Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:09

Медведевнинг бозори чаққонлашмоқда


Россия президенти этиб сайланганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлмаган Дмитрий Медведев акси туширилган суратлар ва сувенерлар савдоси тобора чаққонлашиб бормоқда.

Масалан, бугун Интернет орқали Д.Медведевнинг 1 метрлик сурати 800 долларга пулланаëтган бўлса, кўча-кўйда янги президент акси туширилган 14 долларлик матрëшка қўғирчоқлар бозори ҳам қизигандан қизиб бормоқда.

Ирма Москва шимолидаги Измайловский парки бозорида анъанавий матрëшка сотади.

“10 долларгаям, беш долларгаям матрëшкамиз бор. Нархи ҳар хил. Ичидан эски ва янги ҳукмдорларни топиб оласиз. Янгисини сайловдан бир ҳафта олдин буюрдик. Зотан, сайловда ким ғолиб бўлишини ҳамма билиб турган эди, шу сабаб ҳеч қўрқмай Медведевнинг жилмайиб турган сурати туширилган матрëшкаларни буюравердик. Бугун Медведев матрëшкаларини ҳам сайëҳлар, ҳам ўзимизникилар яхшигина олмоқда. Ҳозирча савдо яхши, аммо кейин нима бўлишини олдиндан айтиш қийин”,- дейди “Озодлик” мухбирига Ирма.

Матрëшкалардан ташқари Ирманинг савдо растасидан Д.Медведев сурати туширилган узуклар, музлатгичга ëпиштириладиган магнетик расмлар ҳам бор. Агар уни яхши олишса, пасхадан олдин ëғочдан қилинган тухумларга ҳам янги президент суратини солиб, савдога чиқаришини айтади Ирма.

Яқин кунларда Россия президенти сифатида қасамëдга келтириладиган Д.Медведев шайдолари унинг истаган катталикдаги суратини Интернетдаги расмхоналардан сотиб олиши мумкин. Сурат нархи катта-кичиклигига қараб 48 доллардан 800гача боради.

Хўш, тарихан ўз ҳукмдорларига сиғинишни хуш кўриб келган аксар россияликлар ҳали иш бошлашга улгурмаган янги президент шахсига ҳам сиғина бошладими?

“Ҳеритэйж” жамғармаси таҳлилчиси Евгений Волк амалдаги президент Владимир Путин ҳали-бери ҳокимиятдан кетмаслиги сабабли Россияда унинг шахсига сиғиниш давом этажагини башорат қилади.

“Гарчи Медеведев президентликка сайланган бўлса-да, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ҳамон Путинга бўйсунади ва ҳокимият олий тизимларидаги одамларнинг барчаси Путин танлаган кадрлардир. Шу боис, уларнинг Путин ўрнига дарров энди Медведев шахсини кўтара бошлашига ишонмайман”,-дейди россиялик мустақил таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, шахсга сиғиниш ҳамиша у ëки бу шахснинг ўлими ëхуд унинг шармандаларча ҳокимиятдан кетиши билан тугаган. Сталин ëки Брежнев шахсига сиғиниш улар ўлими билан тўхтаган бўлса, Хрушчëвники у шармандали тарзда ишдан олиниши ҳамоно тўхтатилди. Ҳозирча Путин ҳокимиятда қолишда давом этар экан, унинг шахсига сиғиниш ҳам давом этаверади.



Аммо, деб қўшимча қилади таҳлилчи, ҳокимият мазасини тота бошлагач, Д.Медведевга В.Путин сояси бўлиш ëқмай қолиши ва у ҳам ўзини миллий раҳнамо сифатида халққа машҳур қилишни истаб қолиши мумкин. Россия конституциясида президентга берилган чекланмаган ваколатлар Д.Медведевга ҳам бир кун келиб В.Путинни четга суриш ва россияликларни ўз шахсига сиғинтиришга киришиш учун имкон беради.
XS
SM
MD
LG