Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:56

НА “ЗАР”И, НА “ЗЎР”И БЎЛГАН ҚАРИЯЛАР ҚАЕРДА ДАМ ОЛА БИЛАДИЛАР?


Ёш ўтган сари инсон ўз саломатлигини тиклашга, дам олишга эҳтиёж сезиши ҳаммага маълум. Ҳозирда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан нафақа ёшидаги қарияларга турли оромгоҳлар, соғломлаштириш марказлари, санаторийларда даволаниш учун бепул йўлланмалар берилади. Аммо Ўзбекистонда бундай йўлланмани олиш учун йиллаб навбат кутаётган қариялар ҳам кўп.

Дам олишга ким ҳақли эканини “юқори”дагилар ҳал қиладилар

74 ёшли Ноила ая ҳам даволаниб келиш илинжида беш йилдан бери навбат кутаётганлигини айтади.
Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ая истиқомат қиладиган туман ижтимоий таъминот бўлимига сим қоқдик. Ҳақиқатан ҳам йўлланма кутаётганлар орасида нафақат 5 йил олдин, балки ундан ҳам аввалроқ навбатга ёзилган қариялар борлигини аниқлагач, мутасадди ходимдан бунинг сабабини сўрадик. У бу ҳолат сабабини ҳозирда бундай оромгоҳларда қариялар дам олиши ёки даволаниши учун камроқ йўлланма ажратилаётгани билан изоҳлади. Бундан ташқари, ижтимоий таъминот бўлими ходимига кўра, бу масалани туман ижтимоий таъминот бўлимидан юқорироқда турган мутасаддилар ҳал қилади.

Йўлланма олиш учун ё “зар”инг бўлиши керак, ё “зўр”инг

Ноила ая ўзига ўхшаган кўплаб нафақахўрларнинг фикрига асосланган ҳолда, бундай йўлланмаларни тез ва керакли пайтда қўлга киритиш учун ё йўлланма нархининг камида ярмини тўлаш, ёки таниш-билишларни ишга солиш шартлигини таъкидлади. Унга кўра, бундай йўлланмалар уларни олишга ҳақдор қарияларга эмас, балки ўз имкониятларини ишга сола олган уддабурон кимсаларга насиб қилмоқда. Суҳбатдошимиз ўз фикрининг исботи сифатида фақат қариялар учунгина мўлжалланган пойтахтдаги “Нуроний” оромгоҳида барча ёши улуғ кишилар орзу қилган ёз ойларида ёш-яланг қиз-жувонларни ва эркакларни ҳам учратиш мумкинлигини айтди.
Биз аянинг сўзларига яна ойдинлик киритиш мақсадида пойтахтдаги туман ижтимоий таъминот бўлимларидан бирига қўнғироқ қилиб, у ердаги масъул ходимга нафақахўр қариндошимизга тезлик билан оромгоҳда даволаниш учун йўлланма кераклигини тушунтирдик. Гапларимизни истар-истамас эшитган ходим аввало бунинг имкони йўқлигини уқтирган бўлди, бироқ баъзи шартларига кўнсак, бундай йўлланмани етказиб бериши мумкинлигига шаъма қилди.

“Ё насиб...”

Мавзу юзасидан суҳбатда бўлган яна бир неча қария ўзларининг саломатликларидан ташвишда эканларини билдирдилар. Аммо улар ҳеч кимнинг аралашувисиз, йўлланма навбати келгунича умрлари ҳам етмай қолиши мумкинлигидан афсусланиб гапирдилар.
XS
SM
MD
LG