Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:52

Бозор қимматлиги халқни норози қилмоқда


“Uznews.net” сайти тарқатган хабарга қараганда, Тошкент шаҳридаги “Кадишев” бозорида аҳоли нарх-навонинг қимматлиги боис оммавий норозилик ўтказган.

“Кадишев”даги картошка можароси” сарлавҳали мақолада ёзилишича, Наврўз байрами арафасида “Кадишев” озиқ-овқат бозори ҳудудида харидорларнинг бозордаги маҳсулотлар қимматлигига норозилик билдириб ўтказган оммавий митинги натижасида бир қанча савдо расталари синиб, айрим харидор ва савдогарлар енгил тан жароҳати олган.

Воқеа картошкани арзонроқ сотишни сўраган харидорнинг сотувчидан салбий жавоб олиши натижасида келиб чиққан. Воқеага бошқа харидорлар ҳам аралашиб, улар бозор маъмуриятидан нарх-навони арзонлатишни талаб қилган. Иш муштлашишгача бориб етган ва бир неча одам милиция бўлимига олиб кетилган.

“Кадишев” озиқ-овқат бозори директори ўринбосари Дамир Киндербоев “Озодлик” билан суҳбатда бозор ҳудудида норозилик митинги бўлганини инкор қилди. У “Кадишев” унча қиммат бозор эмаслиги, бу ерда картошка 450 сўм, карам 1000 сўмгача, пиëз 200 сўм, сабзи 200-300 сўм туришини айтди.

Лекин маълум бўлишича, “Кадишев” бозоридаги нархлар Дамир Киндербоев айтган нархлардан анча юқори. Жумладан, нафақат “Кадишев”да, балки Ўзбекистоннинг бирорта бозорида ҳам 450 сўмга картошка топиш амри маҳол эканини билдирди суҳбатдошлардан бери.

“Кеча мен бозорга бориб келдим. Картошка 600-650 сўм, баъзи жойларда ҳатто 1000 сўм. Ўзи олдин ҳам қиммат эди, ҳозир бутунлай кўтарилиб кетди”,- деди суҳбатдош.

Ўзбекистон бозорларида нарх-наво ошишининг иккита асосий сабаби борлиги маълум бўлди. Биринчидан, кўпчилик аҳолининг баҳорга ғамлаган маҳсулотлари бу йилги қаҳратон қишда музлаб қолиши натижасида сабзавот ва полиз маҳсулотлари тақчиллиги юзага келган. Иккинчидан, 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларининг ойлик маошлари, нафақа ва стипендиялар миқдори 12 фоиз оширилгани ҳам бозорга таъсир кўрсатган.

Самарқандлик Комилжон Ашуров Ўзбекистонда ойлик маошлар оширилиши эълон қилиниши билан бозорлардаги нарх-наво икки, уч баробар қимматлаб кетиши одатий ҳол эканини таъкидлади.

“Инфляциянинг ўзи ҳамма нарсани еб кетяпти. Бу фойда эмас, баттар зарар бўляпти. Ўтган йили Рамазон ойларида 1 кг буғдой 200-250 сўм эди. Ҳозир 1 кг буғдой 700 сўм туради. 3 баробар қимматлаган. Оширилган ойлик ҳеч қачон фойдага юрмайди. Фақат аксига бўляпти”,- деди К.Ашуров.

Таҳлилчилар фикрича, нарх-навонинг ошиши турмуш даражаси ночор бўлган аҳоли қатламининг чўнтагига тўғри келмаяпти ва бундан “Кадишев” бозоридаги каби воқеаларнинг кўпайиши мумкинлиги тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG