Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:13

Маҳлиё Тожибоева: “Қамоқда онамга муносабат ўзгарган”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:423oNkCnU0wZsM:http://www.frontlinedefenders.org/files/en/imagecache/thumbnail/files/en/images/news/mutabar.jpg Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбуслар тақдири ҳақидаги суҳбатларнинг бу галги қаҳрамони таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева бўлади.

Марғилондаги “Ўтюраклар” клуби асосчиси Мўътабар Тожибоева Ирландиядаги инсон ҳуқуқлари анжуманига кетаëтганида 2005 йилнинг 7 октябрида ҳибсга олинган ва олти ой бир кишилик камерада сақланганидан сўнг 2006 йил 6 мартда Ўзбекистон Жиноят кодексининг бирваракайига 16 моддаси, хусусан, таъмагирлик, туҳмат қилиш ва товламачиликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳозир Ўзбекистондаги УЯ 64/7 рақамли ягона хотин-қизлар турмасида жазо муддатини ўтамоқда. 45 ëшга кирган М.Тожибоеванинг биттаю битта фарзанди, 24 ёшли Маҳлиë ўз онасининг қамоқдаги кунлари ҳақида ҳикоя қилар экан, гапни энг сўнгги кўрганларидан бошлайди....

Маҳлиë Тожибоева: Охирги марта тоғам бугун кириб чиқди. Мен январда икки суткаликка кириб чиққан эдим.

Озодлик: Аҳволлари қанақа эди?

Маҳлиë Тожибоева: Аҳволи жуда ҳам яхши. Чиройли кийинган, кайфияти аъло. Олдинги Мўътабар Тожибоева бўлиб қолибди.

Озодлик: Яқинда уни қийнашаëтгани, аҳволи ëмонлиги ҳақида хабар келган эди. Бирданига бунақа чиройли кийиниб, яхши бўлиб қолишининг сабаби нимада?

Маҳлиë Тожибоева: Билмадим. Шифохонага ëтиб чиқибди. Яхши қарашибди.

Озодлик: Нима касал билан ëтдилар?

Маҳлиë Тожибоева: Буйраги ва юраги оғриб ëтди.

Озодлик: Шифохонада яхши қарашибдими?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, яхши қарашибди. Жазони ижро этиш бош бошқармасидагилар бориб бир ой ëтади, деб талаб қўйибди.

Озодлик: Демак, тепадан келган буйруқ бўйича уларни шифохонага ўтказиб яхши қарашган.

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа. Олдин томоғи ҳам оғрир эди. Ўша куни умуман йўталмади.

Озодлик: Ўзингиз алоҳида ўтириб гаплашдингизми?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, икки кун туриб чиқдим.

Озодлик: Бирдан бунақа ўзгариш ҳақида нима деяптилар?

Маҳлиë Тожибоева: Сизларнинг ëрдамларингиз билан даволаниб чиқдим, деб айтди.

Озодлик: Муносабат ўзгарибдими?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, яхши томонга ўзгарибди.

Озодлик: Бир-икки марта менга ëмон муносабатда бўлишяпти, мени ўлдиришмоқчи, деган мазмунда хат ëзган эдилар.

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, ўшандан кейин яхши қарашибди.

Озодлик: Бу хатларни ўзлари ëзганликларини сизга айтдиларми?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, ўзлари ëзган эканлар.

Озодлик: Қийноқлардан кейинги аҳволини сиз кўрдингизми?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, кўрдим. Аҳволлари жуда ҳам ëмон эди. Касаллиги билиниб турарди. Кулмас эди. Ҳолсиз бўлиб, гапиргиси ҳам келмасди.

Озодлик: Қанақа қийнашганини ўзлари айтиб бердиларми?

Маҳлиë Тожибоева: Жазо камерасига киргандан кейин ўзини оссин, деб арқон қўйиб кетишибди. Кечаси бошлиқлар телефон қилишаркан. Жазо камерасига сол, деб айтишаркан. Икки соатлардан кейин яна телефон қилиб тўполон қилмадими, деб сўраб хабар олишаркан. Бир куни ҳожатхонага сўрамасдан кирдинг, деб жазо камерасига олиб кириб кетишибди.

Озодлик: Мўътабар опани қийнаган Ласточка деган аëл ҳақида хабарлар чиққан эди. Хабарингиз борми?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, хабарим бор. Ҳозир қийнамаëтган экан.

Озодлик: У ëқда иш қилаëтган эканларми?

Маҳлиë Тожибоева: Йўқ. Биз борганда бошқа аëллар ҳам учрашувга чиққан экан. Онамнинг ҳурмати яхши экан. Ҳаммаси ҳурматини жойига қўйишди.

Озодлик: Нимага амнистияга тушмаяптилар?

Маҳлиë Тожибоева: Оқланиб чиқаман, деяптилар.

Озодлик: Яқин орада чиқиб қолишларига умидлари борми?

Маҳлиë Тожибоева: Умидлари бор, лекин чиқишига кўнгли ишонмаяпти.

Озодлик: Нима учун?

Маҳлиë Тожибоева: Билмадим. Менимча, кўнгли чиқмаслигини сезиб бўлган.

Озодлик: Яна неча йил қолди?

Маҳлиë Тожибоева: 6 йил.

Озодлик: Мўътабар опага ҳар хил айблар қўйилиши сабаблари нима, деб ўйлайсиз?

Маҳлиë Тожибоева: Сиëсатга аралашгани учун туҳмат қилишди.

Озодлик: Хорижий ташкилотлар, элчихоналар сизлар билан боғланишадими?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, телефон қилиб туришади. Ҳаракат қиляпмиз, ҳаммаси яхши, дейишади.

Маҳлиë суҳбат давомида онаси сиëсий фаолияти учун қамалганидан сўнг ўз бошига тушган азоблар, уйқусиз тунлари ва изтироблари ҳақида гапирар экан, оддий одамларнинг аксари Мўътабар Тожибоеванинг бошқалар учун қилган ишларини қадрлашини айтади. Шу боис, онам қамалганидан сўнг менга нисбатан атрофимдагилар муносабати деярли ўзгармади, деб давом эттиради суҳбатни Маҳлиё.

Маҳлиë Тожибоева: Қайнона-қайнотам ҳам зўр. Қўни-қўшнилар, ҳамма яхши. Чунки онамни ҳамма билади. Кўпчиликка ëрдам берган.

Озодлик: Қиз бола учун онасини қамоқда кўриш жуда оғир бўлса керак, тўғрими?

Маҳлиë Тожибоева: Тўғри. Онамни соғинаман. Ҳар икки ойда бораман. Онам билан ҳар гал учрашганимда улар умуман йиғламайдилар. Улар билдирмайдилар. Соғиндим дейди-ю, лекин йиғламайди. Бошида бир йил киргизмаган пайтда йиғлади. Ҳозир йиғламайди.

Озодлик: Лекин сиз йиғлайсиз...

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа.

Озодлик: Сиз Мўътабар опа қамоқда пайтда фарзандли бўлдингиз. Онангизнинг йўқлиги билиндими?

Маҳлиë Тожибоева: Албатта, билинди. Қайнона-қайнотам ëнимда турди (ўксиниб йиғлаб), лекин онасиз жуда оғир. Онамни соғиндим. Ҳозир ëлғиз ўзим қолиб кетганман.

Озодлик: Мўътабар опа невараларини кўрдиларми?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа, кўрди. Роса хурсанд бўлди.

Озодлик: Онангиз сиëсат билан шуғулланиб қамоққа тушганлигидан, энг керакли пайтда ëнингизда йўқлигидан улардан ўпкалаш борми сизда?

Маҳлиë Тожибоева: Йўқ. У кўпчиликка ëрдам берди. Кўпчиликни қамоқдан чиқарди. Қамоқдан чиққан болаларнинг бири амма, бири хола дерди. Ҳаммалари яқин бўлиб кетишган эди.

Озодлик: Хўжайинингиз онанг учун бунақа гап эшитяпман, деб юзингизга солгани йўқми?

Маҳлиë Тожибоева: Йўқ. Биз севишиб турмуш қурганмиз. Аммо ҳозир у Россияда. Иш билан кетган. Телефон қилиб туради.

Озодлик: Онангизни қийноққа солганларини эшитганингизда қанақа аҳволга тушдингиз?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳар кун кечаси йиғлаб чиқардим.

Озодлик: Онангизга туҳмат қилиб, уни қамаган одамларга айтадиган гапингиз борми?

Маҳлиë Тожибоева: Ўша пайтда Худо кўрсатди ҳаммасини. Ўша етади.

Озодлик: Нима бўлди?

Маҳлиë Тожибоева: Биттасининг иккита боласи ўлиб қолди, биттаси ишдан кетди, биттаси қамалди. Улар рўза ойида туҳмат қилишган эди. Ўшандан ўн кун ўтиб Худо уларга кўрсатди.

Озодлик: Уларни ўшанда қарғаганмидингиз?

Маҳлиë Тожибоева: Ҳа. Бунинг устига, ўша пайтда ҳомиладор эдим.

Озодлик: Нима деб қарғагансиз?

Маҳлиë Тожибоева: Худо кўрсатсин ҳаммангга, деб йиғлаб, сўкканман.

Озодлик: Онангизнинг озод қилиниш-қилинмаслигини ҳал этадиган одамларга нима деган бўлардингиз?

Маҳлиë Тожибоева: Нима дердим, менга онам керак ҳозир. Онам бегуноҳлигига ишонаман.

Озодлик: Онангизга айтадиган гапингиз бўлса, айтиб олинг.

Маҳлиë Тожибоева: Эшитмайди-да барибир.

Озодлик: Балки эшитиб қоларлар....

Маҳлиë Тожибоева: Онажон, сизни соғиндим. Тезроқ чиқинг. Менга кераксиз. Ҳали кўп керак бўласиз.
XS
SM
MD
LG