Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:08

АҚШ Туркиянинг ҳарбий амалиёти тез тугашини хоҳлайди


АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Туркия раҳбариятини Ироқдаги ҳарбий амалиётларни тезроқ тугатишга ундаш мақсадида Анқарага ташриф буюрди ва бир қанча музокаралар ўтказди.

Ўтган ҳафтада Туркия курд айирмачиларига қарши амалиёт ўтказиш учун минглаб аскарини Ироқ шимолига киритган эди.

АҚШ Туркиянинг бу амалиёти қисқа вақт давом этиши ва тез тугалланишини хоҳламоқда. Аммо Туркия АҚШнинг талабига кўнишдан йироқ. Туркия мудофаа вазири Вэжди Гонул Курдистон ишчилар партиясига қарши амалиёт қанча вақт талаб этса, турк қўшини Ироқ шимолида шунча вақт қолишини билдирди. Шунингдек, у расмий Анқара Ироқ шимолида кўп вақт қолишдан манфаатдор эмаслигини ҳам қайд этди.

“Минус 26 даража совуқда лозим бўлган муддатдан ортиқ қолиш ниятимиз йўқ”,- деди Вэжди Гонул.

Ҳозир турк қўшинларининг Ироқ шимолидаги тоғли минтақаларда давом этаётган амалиёти ўта мураккаб вазиятларда ўтмоқда. Туркия ҳарбийлари амалиётларда ҳозирга қадар курд жангариларидан 230 нафари ўлдирилгани, 24 турк аскари ҳалок бўлганини билдиряпти. Курдистон ишчилар партияси эса турклар 100 та аскарини йўқотганини даъво қилмоқда.

Амалиётларнинг иккинчи ҳафтаси давом этар экан, Бағдод ҳукумати турк қўшинининг Ироқ шимолидаги ҳаракатлари мамлакатдаги хавфсизлик муаммоларини яна ҳам чигаллаштириб юборишидан чўчимоқда.

“Биз турк қўшини Ироқ ҳудудларидан имкон қадар тез чиқарилишини талаб этамиз. Шу билан бирга, Ироқ ҳукумати Туркия билан терроризм ва Курдистон ишчилар партиясига қарши бошқача йўл билан курашда ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни ҳам билдирамиз”,- деди Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий.

Унинг бу баёноти Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Аҳмад Довуд ўғли билан Бағдодда ўтказилган музокаралардан сўнг янгради. Довуд ўғли эса террорчиларга қарши Туркия олиб бораётган ҳарбий амалиётлар минтақа, жумладан, Ироқ хавфсизлиги учун муҳим эканини таъкидлади.

“Биз учун бу давомли ҳарбий амалиётлар Ироқ суверенитетининг бузилиши эмас. Бунинг тескарисидир. Бу террорчилар макон топган ҳудудда Ироқ суверенитети тикланишига қаратилган бир амалиёт ҳамдир. Бу амалиётдан мақсад Курдистон ишчилар партияси террорчиларини йўқ қилишдир”,- деди Аҳмад Довуд ўғли.

Ироқ ичкарисида фақат Бағдод ҳукуматигина Туркиядан қўшинларини олиб чиқишни талаб этаётгани йўқ. Ироқ шимолидаги Курдистон мухторияти раҳбари Маъсуд Барзоний агар турк қўшинлари томонидан курд тинч аҳолиси нишонга олингудек бўлса, бунга қарши кенг миқёсли қарши амалиёт бошлаб юборилиши ҳақида огоҳлантирди. Ироқ шиалари етакчиси Муқтадо ас-Садр эса Туркия қўшинларини Ироқ шимолидан олиб чиқмаса, минтақага ўз жангариларини юборишини маълум қилди.

Курдистон ишчилар партияси 1984 йилдан бери мухторият учун курашиб, турк хавфсизлик кучларига ҳужумга қилиб келади. Курд айирмачилари томонидан содир этилгани айтилган террор ҳужумлари оқибатида минглаб одам қурбон бўлган.

АҚШ курд айирмачилик ҳаракати – Курдистон ишчилар партиясини Америка, Туркия ва Ироқнинг умумий душмани ҳисоблайди. Ўтган ноябрь ойидан буён АҚШ Ироқ шимолидаги курд жангарилари жойлашган ҳудудлар ҳақида Туркияга жосуслик маълумотларини бериб келади.
XS
SM
MD
LG