Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:33

Ҳоким келди, ҳоким кетди


Фарғона вилояти халқ депутатлари кенгашининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов иштирокида ўтган йиғилишида вилоят ҳокими Абдуҳошим Абдуллаев ишдан олиниб, ўрнига Маматисоқ Ғафуров тайинланди.

Собиқ ҳоким А.Абдуллаев ҳақида илиқ сўз айтувчилар ҳам, ундан рози бўлмаганлар ҳам бор. Фарғоналик оддий одамларнинг айтишича, А.Абдуллаев ҳар ҳолда халқпарвар одам эди.

“Энди Худо билади катталар уни нима мақсадда олишди. Ниҳоятда яхши ҳоким эди. Халққа енгиллик берарди. Гўшт, ун, ëғ нархини арзонлаштириб берган эди. Ким халқни яхши кўрадиган бўлса, тепадагиларга ëқмас экан”,- дейди фарғоналиклардан бири.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Абдусалом Эргашев эса бу гапларга қўшилмайди.

“Мен А.Абдуллаев билан 11 йил бирга ишлаганим, яқиндан таниганим, яқин дўст сифатида билганим учун ундан катта умидларим бор эди. Мен у халққа ëқадиган, халққа фойдаси тегадиган ишларни қилади, деб ўйлаган эдим. У оддий фуқаро сифатида ҳам, инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида ҳам менинг ҳафсаламни пир қилди. Ҳар сафар ҳоким алмашганда янгисидан бир нарса умид қилсангиз, янгиси олдингисидан ҳам баттар бўлиб чиқади. Ўйлашимча, Ўзбекистонда реал ислоҳотлар амалга ошмагунча кадрлар сиëсатидаги нуқсонлар бундан ҳам ошиб бораверади”,- деди А.Эргашев.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, вилоятлар ҳокимларининг бир жойда узоқ ишлай олмаётганининг асосий сабаби кадрлар халқнинг хоҳишига қараб эмас, балки юқоридан туриб тайинланишидадир.

Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти вице президенти Марат Зоҳидов фикрича, Ўзбекистонда ҳокимларни алмаштириш билан барибир мамлакат иқтисодий ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш рўй бермайди.

“Фикрим шундайки, ҳокимларни олиб ташлаш керак эмас. Уларга қанақа ишлашни ўргатиш керак. Нафақат вилоят, балки шаҳар, туман ҳокимлари ҳамма ишнинг расвосини чиқаряпти. Бу йўл билан масалани ҳал қилиш қийин. Уларни тўғри ишлашга мажбур қилиш керак. Хусусан, ҳокимлар ҳеч бўлмаганда касбий салоҳиятига қараб тайинланса, яхши бўларди”, - деди М.Зоҳидов.

У Фарғона вилоятининг янги ҳокими хусусида ҳам тўхталиб: “У олдин ëғ-мой комбинати директори бўлган. У фермерлар топширган маҳсулотларга пул бермай, ўша мансабда ўтириб ҳамма ëқни дабдала қилди”,- деди.

Хўш, унда сабаб нимада? Нега ҳокимлар бир жойда узоқ ишлай олмайди? Нега улар доим алмаштирилиб турилади?

“Сабаби Ўзбекистонда мавжуд бўлган ички сиëсатда. Биринчидан, бирор ҳукумат амалдорида мустақиллик йўқ. Иккинчидан, коррупция жуда ҳам ривожланиб кетган. Асосийси, қонун устуворлигини йўқлиги ҳам ҳокимларнинг қўл-оëғини боғлаб қўяди”,- дейди Абдусалом Эргашев.
XS
SM
MD
LG