Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

Ҳукуматнинг орзуси Олимпиада, халқники эса...


Озарбойжон ҳукумати 2016 йилги Ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун мамлакатда спорт мажмуалари қурилишларига миллионлаб доллар сарфлади.

Озарбойжон жанубидаги Масалли шаҳрида маҳаллий аҳолининг ҳаммаси ҳам Олимпиада мажмуалари жадаллик билан қурилаётганидан мамнун эмас.

Масалли шаҳри аҳолисининг аксари спорт мажмуаси қуришга сарфланган катта маблағни одамлар эҳтиёжи учун зарурроқ бўлган нарсаларга сарфлаш мумкин эди, деган фикрда. Масалли спорт мажмуаси қуриб битказилган бўлишига қарамай, у ерда саноқли одам шуғулланяпти. Чунки спорт залида бир ой шуғулланиш чиптаси нархи 25 манат, салкам 30 АҚШ долларини ташкил этади. Озарбойжонда эса бир ойлик маош ўртача 240 манат, яъни 290 АҚШ долларини ташкил этади.

Шаҳар марказидан бир неча километр нарида жойлашган Масалли спорт мажмуи қурилишига 17 миллион манат (20 миллион доллар) сарфланган. Бироқ у ерга йўналишли автобуслар қатнамайди. Масалли мажмуаси 2016 йилги Олимпиада ўйинларига Боку мезбон бўлиши имкониятини ошириш учун қурилган 13 та мажмуанинг биридир. Ҳозир мамлакатда яна 26 та спорт комплекси қурилмоқда. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев мамлакат нефтидан тушган улкан даромадни спорт мажмуалари ва замонавий театр бинолари қурилишларига сарфламоқда. 2016 йилда бўладиган Ёзги Олимпиадага мезбон бўлиш учун Бокудан ташқари Мадрид, Прага, Рио де Жанейро, Чикаго, Токио ва Қатарнинг Доҳа шаҳарлари даъвогарлик қилмоқда. Илҳом Алиев 2003 йилда отасининг ўрнига Озарбойжон президенти бўлишидан олдин мамлакат Олимпиада қўмитаси раҳбари эди. У ҳатто мамлакатнинг Олимпиада мадҳиясини ҳам тайёрлатган.

Мамлакатнинг нефть экспортидан тушаётган даромаддан мосуво бўлган озарбойжонликлар Олимпиадага мезбонлик қилиш учун ҳукумат миллионлаб доллар сарфланаётганидан мамнун эмас.

“Масалли халқи тушкунликдан азият чекмоқда. Биз спорт ҳақида ўйламаймиз. Сизнингча биз машқ қилиш ҳақида ўйлаймизми? Нима учун улар болаларимизга ҳовуз қуриб бермайди? Бу спорт мажмуасига кириш текин эмас. Болаларимни у ерга юборишим учун пул бўлиши керак. Менда эса пул йўқ. Шунинг учун мен ҳатто кириш нархи қанчалигини билмайман”, – деди масаллиликлардан бири.

“Жанубий янгиликлар” номли маҳаллий газета муҳаррири Зоҳид Эменов давлат спорт мажмуаларига ишлатган маблағини зарурроқ ишларга сарфлаши мумкин эди, деган фикрда.

“Масаллида 35 та туман бор. Агар мана шу 17 миллионни 35 та туманга бўлсангиз, ҳар бир тумандаги спорт иншоотлари учун 500 минг манатдан тўғри келарди”, – дейди журналист.

Боку расмийлари спорт мажмуаларига миллионлаб доллар сарфлаётган бир пайтда мамлакатда семизлик ва қанд касаллигига чалинган ёшлар сони кўпаймоқда.

Масаллидан парламентга депутат этиб сайланган Элмира Охундова Боку расмийлари мамлакат ёшларининг спорт билан шуғулланишига шароит яратиш учун ҳатто оддий чора кўрмаётганини айтди.

“Тасаввур қилинг, менга қарашли ҳудудда 40 та мактаб бўлса, уларнинг 25-30 тасида спорт зали йўқ. Бори ҳам аянчли аҳволда. Мен уч йилдан бери депутатман. Мана шу мактабларга борганимда ҳайратдан ёқамни ушладим. Болаларнинг футбол ёки волейбол ўйнаши учун ҳатто тўп ёки тўр йўқ”, – деди депутат.

2016 йилги Ёзги Олимпиада ўйинлари дунёнинг қайси шаҳарда ўтказилиши 2009 йилнинг 9 октябрида Копенгаген шаҳрида эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG