Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2023, Тошкент вақти: 02:29

Пикетчилар калтакланди


27 март куни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаолларининг Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида ўтказган навбатдаги пикети яна аянчли тугади. Пикетчиларга номаълум аёллар ҳужум қилди.

Альянс аъзоси Абдулло Тожибой ўғлининг “Озодлик”ка айтишича, 27 март куни соат 11да ҳуқуқ ҳимоячиларидан 15 киши Бош прокуратурани пикет қилишни бошлаган.

“Чиққанимиздан 15-20 минут вақт ўтгач, савдогар, енгилтабиат 8-10 тача аëл келди. Улар ўзларича тўполон қилиб, ëпишиб кетди. Тайëр турган автобуслар бирпасда етиб келиб, формадаги 8 та ИИБ ходими 9 кишини олиб кетди”,- деди А.Тожибой ўғли.

“Озодлик” билан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ вақтинча сақлаш изоляторидан гаплашаётган Абдулло Тожибой ўғлининг сўзларига кўра, бу аёллар милиция ходимларининг ўзлари томонидан ёлланган бўлиб, бундан аввал ҳам уларга икки марта ҳужум қилган лўли аёлларни эслатган.

“Бундан олдин икки марта ИИБ томонидан ëлланган лўли аëллари қўйилган эди. Бу сафар улар енгилтабиат, бозорчи, шаллақи аëлларни қўйди. Чунки бизнинг у ерда туришимиз уларнинг Бош прокуратурага киришига халақит бераëтган экан. Улар баланд овозда бўкириб бизни талаб кетди. Биз ҳеч қандай қаршилик кўрсатганимиз йўқ. Ҳеч қандай сўз ҳам айтганимиз йўқ. Чунки биз ўз ҳуқуқларимизни биламиз ва шунга риоя қилдик. ИИБ ходимлари дарров келиб айнан бизларни олиб кетди. Бошқа ҳеч кимни олиб кетгани йўқ”,- деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг сўзларига кўра, бу жанжалда икки ҳуқуқ ҳимоячиси тан жароҳати олган.

“Менимча, бошига мушт билан урилган Жанна исмли аёлни шифохонага олиб кетишади. Уруш қатнашчиси, ногирон эркакни 3 киши тортиб, қўлларини кўкартириб юборишган”,- деди А.Тожибо ўғли.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси аъзолари Бош прокуратурани бу йил учинчи марта пикет қилмоқда. Улар Бош прокуратурадан Ислом Каримовнинг учинчи марта ноқонуний президент бўлиб сайланишига йўл очиб берган Марказий сайлов комиссиясини жавобгарликка тортишни, Ўзбекистондаги қамоқхоналардан барча сиёсий маҳбусларни озод этишни талаб қилиб келмоқда эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришича, бу пикетларда борган сари кўпроқ одам иштирок этаётганидан ҳукумат чўчиб боряпти ва бунинг олдини олиш учун махсус ёлланган лўлилар ва аёлларни ишга солишга мажбур бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир ушлаб турилган инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига қалбаки ҳужжтлар тайёрланиб, уларнинг иши судга оширилади ва улар гўёки жамоат тартибини бузганлиги учун жавобгарликка тортилади.
XS
SM
MD
LG