Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Босим юмшагани эркинликка олиб келмади


“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ғарбнинг айрим давлатлари ва етакчи халқаро ташкилотлар расмийларини сўз эркинлигини ҳимоя қилишда “кучсизлик, қўрқоқлик ва иккиюзламачилик” қилаётганликда айблади.

“Чегара билмас мухбирлар” ўзининг навбатдаги йиллик ҳисоботида дунёнинг 98 давлатидаги вазиятни таҳлил этади.

Ташкилот хулосасига кўра, сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият дунёнинг бирор давлатида ҳам яхшилангани йўқ. Бунинг омиллари ва сабаблари барча давлатларда турлича бўлиши мумкин.

Бироқ бу гал “Чегара билмас мухбирлар ташкилоти” сўз эркинлигини тарғиб этишда Ғарбнинг айрим давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар расмийлари қатъиятсизлигини нишонга олди.

Ташкилотнинг Европа ва собиқ совет давлатлари бўлими раҳбари Элза Видалнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматига босимнинг юмшагани бу мамлакатдаги вазият яхшиланишига олиб келмади.

“ЕИ Ўзбекистон билан муросага эришмоқчи бўляпти-ю, бироқ кузатаётганимиз вазиятнинг яхшиланганини кўрсатмайди. Фикримизча, Ислом Каримов ЕИ расмийлари билан бу мулоқотни сўз эркинлигини яхшилаш учун эмас, фақатгина ўзининг манфаати йўлида ишлатяпти”,- деди Элза Видал.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел “Чегара билмас мухбирлар” ҳисоботига муносабат билдириб, масала ўта нозик бўлишига қарамай, ЕИ сўз эркинлиги масаласини доимо қатъий қўйиб келганини таъкидлади.

“Биз воқеаларнинг ўз навбати билан ривожланишига эришмоқчи бўляпмиз. Сўз эркинлиги узоқ муддатни талаб этувчи муҳим жараён эканини англаймиз ва бирор журналист ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг қамоқдан озод этилганидан хабар топганимизда буни сиёсатимизнинг натижаси ўлароқ қабул қиламиз”,– деди Пьер Морел.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг айтишича, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши учун биргина халқаро босимнинг ўзи етарли бўлмайди. Мамлакат ичкарисида ҳам ҳаракат бошланиши керак.

“Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қонунларини бузиб келмоқда. Европа давлатлари эса бу ҳақда вақти-вақти билан эслатиб туришга масъулдир. Лекин Ўзбекистон ҳукумати мана биз сўз эркинлигини беришга тайёрмиз деганда, бу иш билан ким шуғулланади? Мамлакат ичидаги журналистлар рухсат кутиб ётмасдан, сўз эркинлиги ҳимояси учун курашиши керак”,– деди Олег Панфилов.

Каримов режими ана шундай кураш туйғусини мунтазам бостириб келаётганликда ҳам айбланади. Аксар мустақил журналистларга босим кучайган бир вақтда ўтган йил сўнггида қилган чиқишларидан бирида И.Каримов журналистларни ҳақиқат учун курашга даъват қилганди.

Элза Видалнинг айтишича, И.Каримов сўз эркинлиги учун курашган ўз жияни Жамшид Каримовни руҳий хасталиклар шифохонасига қаматишгача борган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистонда журналистларнинг таъқиб этилиши давлат тизимининг бир қусури эканини билдирган.

“Сўз эркинлигининг таъқиб этилиши ортида тузум турибди. Бироқ бу тузумга раҳбарлик қилаётган шахс уни яхшилаётгани йўқ”,- деди Э.Видал.

Бу тузум бир неча мухолифат журналистини узоқ йиллар давомида қамоқларда сақлаб келмоқда, мустақил журналист Жамшид Каримов қарийб бир ярим йилдан буён руҳий хасталиклар шифохонасида қолмоқда.

Мамлакатда барча оммавий ахборот воситалари ҳукумат томонидан назорат қилиниб тарғибот воситаси сифатида ишлатилади. Хориж радиостанциялари фаолияти тақиқланган. Интернетда сиёсий сайтларнинг барчасига чекловлар жорий этилган.

Кузатувчилар фикрича, бу вазиятни яхшилаш учун узоқ муддат ва улкан саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Ҳозирча эса Ўзбекистон сўз эркинлиги ва матбуотни бўғувчи энг абгор давлатлар ўнталигида қолмоқда
XS
SM
MD
LG