Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Изоляция зарурми ёки санкциялар фонидаги мулоқот?


Ғарб давлатларини Ўзбекистонни изоляциядан чиқаришга ҳали эрталиги тўғрисида огоҳлантирган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Ўзбекистонда сиёсий ва демократик ўзгаришлар кузатилмаётганини бунга асос сифатида келтирмоқда.

Гарчи сўнгги кунларда Ўзбекистонда айрим ҳуқуқ ҳимоячилари авф этилган, бу гўёки илиқлашув сифатида кўрилаётган бўлса-да, ўзбек мухолифати ҳамда демократик кучлар вакиллари юқоридаги хулосани қўллаб-қувватлаётир. Улар бу илиқлик расмий Тошкент ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятлар доирасидаги талабларни бажара бошлаганидан дарак эмас, деб ҳисобламоқда.

Шахсан ўзи изоляцияга қарши эканини билдирган “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов сўзларига кўра, санкция тизимини мукаммаллаштириб, мулоқот олиб борилиши ва самара берадиган санкцияларни қўллаб бориш керак.

“Аминманки, Европа Иттифоқи (озод қилиниши зарур бўлганларнинг) анча катта рўйхатини берган. Ҳукумат унинг ичидан кимни озодликка чиқарса, назоратни йўқотиб қўймаслигини эътиборга олиб танлайди. Бу ҳам бир сиëсий найранг. Мухолифатга ва инсон ҳуқуқларига муносабат ўзгаргани йўқ. Яқин ўртада ўзгаришига умид қилиш ҳам нотўғри. Сабаблари халқаро жамоатчилик учун ҳануз сирлигича қолаётган Андижон воқеалари ортидан қамалган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг озод этилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари устиворлиги томон ён босилаётганига далолат, дейиш ҳукуматнинг сиёсий найрангларига учишдан бошқа нарса эмас”,- дейди О.Орипов.

О.Орипов мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган ўнлаб сиёсий маҳбуслар, қувғинда юрган мухолифат вакиллари, давлат рўйхатидан ўтказилмай келаётган мухолиф партиялар, инсон ҳуқуқлари ташкилотларини номма-ном санар экан, мамлакатнинг ҳозирги ҳукумати Ўзбекистон демократик кучларининг бу қатламига йўл беришига ишонмайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги эркин фикрли, мухолиф кучларга нисбатан зулмини кесиш йўли эса, ўзбек мухолифатининг аксар вакиллари фикрича, мамлакатни изоляцияга солиш эмас, балки кучайтирилган санкциялар асосида мулоқотни давом эттиришдир.

Бу фикрни Ўзбекистондаги вазиятни бевосита кузатаётган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиласи Андреа Берг ҳам тасдиқлайди. Яқинда ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат қамоқхоналарида қолаётган бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам озод этишга чақирган ва маҳбуслар борасида ўзида мавжуд рўйхатни эълон қилган эди.

“Ташкилотимиз ҳамиша мулоқот тарафдори бўлган. Аммо бу мулоқот муайян кучга эга бўлиши керак. Шу боис, биз ЕИни мунтазам танқид қилиб келамизки, баъзан улар учун гарчи натижасиз бўлса-да, мулоқотнинг ўзи кифоя қилаётгандек. Ўзбекистон ҳукумати ташлаётган қадамларни рамзий бўлса-да, олқишлаймиз. Аммо Ўзбекистонда умуман инсон ҳуқуқлари аҳволи ўнгланмас экан, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида бошланган мулоқот натижа берди, дейиш қийин”,- деди Андреа Берг.

ҲРУ айни вақтда Тошкентда ваколатхона ва вакил учун аккредитация олиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Ташкилотнинг икки-уч кун муқаддам Тошкентга борган вакили Игор Воронцов тез орада ижобий натижа бўлишига умид билдиряпти.

Бироқ бу музокараларнинг бошланганига ҳам анча бўлди. Бундан ташқари, мамлакат қамоқхоналаридаги вазиятни инспекция қилиш учун рухсат олишга уриниб келаётган Халқаро қизил хоч жамияти ҳам 2004 йилдан буён натижасиз музокараларни давом эттирмоқда.

“Шу вазиятни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, бу давлат ҳукумати ҳали халқаро жамоатчилик кутаётган сиёсий қадамларни ташлашга тайёр эмас ва биз ЕИга Ўзбекистонни изоляциядан чиқаришга ҳали эрта эканини тавсия қиламиз,- дейди Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Пол Куин-Жаж. - Бу биз учун ҳисоботнинг асосий нуқтасидир. Биз ЕИ ва АҚШнинг Ўзбекистон билан алоқаларида сезилар-сезилмас илиқлик пайдо бўлганини сезмоқдамиз. Лекин бундай илиқликка ҳам ҳали эрта. Чунки Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида ислоҳотлар ўтказишга ҳали тайёр эмас”.
XS
SM
MD
LG