Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:01

Олтиной Холдорова: “Эрим билан юрган шериклари бирор марта ҳол-аҳвол сўрамади”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:T6DBQFeeCN3QoM:http://www.volyn.com.ua/photos/r-3147.jpg “Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбусларнинг яқинлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг навбатдаги меҳмони “Эрк” демократик партияси аъзоси Исроилжон Холдоровнинг рафиқаси Олтиной Холдоровадир.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Исроилжон Холдоров 2003 йилдан бошлаб “Эрк”нинг Андижон вилояти кенгашига раҳбарлик қилган. 2005 йил 13 май кунги Андижондаги қонли воқеаларга ойдинлик киритувчи маълумотларни жамоатчиликка ошкор этган. Хусусан, Бобур майдонида ўлдирилган фуқароларнинг Боғишамолда оммавий қабрга кўмилгани ҳақидаги гапни жамоатчилик И.Холдоровдан эшитган эди. Андижон воқеаларидан сўнг мухолифат ва ҳуқуқ фаолларини қамоққа олишлар бошланиб кетгандан сўнг, айрим манбаларга кўра, 2005 йил охирларида хориждан бошпана сўраш ниятида қўшни Қирғизистонга ўтган, аммо кўп ўтмай Андижонга қайтган. 2006 йилнинг 10 июлида яна Ўшда ғойиб бўлган. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари И.Холдоровнинг Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини таъкидлаб келди. 2006 йил охирига бориб И.Холдоровнинг Ўзбекистон қамоқхонасида экани ва унга оғир айблар қўйилаëтгани ўз тасдиғини топди.

2007 йилнинг 19 февраль куни Андижон вилояти суди И.Холдоровни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159, 244, 223 ва 216-моддалари бўйича, яъни конституциявий тузумга қилиш, ноқонуний гуруҳ тузиш, давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтиш ва экстремистик руҳдаги материалларни тарқатишда айбдор топди ва уни 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ҳозир Навоийдаги 64/29-қамоқхонада сақланаëтган И.Холдоровнинг турмуш ўртоғи Олтиной опа эрининг қамалиш сабаблари ва қамоқдаги ҳаëтига ойдинлик киритишга уринади.

Олтиной Холдорова: Янги йилдан олдин Исроил акамдан хат келди. Янги йил билан табриклаб ëзган экан. Менга яхши қарашяпти, шароитлари яхши, деб ëзибди.

Озодлик: Хатда яхшиман, деб ëзибдилар. Сиз охирги марта кўрганингизда аҳволлари яхши эдими?

Олтиной Холдорова: Мен уни Андижондаги турмада ëтганида кўрган эдим. Яқин бўлгани учун бориб турган эдим. Узоқ жойга мен бора олмайман. Қон босимим бор. Шунинг учун мен катта ўғлимга бориб кўриб келгин, деб передачаларни тайëрлаб бердим. Бориб кўриб келди.

Озодлик: Охирги марта қачон бориб келди?

Олтиной Холдорова: Рўзадан олдин борган эди.

Озодлик: Демак, анча бўлибди-да борганига...

Олтиной Холдорова: 3 ой бўлди.

Озодлик: Ўғлингиз кўрганида аҳволлари ҳақиқатдан яхши эканми?

Олтиной Холдорова: Борганида шанба кунига тўғри келиб қолибди. Кейин ўша ерда душанбагача ëтиб, душанба куни рухсатнома олиб кириб кўрибди. Аҳволлари яхши экан. Ҳаммамизга салом айтибди. Ўғлим дадаси яхши эканини менга айтди. Йўл ëпиқ бўлгани учун хат орқали гаплашиб турибмиз. Янги йилда ëзган хатига мен жавоб ëзган эдим. Менинг хатимга ҳали жавоб келмаяпти. Ҳозир энди нима бўлганини била олмаяпмиз. Борайлик десак, йўл ëпиқ. Болалар билан қийналяпман.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати Исроил акани Ўшдан ўғирлаб келиб бунақа жазога тортишига асосий сабаб нима, деб ўйлайсиз?

Олтиной Холдорова: Мен Исроил ака ëмон иш қилганини билмайман. Мактабда энг яхши ўқитувчи бўлиб ишлаган. Судда битта айбини ҳам бўйнига олмади.

Озодлик: Судда сиз ҳам қатнашдингизми?

Олтиной Холдорова: Ҳа. Айбларини бўйнига қўя олишмади. Гувоҳларни олиб келишди. Гувоҳлар уни кўриб: “Нимага бу одам қора курсида ўтирибди? У бу ерда ўтирмаслиги керак. Унинг ҳеч қандай айби йўқ”, деб айтишди. Ўзимизнинг маҳалла йиғинидан ҳам одам олиб бордик. У: “Нима учун ўтирибди бу одам? Халқни деб куйиб ëнгани учун ўтирадими? Бу одам бу ерда ўтиришга нолойиқ”, деди.

Озодлик: Исроил ака судда айбини тан олмаган. Маҳалла йиғинидан борган одам ҳам уни мақтабди. Сиз ҳам у киши ëмон иш қилганини кўрмадим, деяпсиз. Шунга қарамай, суд у кишига 6 йил бердими?

Олтиной Холдорова: Ҳа.

Озодлик: Нимага?

Олтиной Холдорова: Гувоҳларнинг ҳаммаси Исроил ака бегуноҳлигини айтди. Барибир охирида гувоҳларнинг ҳаммаси у кишининг айбдор эканини тан олганини айтиб, айбномани ўқиб эшиттиришди. Мен ҳам шунга ҳайронман.

Озодлик: Суд ҳукм чиқараëтганда тепадан келган буйруқни бажардими?

Олтиной Холдорова: Ҳа, мен худди шунақа деб ўйлайман. Чунки судьялар индамасдан эшитиб ўтираверди. Қораловчи 6 йилга ҳукм қилди.

Озодлик: Исроил аканинг айбсизлигини исботлаш учун у ëқ, бу ëққа бордингизми?

Олтиной Холдорова: Мен унақа ҳар жойларга учраган аëл эмасман. Руҳиддин Комилов деган адвокати бор эди. Руҳиддин Исроил ака амнистияга тушади, деяëтган эди. Телефонда гаплашганимизда келдими, деб сўрарди. Мен ҳар куни Исроил акам келиб қолади, деб кутар эдим. Кеча мана амнистияга тушганларни айтишди. Энди мен ҳам амнистияга тушиб қолар, деб севиниб ўтирибман.

“Озодлик” билан суҳбат давомида уй бекаси, тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш Олтиной опа ўз турмуш ўртоғининг аввалига бедарак йўқолиши, сўнгра қамоқдан топилиб, оғир жиноятларда айбланиб, озодликдан маҳрум этилиши ўзи учун кутилмаган воқеа бўлгани ва оиласи ҳаëтини ағдар-тўнтар қилиб юборганини айтади.

Олтиной Холдорова: Исроил акам қамалганидан бери мен нафақага қараб ўтирибман. Катта ўғлимни ҳали уйлантирганим йўқ эди. Уни битта қиз билан унаштириб қўйган эдик. Бу аҳволга тушиб қоламан, деб Исроил акамнинг ўзи ҳам ўйламаган бўлса керак. Буни ўзи ҳам билмай қолди. Мен тўй қиламан, деб турган эдим. Ўғлимга сочиқ ва яна битта-иккита нарса олиб келинг, деб бозорга жўнатган эдим. Шу кетганича уйга қайтиб келмади. Қаерга кетганини ҳам билмай қолдим. Унинг қанақа қилиб Ўшга бориб қолганини ҳам билмайман. У бизга Ўшга бораман, деб айтмаган эди. 3-4 кун давомида бизлар касалхоналарни қараб чиқдик.

Озодлик: Шундан бери сизнинг аҳволингиз қанақа?

Олтиной Холдорова: Касалман, қон босимим бор. Катта ўғлим ишлаб уйга ойлигини олиб келиб турибди. Ўзим нафақахўрман. Тирикчилигимизни зўрға ўтказиб ўтирибмиз. Исроил акам билан бирга юрган шериклари бирон марта: “Нима бўлди? Яхши ўтирибсизми?” деб келиб хабар олмади.

Озодлик: Маҳалладагилар ҳолингиздан хабар олиб турибдими?

Олтиной Холдорова: Маҳалламиз жуда яхши. Ҳаммаси, Худо хоҳласа, амнистияга тушиб келади, деб кўнглимни кўтаришяпти. Укаларимнинг ëрдами билан катта ўғлимнинг йиғлаб тўйини ўтказиб, келин олдим. Исроил акам борлигида унаштирган эдик, йўқлигида уйлантирдик.

Озодлик: Амнистия тугашига 2-3 кун қолди. Ҳали ҳам умидингиз борми?

Олтиной Холдорова: Шу 2-3 кун ичида келиб қолар, деган ниятим бор. Катталарга Худо инсоф берсин. Улар ҳам айби йўқлигини билади, деб ўйлайман. Кичкина ўғлимни ўзи келиб уйлантирсин, деб ният қилиб ўтирибман.

Озодлик: Мабодо чиқаришмаса нима қилмоқчисиз?

Олтиной Холдорова: Энди чиқмаса нима қиламан? Худога қараб ўтирибман. Аллоҳ шуларга инсоф берсин, қамоқдан чиқарсин, дейман. Нима қилай, йиғлаб ўтирибман.

Озодлик: Исроил аканинг шу аҳволга тушишларида кимнидир айблайсизми?

Олтиной Холдорова: Мен судлар ноҳақ экан, ҳақиқат йўқ экан, деяпманда. Бошқа нима ҳам дер эдим.
XS
SM
MD
LG