбловлари Қозоғистон сиëсий мухолифатининг эътироз ва кулгусига сабаб бўлган эди.

Аммо Р.Алиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мухолифатчиларнинг аксари махфий хизмат айғоқчиларидир, деган шов-шувли баëнот қилди.

“Мухолиф партиялар раҳбарларининг бир қанчаси Миллий хавфсизлик қўмитаси жосуслари ва улар президент маҳкамасида ҳозирланган сценарийларни бажарувчилардир”,- деди Роҳат Алиев.

Мухолифат ичидаги бу жосуслар номини “Озодлик”ка айтишни истамаган Р.Алиев бу рўйхат март ойида нашрдан чиқиши кутилаëтган “Ўғрибоши қайнота” китобига киритилишини ваъда қилди.

15 январь куни Олмаотада ниҳоясига етган суд Р.Алиев ишини кўриб чиққан биринчи жараëн бўлди. Р.Алиев жиноятларини кўриб чиққан иккинчи судлов Қозоғистон ҳарбий трибуналида, ëпиқ эшиклар ортида ўтказилди ва унда собиқ куёвнинг давлат сирлари билан боғлиқ жиноятлари кўриб чиқилди.

Р.Алиев махфий ўтган бу судловда ўзига қўйилган айбловлар “бориб турган бемаънилик” эканини таъкидлади.

“Мени Австрия ва АҚШ фойдасига жосуслик қилганлик, уларга давлат сирларини берганлик, 2001 йили президент Назарбоевни унинг қароргоҳида гаровга олиб, давлат тўнтариши ясашга уринганлик каби бемаъни жиноятларда айблашгача бориб етишди”,- деди Р.Алиев.

Р.Алиев буларнинг бари Н.Назарбоев режиссëрлик қилаëтган сиëсий томошадан бошқа нарса эмаслигини билдирди.

“Ўз шарҳида прокуратура менинг ишимни сиëсий мотивлари йўқ, дея тақдим этганига қарамай, бугун ҳамма бу ишнинг айнан сиëсий характерда эканини кўриб турибди”,- дейди H.Алиев.

Ўтган ëзда Австрия суди Қозоғистон прокуратурасининг мамлакатнинг Венадаги собиқ элчиси Роҳат Алиевни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровини рад этганди. Ҳозир расмий Остона Австрияга Алиев жиноятларини фош этувчи фактлар илова қилинган иккинчи сўров юбориш арафасида.

Айни пайтда Қозоғистон ҳуқуқ идоралари Олмаота судининг Р.Алиевга қарашли бойликни мусодара қилиш ҳақидаги қарори ижросига ҳам қаттиқ киришган. Шу мақсадда расмийлар Р.Алиевнинг хориж банкларида юзлаб миллион маблағи, шунингдек, кўплаб кўчмас мулки борлиги эҳтимолини тасдиқлайдиган ахборот изламоқда.
XS
SM
MD
LG