Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:37

Икки собиқ маҳбуснинг бир-бирига зид ҳикоялари


Айрим манбалар Европа Иттифоқининг Тошкент билан олиб бораëтган мулоқоти натижаси ўлароқ, яқин кунларда Халқаро қизил хоч қўмитаси вакилларининг Ўзбекистон қамоқхоналарига киришига ҳам изн берилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди.

Бундай некбинликнинг қанчалик асосли эканини текшириш учун “Озодлик” мухбири Халқаро қизил хоч қўмитасига қўнғироқ қилганида қўмита вакили Тошкент ҳукумати билан мамлакат қамоқхоналари ва ҳибсхоналарига кириш учун рухсат хусусида 2004 йилдан бери бораëтган музокараларнинг махфий характерда эканини таъкидлади.




“Айтишим мумкин ягона гап Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашувлар давом этаëтгани ва уларнинг жуда яхши бораëтгaнидир. Бу музокаралар самара бериб, дунë бўйлаб тутқун ва маҳбусларнинг гуманитар ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Халқаро қизил хоч қўмитаси вакилларининг Ўзбекистон қамоқхоналарига киришига изн берилса, жамоатчиликка ўзимиз хабар берамиз”,- деди қўмита вакили.

Ўзбекистон қамоқхоналарига кириб, вазиятни ўз кўзи билан кўриш ва ўрганиш учун бир неча йилдан бери расмий Тошкент билан ҳозирча самарасиз музокара олиб бораëтганлардан яна бири БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новакдир.

М.Новак бундан аввалроқ “Озодлик” билан суҳбатда Халқаро қизил хоч қўмитаси ва ўзининг бу сўрови жавобсиз қолса, ундан чиқадиган хулосанинг Ўзбекистон ҳукумати учун салбий бўлажагини таъкидлаган эди.




“Агар Ўзбекистон ҳукумати сўровларимизга ижобий жавоб қайтармас экан, бундан ҳукумат халқаро кузатувчилардан ниманидир яширмоқчи, деган хулоса чиқади ва бундай раддия қамоқхоналарда қийноқ қўллаш амалиëти ўзгаришсиз давом этаëтгани ҳақидаги айбловлар тасдиғи бўлади, холос”,-деган эди Манфред Новак.

Ўзбекистондаги вақтинчалик тергов изоляторлари ва жазони ўташ муассасалари эшиги қамоқхоналарда қийноқлар вазиятини бевосита кузатиб, аҳволга мустақил баҳо бера оладиган гуруҳ ва шахслар учун ëпиқлигича қолар экан, вазиятга фақат собиқ тутқунлар ëхуд маҳбусларнинг яқинлари ҳикояларигина ойдинлик киритиши мумкин.

2006 йилнинг 5 октябрида товламачиликда айбланиб, 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарида ҳам жисмоний, ҳам руҳий қийноқларнинг кундалик ҳолга айланганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади.

“Жисмоний қийноқлар у ерда деярли ҳар куни 3 марта қўлланилади: эрталабки овқатдан кейин, тушликдан кейин ва кечки овқатдан кейин. Махсус хоналарга чақиришади. Қатор бўлиб турасиз. Улар буйруқни беришади: ечин, деса ечинасиз, кийин, деса кийинасиз. Елкангни тут, қўлингни тут, дейди. Айтганини қиласиз, таëқлар билан уришади. Ўтириб оëғингни узат, дейди ва товонингизга махсус таëқлар билан уради. Бу концлагердаги жиноий ҳаракатлар қамоқдагиларнинг ҳаммасига қўлланилади. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим”,- деди У.Ҳайдаров.

Ўзбекистон ҳибсхонаси ва қамоқхонасида кечган мудҳиш кунларини хотирлар экан, мустақил журналист сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалганларга нисбатан қўлланилаëтган қийноқ усуллари, айниқса, қўрқинчли эканини билдирди.

“Сиëсий мотивлар билан қамалганларни ўз кўзим билан кўрдим. Уларнинг юриши немислар концлагерида юрганга ўхшаш аҳвол. Ҳеч кимга улар билан гаплашиш, ошхонада уларга бошни кўтариб қараш мумкин эмас. Бош кўтариб қарадингизми, тамом, елкангизга дубинка билан уришади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар алоҳида кучайтирилган назоратда сақланади. Уларни дунëдан бутунлай узиб қўйиш руҳий босимнинг энг юксак кўринишидир”,- дейди У.Ҳайдаров.

Бундан саноқли кунлар аввал, аниқроғи 2 февраль куни кутилмаганда озодликка чиқарилган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов эса “Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистон қамоқхоналарида жисмоний қийноқ қўлланмай қолганини маълум қилди

“Ҳозирги даврда жисмоний қийноқлар умуман йўқ. Тергов пайтида ҳам қийнаш йўқ, лекин алдаш кўпайиб кетибди. Кўпчилик терговчи мени алдабди, деб шикоят қилади”,- деди С.Зайнобиддинов.

Унинг таъкидлашича, қамоқхонада сақланаëтган сиëсий маҳбусларга на жисмоний ва на руҳий босим бор.




“Қамоқхонани яхши жой, деб бўлмайди, албатта. Мен эски сиëсий маҳбусларнинг баъзилари билан гаплашдим. Ҳаммаси яхши юрибди. Фақат озодликни қўмсашади, холос.Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият тўғрисида яқин кунларда ўтказишни мўлжаллаëтганим махсус матбуот анжуманида батафсил гапираман, қисқаси, вазият яхши томонга ўзгарган”,- деди C.Зайнобиддинов.

Мустақил журналист У.Ҳайдаров ва ҳуқуқ ҳимоячиси С.Зайнобиддиновнинг қамоқхонадаги қийноқлар ҳақида бир-бирига зид ҳикоялари Халқаро қизил хоч қўмитаси ва БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистон қамоқхоналарига кириб, вазиятни объектив ўрганишини кун тартибига янада долзарброқ қилиб қўяëтгандек.
XS
SM
MD
LG