Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:08

Уйга етиш қийинлашди


Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида уй-жой, ер участкаларининг нархи ҳануз ошиб бормоқда. Бундан икки йил муқаддам кутилмаганда 5-6 баробар қимматлаган уйларнинг нархи ҳозирга келиб 7– 10 баробар қиммат бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги ўртаҳол оилалар янги оила қураётган фарзандларига янги уй олиб беришдек орзу-ҳавасдан воз кечиб қўя қолмоқда.

Ўртача 80-100 АҚШ долларига етар-етмас ойлик оладиган ўртаҳол оилалар Тошкент шаҳридан икки хонали уй харид қилиши учун камида 15 минг, кўпи билан 80 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ йиға олишига ишонмайди.

“Озодлик” бу борада суҳбат ўтказди ва дастлабки суҳбатдош 26 ёшли Искандар Худойқулов. Тошкент шаҳрида яшайди. Давлат корхонасида ишлайди ва ойига 100 АҚШ долларига яқин маош олади. Уйланиш ва ҳеч бўлмаганда икки хонали уй олиш ниятида. Бундан икки-уч йил муқаддам ҳам бир амаллаб уй олса бўлишини айтади Искандар.

“Икки йил олдин уй жуда арзон эди. Бизда уй олиш имконияти анча-мунча енгилроқ эди. У пайтда ўртача икки хонали уй 2500-3000 доллар атрофида эди. Кейин бирданига қимматлаб 6000-8000 долларга чиқиб кетди. Кейинроқ 12000-15000 долларга чиқди. Ҳозир 30000 долларгача. Нафақат ëш оила, балки оиласи йўқ одам ҳам умрининг охиригача уй ола олмайди. Ўртаҳол яшайдиган оилада эр-хотин ишласа, 250 доллар атрофида пул топади. Бу фақат яшаш учун кетадиган пул, холос. Бундан бошқа пул келадиган жой бўлмаса, у қанақа қилиб олади уйни. Уйлар нега қимматлаб кетганининг асл сабаблари менга қоронғу”,- дейди Искандар.

Навбатдаги суҳбатдош Шоҳиста Каримова 26 ёшда. Яқинда оила қурган. Тошкентдаги академик лицейлардан бирида ўқитувчи. У ҳам турмуш ўртоғи билан уй олишни ният қилган эди. Аммо ҳозир бунинг бирор имконини кўрмаяпти. Ҳатто банклар таклиф қилаётган кредит хизмати ҳам уни қутқармас экан.

“Гаров тариқасида кўчмас мулк қўйилган тақдирдагина кредит бера олишлари мумкинлигини айтишди. Ўзи уй олишга имконияти бўлмаганлар кредит олишга боради-ку. Уларни ҳозирги иқтисодий даражасини ҳисобга олган ҳолда шартларини имтиëзли қилиш керак эди. Менинг гаровга қўйиш учун шунча миллионлик мулким бўлганида давлат идорасида қоғоз кўтариб бош оғритиб юрмасдан, уни сотиб, бошқа уй олиб қўяверар эдим. Уй қимматлаши асл сабаблари нимада? Буни Тошкентда аҳоли кўпаяëтгани билан изоҳлашади. Бунинг устига, қишлоқларда иш қолмагандан кейин ҳамма ўзини Тошкентга уради. Тошкентда кейинги пайтларда дунëга кўз-кўз қиламиз, деб маданий бинолар, кўприклар қурилди, лекин оддий аҳоли яшайдиган жой қуриш деярли йўқ бўлиб қолди. Аҳолининг аксарият қисми 60-70-йиларда қурилган уйларда истиқомат қиляпти”,- дейди Шоҳиста.

Оила қурилган, унга уй-жой керак. Аммо ойига 100, борингки, 200 АҚШ доллари миқдорида икки киши маош олган тақдирда ҳам, тишини тишига қўйиб тежаган тақдирда ҳам ҳатто бир хонали уй олиш учун энг камида 10-15 йил пул йиғиши керак экан. Шунда ҳам агар бу оила шу давр ичида фарзандли бўлмаса. Аммо ўзбекнинг оиласи учун бу ёт йўл.

Тошкентлик иқтисодчи Хайрулла Абдурашидов Ўзбекистондаги йирик шаҳарлар, хусусан, Тошкент қачондир аҳолининг аксар қисми ижарада яшайдиган йирик шаҳарлар типига кириб бориши табиий экани, аммо бу жараён сунъий равишда тезлаштириб юборилганини айтди.

Бунинг биринчи сабаби кенг жамоатчиликка сирли тарзда Ўзбекистондаги кўчмас мулкнинг хорижлик пулдор томонидан сотиб олинишига яратилган имкондир. Сўнгги икки йил ичида Қозоғистон ва россиялик пулдорлар Тошкент шаҳридаги кўп қаватли турар-жой биноларини сотиб ола бошлади.

“Мен аниқ биламан, пули бор бир хил одамлар ўзининг номига эмас, бошқа бировнинг номига бир нечта уйларни сотиб ола бошлади. Албатта, булар қариндошлар бўлади. Аммо уларнинг ҳужжатларини ҳеч қаерда кўрмайсиз. Бу нарсани ҳеч ким сизга аниқ айта олмайди ва айтмайди ҳам”,- дейди Х.Абдурашидов.

Унинг фикрича, ёлғизгина бу сабабнинг ўзи ҳам уй-жой биноларининг 10 баробарга қадар қимматлаб кетиши учун етарли эмас. Бунинг яна бир сабаби Тошкент шаҳри аҳоли турар-жойларининг бузилиши ва уларнинг ўрнига янги турар-жойлар қурилмаётганидир.

“Уйлар кўпроқ бузилаëтган Учтепа, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Собир Раҳимов туманларида уй нархи бирдан кўтарилди. Яна битта сабаби эса марказга яқин бўлган Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туманларидан фирмаларнинг офис учун жойларни ижарага ола бошлаганидир”,- деди Х.Абдурашидов.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонинг йирик шаҳарларида ҳам турар-жойлар қачондир қимматлашиши ва Марказий Осиёдаги бошқа йирик шаҳарлардаги каби нархларга етиши кутилган эди. Аммо бу фақат Ўзбекистоннинг ўзигагина хос бир тарзда – кенг жамаотчилик учун сир, аммо тахмин қилса бўладиган сунъий механизмлар асосида содир бўлди.
XS
SM
MD
LG