Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:15

Ислом Каримов НАТО саммитида қатнашади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг НATOнинг 2-4 апрель кунлари Бухарестда ўтадиган саммитида иштирок этиши ҳақидаги хабарлар инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан нохуш янгилик сифатида кутиб олинди.

Чунки бу И.Каримовнинг Андижон фожеасидан кейин демократик Европага илк сафари бўлади.

Эрон ва Россия билан мураккаб муносабатлар, Марказий Осиё энергия захираларига қизиқиш ва Афғонистонда давом этаётган уруш - бу мамлакатга қўшни, НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури аъзоси бўлган Ўзбекистон раҳбарининг Бухарест саммитига таклиф қилиниши ортида турган сабаблардир.

“Биз иккиюзламачилик бўлаётганини, Каримовнинг сиёсий иддао-фироқлари муайян маҳсул бераётганини очиқ-ойдин кўриб турибмиз. Ғарб Каримовни тан олиб, у билан фаол сўзлашувлар олиб боряпти. Афғонистонда толиблар фаоллашаётгани Ғарбни ташвишга соляпти ва бу ҳолат Каримов фойдасига хизмат қиляпти”,- дейди бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Отаева

2001 йил 11 сентябрда АҚШда амалга оширилган террор хуружлардан сўнг Тошкент “Толибон” режимини қулатиш учун Вашингтонга таянч нуқталаридан бири бўлиб хизмат қилган, лекин Андижон воқеаларидан сўнг бу муносабатлар бузилган, Хонободдаги базадан АҚШ ҳарбийлари чиқариб юборилган эди. Айни пайтда Термиздаги базада Германия ҳарбийлари қолаверган эди.

Яқинда эса Хонобод базасига АҚШ ҳарбийларининг қайтиши юзасидан сўзлашувлар бошланди, деган хабарлар пайдо бўлган. Хусусан, НАТОнинг Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутасаддиси Роберт Симмонс 5 март куни Москвага сафари давомида АҚШ ҳарбийлари Хонобод базасига қайтиши мумкинлигини айтганди.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Афғонистондаги вазият НАТОни ошиғич ташвишга солаётган масаладир.

“Афғонистондаги можаро борган сари кенг ва узоқ муддатли муаммога айланиб боряпти. Шу нуқтаи-назардан, Ғарбни Афғонистон муаммоси жуда ҳам ташвишлантиради. Ҳозирча Афғонистонга бир қанча йўлаклар бор. Бири Эрон, иккинчиси Покистон ва учинчиси Ўзбекистон. Ғарб учун энг қулай йўл, албатта, Ўзбекистон орқали Афғонистонга ўз маҳсулотларини, яъни Афғонистонни тиклаш учун олиб бориладиган нарсаларни етказишдир”,- деди К.Раббимов.

АҚШ ҳарбийлари Хонобод базасига қайтадими-йўқми – ҳозирча аниқ эмас.

Лекин шу нарса аниқки, Бухарест саммитида иштирок этиш И.Каримов учун уни яккалаб қўйган Ғарб билан муносабатларини яхшилаб олиш имконидир.

Қолаверса, баъзиларнинг фикрича, И.Каримов Андижон фожеасидан сўнг кучайиб кетган Россия таъсиридан ҳам ҳориган.

Хабарларга қараганда, НАТОнинг Бухарест саммитида Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳам иштирок этади.
XS
SM
MD
LG