Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

ТЕЛЕФОН ҚУЛАЙЛИКМИ Ё НОҚУЛАЙЛИК?


Пойтахт Тошкентда амалга оширилаётган телефон тармоқларини қайта созлаш иши яна аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Дастлаб мижозлар учун бир ойга 90 дақиқали чеклов жорий қилинишию еттита рақамли янги тармоқдаги алоқа сифатининг ёмонлигидан нолиган шаҳарликлар эндиликда яна бир ноқулайликдан шикоят қилмоқдалар.

“Алло, бу менинг уйимми?..”

Тошкентлик суҳбатдошларимизнинг маълум қилишларича, яқинда ўзгартирилган телефон рақамлари мижозларга ҳеч бир огоҳлантириш берилмасдан қайта ўзгартирилмоқда экан. Ҳеч нарсадан хабари йўқ мижоз телефонининг нима сабабдан ишламаётганини билолмай хуноби чиқмоқда. Уларнинг таъкидлашларича, айрим телефон тармоқлари тамоман ўзгариб кетгани туфайли аҳоли ўз эҳтиёжи учун лозим бўлиб қолган рақамларни топа олмай қийналмоқда. Энг қизиғи, телефон рақами ўзгарганидан бехабар айрим одамларнинг ўз уйига қўнғироқ қилиб, бошқа жойга тушиб қолаётганларидир.
Яна биз билан суҳбатда бўлганларнинг айтишларича, керакли телефон рақамини аниқлаб берадиган 09 ёки 059 маълумот хизматларида ҳам баъзан эски рақамлар берилади ёки кўпинча, бу хизматларга тушишнинг иложи бўлмайди.
“Ҳатто нархи фалон пул турадиган “Yellow pages of Uzbekistan” - Ўзбекистондаги телефон рақамлари маълумотномаси китобида ҳам бундан бир неча йил аввал мавжуд булган рақамлар берилган”, - дейди бир зиёли суҳбатдошимиз.
Яна унинг эътирофича, бундай маълумотномада керакли ташкилот ё корхона рақами у ёқда турсин, ўта зарур бўлган шифохона рақами ҳам тўғри берилмаган. Аниқроғи, рақам тўғри берилган, лекин у шу кунда ўзгариб кетгани учун одамлар сарсон бўлмоқдалар.

“Кечирасиз, бошқа ерга тушиб қолдингиз…”

Биз пойтахтликлар дуч келган бу ноқулайлик сабабини билиш мақсадида дастлаб Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига боғландик. Агентлик ходими Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган телефон тармоқларини қайта созлашдан асосий мақсад аҳолига мавжуд аналог тизими ўрнига замонавий, сифатли ва имкониятлари кенгроқ рақамли хизмат турини кўрсатишдан иборатлигини айтди. Созлаш ишлари давомида пайдо бўлаётган ноқулайликлар ҳақидаги саволимизга эса суҳбатдошимиз “бунинг сабабини Автоматлаштирилган телефон тармоқлари (АТС) вакилларидан сўранг”, дея жавоб берди.

“Мендан мени сўрама...”

Тавсия қилинган ташкилотга боғланиб, ноқулайликлар сабабини сўраганимиздан қаттиқ жаҳли чиққан ходим бизни айнан қайси АТСнинг ўзгаргани ҳақидаги маълумот қизиқтиришини сўради. АТСларнинг бутунлай ўзгариб кетгани ва бу ҳақда аҳолига ҳеч қандай маълумотлар етказилмаётгани ҳақидаги сўзларимизни тинглагач эса бир оз кутиб туришни илтимос қилди, сўнгра эса жавоб беришни истамаслигини айтиб, гўшакни илиб қўйди.
XS
SM
MD
LG