Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:24

Гулнора Олтиева: “Юсуф Жуманинг аëли бўлиш мен учун фахр”


“Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиëсий маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг бу галги меҳмони таниқли шоир Юсуф Жуманинг рафиқаси Гулнора Олтиевадир.

Бухоронинг Қоракўл туманида туғилиб, шу ерда яшаб келган Юсуф Жума ўзининг исëнкор шеърлари билан танилган. Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери ҳукумат босими ҳам Юсуф Жумани муттасил таъқиб этиб келди. У 2001 йилда ўз шеърлари учун судга тортилган, аммо халқаро жамоатчилик босими остида кўп ўтмай озодликка чиқарилган эди.

23 декабрь кунги Ўзбекистон президенти сайлови арафасида ўзи ва оила-аъзолари билан норозилик пикетлари ўтказган Юсуф Жуманинг оиласи, уларнинг “Озодлик”ка ҳикоя қилишича, 9 декабрдан 10 декабрга ўтар кечаси қуролли қўшин томонидан қуршовга олинган. Шоир, унинг аëли, болалари ва неваралари ўқ ëмғири остида уйидан қочиб, жон сақлашга муваффақ бўлган. Аммо 17 декабрь куни Юсуф Жума ва ўғли Бобур Янгийўл туманида ҳибсга олинди. Юсуф ва Бобур Жумаевлар ҳозир Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари, хусусан конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланмоқда. Шоирнинг яна бир ўғли Машраб ҳам қамоқда. Юсуф Жуманинг айнан конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланаëтган турмуш ўртоғи Гулнора Олтиева эса бугун қувғинда. Гулнора опа ўқлар ëмғири остида қолган Қоракўлдаги уйини бир кўйлакда ташлаб кетгани ва 10 декабрдан бери турмуш ўртоғи ва икки ўғли ҳолидан деярли хабарсизлигини айтади “Озодлик” билан суҳбатда.

Гулнора Олтиева: Отбозор турмасида сақлашаëтган экан. Қайси турмада, қанақа аҳволда эканини, тақдири нима бўлишини билмасдан роса изтироб чекдик. Худо бошқа бандаси бошига бунақа кунларни солмасин.

Озодлик: Юсуф ака ҳозир ўғли Бобур билан битта жойдами?

Гулнора Олтиева: Ҳа. Адвокат Руҳиддин аканинг айтишича, шу ëқда экан. Уларни жисмонан ва руҳан қийнашаëтган экан. Аҳволи ҳам ëмон экан. Хўжайиним қийноқ бўлаëтгани тўғрисида ëзиб берган аризани Руҳиддин ака олиб чиқаëтганда, уни тинтув қилишган. Ўлим билан қўрқитишганини ўғлим Алишер билан телефонда гаплашганда айтибди. Умидимиз шу адвокатдан эди. Яна бордими, бормадими, лекин билмадим.

Озодлик: Юсуф акани иккита милиционер билан ҳам қўлга олиб кетишлари мумкин эди. Шунча қўшин, қурол билан келиб, куч сарфлаш сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

Гулнора Олтиева: Биз ҳақсизликка, адолатсизликка қанча йиллардан бери курашиб, азоблар кўриб келаëтган оиламиз. Юсуф акани халқ яхши кўради. Бу ҳукуматнинг пойдевори цементдан эмас, лойдан қурилган. Бу халқни қўрқитиб, уятсизларча ўтирган тахтида ўтириб қолиш мақсадида қилган иши бўлди.

Озодлик: Демак, сиз оилангизга бўлган бундай муносабатда президентни айблайсиз?

Гулнора Олтиева: Албатта, президентни айблайман. Бошқа кимни айблайман. У уялиши керак. 3 марта сайланди. Нима, Ўзбекистонда ундан бошқа одам йўқми? Хўжайиним ëки ўғилларим президент бўламан, деб чиқаëтгани йўқ. Биз президент ўлсин ëки юртдан кетсин, деб чиқмаганмиз-ку. Бизнинг уни президентлик тахтидан кетказиб, ўрнига ўтириб олиш ниятимиз йўқ. Ўзбек халқини хўрлаëтгани бизга алам қилади.

Озодлик: Юсуф ака билан Бобурнинг тақдири нима бўлади, деб ўйлайсиз?

Гулнора Олтиева: Юсуф ака хўжайиним, Бобур ва Машрабжон эса фарзандларим. Шу билан бирга, улар Аллоҳнинг бандалари. Аллоҳ кўрмайдиган жой йўқ. Мен бир онаман. Худо уларни менга берди. Бу синов даври ҳозир. Аллоҳ синаб турибди. Унга ҳуқуқ бериб синаб турибди. Аллоҳ эртага бировнинг қўли билан менинг болаларимга азоб бераëтганлар боласи бошига ҳам болаларим бошига тушган кунни солади. Ўшанда изтироб чекиш қанақа бўлишини унинг аëли ҳам ўзи ҳам билади.

Таниқли шоир Юсуф Жуманинг аëли суҳбат давомида ўз ҳаëти, турмуш ўртоғи ва икки фарзанди қамоқда қолаëтганидан чекаëтган бугунги изтироблари ҳақида гапирар экан, Юсуф Жуманинг исëнкор руҳи ўзига юққани ва қарийб 30 йиллик биргаликдаги турмуш даврида шоирнинг ғоя ва маслаги ўз ғоя ва маслагига айланганини айтади.

Гулнора Олтиева: Мен турмушга чиққанимда Юсуф акам 17 ëшда эди. Турмушга чиққанимдан бери менга ва болаларимга қўрқоқларнинг ҳам, мардларнинг ҳам борадиган жойи қабр, деб айтадилар. Адолатсизликни ҳеч қачон кечирманглар. “Аллоҳ қаерда бўлмасин, ажал етганда бандаси жонини олади. Бусиз уни на қамаб ўлдириб бўлади, на отиб. Қўрқоқ бўлсаларинг ҳам ажалинг ўшаларнинг қўлида бўлса, оëғига йиқилсанг, тепиб ўлдиради, қочсанг тутиб ўлдиради. Ана шу гапим эсларингда бўлсин. Бировга яхшилик қилинг. Ëмонлик итнинг ҳам қўлидан келади, яхшилик ҳамманинг қўлидан келмайди”, деган гапларни доим бизга уқтириб келадилар.

Озодлик: Юсуф Жуманинг аëли бўлиш сизга осон бўлмаган бўлса керак...

Гулнора Олтиева: Юсуф Жуманинг аëли бўлиш мен учун фахр. Азоб кўрдим, дейиш мен учун уят. Ўзбек халқидан ҳам шуни илтимос қиламан: эгилиб яшаш азоб. Халқнинг ҳар бир боласини менинг фарзандим, деб оëққа турсинлар, курашсинлар. Менинг 10 та болам бағримда, деб ëтмасин. Ўша болалари бошига ҳам менинг болаларим бошига тушган кун тушади.

Озодлик: Мана, шунақа курашчан одамнинг ëнида яшаб, уни қўллаб-қувватлаганингиз, унинг ғояларига қўшилганингиздан иккита фарзандингиз ва хўжайинингиз қамоқда. Сиз бундан афсусланмайсизми?

Гулнора Олтиева: Асло афсусланмайман. Фахрланаман. Болаларим адолатни сўраб чиқди. Нима айтган бўлсалар, ҳақиқатни айтдилар. Мен улар билан фахрланаман. Майли, азоб ўтадиган нарса. Аллоҳ азоблайман деса, очиқда юрганларни ҳам азоблайверади. Бир оғир дард бериб қўйса, касалхонада йиллаб ëтаверади. Курашиб, халқининг озодлиги учун майдонга чиқиб қамоқда ëтган эканлар, мен болаларим билан ҳам, турмуш ўртоғим билан ҳам фахрланаман.

Озодлик: Мана, хўжайинингиз ва икки ўғлингиз қамоқда. Ўзингиз қувғиндасиз. Айтишингизча, 3 та неварангиз гапира олмайдиган бўлиб қолибди. Ҳаëтнинг бир қийин даврини бошдан кечиряпсиз. Шунақа пайтда сиз нимадан юпанч топасиз?

Гулнора Олтиева: Маҳтумқулининг битта шеъри бор:

Минг қайғу бирлашса, бир иш битирмас,
Эр йигит кўнглига қайғу келтирмас.

Аллоҳдан мадад сўраймиз. Номардларнинг инсофини берсин, деймиз. Аллоҳдан сабр тилаймиз. Узоқдаги дўстларимизга суянамиз. Албатта, бизни яккалатиб қўйишмайди.

Озодлик: Ҳозир сизни Юсуф ака ва болаларингиз эшитаëтган бўлса, уларга нима деган бўлар эдингиз?

Гулнора Олтиева: Мен уларга шундай дердим: Аллоҳдан сабр сўранглар. Албатта, ҳаммаси яхши бўлади. Тушунмаган ғанимлар ҳаммасини тушуниб олади. Ўзлари уялади қилган ишларидан.

Озодлик: Ўзингиз ҳам шеър ëзасизми?

Гулнора Олтиева: Ҳа, машқ қилиб тураман. Хўжайинимга кўрсатиб тураман. Юсуф акам қамалган пайтларда 3 кун тинимсиз ëмғир ëғиб қолди. Шу пайтда осмонга қараб шу шеърни ëзганман:

Куни билан йиғладинг, осмон
Наҳот сенинг ëринг қамоқда.
Болаларинг қамоқда бу кун,
Ë дардлашдинг мен била бу кун.

Озодлик: Яхшигина шоира экансиз-ку...

Гулнора Олтиева: Мен шоира эмасман. Мен шоирнинг аëлиман.

Озодлик: Невараларингизнинг аҳволи қанақа?

Гулнора Олтиева: Улардан ҳеч ҳам хабарим йўқ, билмадим. Улардан Аллоҳни ўзи хабардор бўлсин.
XS
SM
MD
LG