Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:17

Президент янги ҳукуматни қувватлайди


Покистон президенти Парвез Мушарраф мамлакатда “демократия даври” бошланганини эълон қилди ва мухолифат вакиллари тузаётган янги ҳукуматни қўллаб-қувватлашини билдирди.

23 март куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида ўтган ҳарбий парадда нутқ сўзлаган П.Мушарраф янги ҳукумат мамлакатдаги сиёсий барқарорликни мустаҳкамлашига умид билдирди.

“Умид қиламанки, бу ҳукумат сиёсий барқарорликни таъминлайди ва Покистоннинг тезкор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини қувватлайди. Шунингдек, террор ҳамда экстремизмга қарши курашни айни суръатда давом эттиради. Қандай бўлишидан қатъи назар, янги ҳукумат тузилса, у менинг қувватловимга эга бўлади”,- деди Покистон президенти.

Унинг бу баёноти сиёсий рақиблари мамлакатда П.Мушаррафга қарши ҳукумат коалициясига етакчилик қилувчи номзодни маълум қилганидан сўнг янгради. Якшанба куни марҳум Беназир Бхутто етакчилик қилган мухолиф партия парламентнинг собиқ раиси Юсуф Ризо Ғилонийни Покистоннинг янги бош вазирлигига номзод қилиб кўрсатди.

Юсуф Ғилоний яна бир мухолиф партия, собиқ бош вазир Навоз Шариф етакчилик қилган Покистон мусулмонлари лигаси билан биргаликда ташкил қилинган коалиция номзодидир. П.Мушарраф бу воқеаларга муносабат билдира туриб, мамлакат “тараққиёт ва ривожланиш йўлига қадам қўйганини” алоҳида таъкидлаб ўтди.

П.Мушаррафга мухолиф коалицияга етакчилик қилиши кутилаётган Юсуф Ғилоний эса якшанба куни журналистларга берган матбуот анжуманида мамлакат жуда мушкул бир даврни бошдан кечираётгани ва у мамлакат аҳлининг умумлашган қувватловига муҳтож эканини билдирди. Айни вақтда у мамлакатнинг янги ҳукумати ҳозирданоқ ўз кун тартибини тузаётганини айтар экан: “Коалиция ҳукумати тарзида, табиийки, биз барча сиёсий партиялар билан музокаралар ўтказамиз ва улар бизга Покистон ҳаётидаги энг муҳим масалалар бобида таклифларини билдиради”, деди.

Юсуф Ризо Ғилоний номзоди масаласи душанба куни парламентда овозга қўйилади, кейин эса бир кун ўтиб, президент Парвез Мушарраф томонидан қасамёдга келтирилади.
XS
SM
MD
LG