Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Сурхондарёда ҳоким алмашди


Сурхондарё вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Абдуҳаким Эшмуродов ишдан олиниб, ўрнига халқ таълими вазири Туробжон Жўраев тайинланди.

Сессияда қатнашган президент Ислом Каримов вилоят ҳокимининг ишдан олиниш сабабларини саноатнинг оқсаши, хорижий сармоянинг жалб этилмаётгани ва иш ўринларининг яратилмаётгани билан изоҳлади.

Сурхондарё вилояти Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарасида жойлашган. Асосан, пахтачилик, ғаллачилик ва полиз маҳсулотлари етиштириш соҳаларига ихтисослашган вилоят. Қарийб 1 миллион 850 мингга яқин аҳоли яшайди.

Шу вилоятга 5 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган ва ҳамюртлари сўзларига кўра, аввалги ҳокимлардан фарқли равишда маърифатлилиги, жумладан, ат-Термизий, Исмоил ал-Бухорий асарларини ёддан билиши билан ҳам танилган А.Эшмуродов Ўзбекистоннинг стратегик муҳим бўлган Сурхондарёдек вилоятида саноатни ривожлантириш, хорижий сармояни жалб қилиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш соҳаларини оқсатиб қўйгани учун ишдан олинди.

Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этган сурхондарёлик депутатлардан бири ҳокимга қўйилган айбловларни асосли, деб ҳисоблайди.

“Асосий муаммо - иш ўрни яратиш, саноат корхоналарини, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва инвестиция олиб кириш. Бу Самарқанд, Тошкент ва бошқа айрим вилоятларга нисбатан камроқ бўлди. Янги иш ўринлари яратиш имкониятлари бор эди, лекин бу имкониятлардан фойдаланилмади”,- деди депутат.

Унинг сўзларига кўра, асли касби юрист бўлган ва кўп йиллар давомида прокурор лавозимида ишлаган А.Эшмуродов Бош прокуратурага ишга олинмоқда.

“Аммо бу ҳозирча расман тасдиқланмаган узунқулоқ гап. Аммо унинг даврида Сурхондарё вилоятида ундан аввалги ҳокимлар вақтида ҳал бўлмаган қатор муаммолар, хусусан, ишсизлик муаммосининг ҳануз аянчлигигича қолаётгани бор гап”,- деди сурхондарёлик халқ депутати.

Бу вилоятга янги келган ҳоким Туробжон Жўраев, ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, Абдуҳаким Эшмуродовдан тамомила фарқ қилади.

“Бу одам ўтган йили халқ таълими вазири этиб тайинланган. Ундан олдин Молия вазирлигида бошқарма бошлиғи, молия вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. Биз бу одамнинг мажлисларида қатнашган кўпчилик одамлар билан гаплашганимизда, унинг ўта қўполлиги, оғизга олиб бўлмайдиган ҳақоратли гапларни гапириши билан машҳурлигини айтишди. Ҳозир раҳбарларнинг сўкиниши, қўполлиги Ўзбекистонда одатий ҳолга айланиб қолди”,- дейди ўзбекистонлик кузатувчи Абдураҳмон Ташанов.

Бу вилоятда ҳоким алмаштирилиши асл сабаби расман тилга олинган камчиликлармикин, деган саволга суҳбатдошимиз, албатта, бу ўринда яна мантиқий асосларни қидириб овора бўлишга ҳожат йўқлигини айтади.

“Сурхондарë вилояти Ўзбекистон жанубий сарҳадларидаги стратегик вилоят сифатида, албатта, НАТО билан ҳамкорлик, Термиздаги ҳарбий аэродром ва бошқа стратегик объектлар нуқтаи-назаридан ҳокимга кўп нарса боғлиқдек. Лекин аслида буларнинг ҳаммаси марказдан бошқарилгани учун бу ерда ҳокимнинг зиммасига кўп нарса юклатилмайди. Шунинг учун Ўзбекистонда кадрлар ўзгаришини олдиндан тахмин қилиб ëки бир мезонга солиб айтиб бўлмайди”,- деди А.Ташанов.

Сўнгги қисқа давр ичида Ўзбекистонда 3 та йирик вилоят – Хоразм, Фарғона ва мана энди Сурхондарё вилояти ҳокимлари алмаштирилди. Ҳокимлар алмаштирилганда асосий сабаб сифатида тилга олинган камчиликлар рўйхати эса деярли ўзгаргани йўқ – қўшимча иш ўринларини яратмаганлик, саноатни ривожлантирмаганлик, қишлоқ хўжалигининг оқсаши ва бу рўйхатга яқиндан бошлаб қўшилган – хорижий сармояни жалб этмаслик.

Кузатувчи Нодир Аҳадов бунинг ҳаммаси фақат тилда айтиладиган расмий баҳоналар эканини таъкидлади.

“Халққа кимнинг ҳоким бўлгани эмас, тирикчиликка тўсқинлик қилиш-қилмаслиги қизиқ. Масалан, Сурхондарëда ердан уч марта ҳосил олса бўлади. Ерларни 50 сотихдан одамларга бўлиб берса, одамлар ўзини-ўзи боқиб олади. Лекин шунга ҳам ҳукумат аралашади. Пулини бермай қўяди, газини бермай қўяди. Тирикчилигига аралашгандан кейин ўзи шундоқ ҳам қашшоқ халқ қашшоқлигича қолаверади”,- деди Нодир Аҳадов.
XS
SM
MD
LG