Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:11

Мардикор қуллар юртига қайтди


Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида 25 кун давомида қулликда сақланган беш ўзбек мардикори Ўзбекистонга қочиб келишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълум қилди.

Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳрида яшовчи 49 ёшли Аҳрор Жумазов, икки ўғли Акмал ва Аброр билан Қозоғистонда мардикорлик қилиш орқали пул ишлашни ният қилганди. Уларга жияни Раҳмонжон Бакимбоев билан қўшниси Ином Султонов ҳам шерик бўлган. Чинозлик бир аёл уларга Қозоғистонда иш топиб беришни ваъда қилган. Лекин аёл уларни Қизилўрдага олиб бориб қул ўрнида сотиб юборган.

Аҳрор Жумазов: Чиноз туманилик Ким Вика исмли аëл бизларни алдаб Қизилўрда шаҳрига борасизлар, деди. Биз унга ишондик. Ишлашингизга қараб 300.000- 350.000 пул берамиз, деди. Уларнинг Элла исмли вакили келди. Вика бизни бу ердан кузатиб қўйиб, Тошкент-Уфа поездига чиптасиз миндирди. Бизни у ëққа олиб бориб, қизилўрдалик полковник Андрей Иннокентович деган одамга топширди. Учинчи кундан бошлаб бизни уриб ишлатишни бошлашди. Эрталабки 8дан кечки 9гача ишлардик. Овқатимизнинг тайини йўқ эди. Кечаси ҳам ем ва шунга ўхшаган бошқа нарсалар келса уйғотишарди. Кейин учтадан қоровул қўйиб қўядиган бўлди. Улар бизнинг йигитлар устидан кулиб, ҳар кун урадиган бўлди. Биз кейин у корейсга бизни ватанимизга жўнатиб юбор, дедик. У йўқ, мен сизларни сотиб олганман, деди.

Озодлик: У ерда нима иш қилардингиз?

Аҳрор Жумазов: Молига, қўйига, чўчқасига қарадик. Бир кунда деярли бир гектар ер ағдарардик. Қозоғистоннинг жинғилини ўрардик.

Озодлик: Ўзбекистонга қанақа қилиб қайтиб келдингиз?

Аҳрор Жумазов: Биз Ўзбекистонга қараб йўлга чиққанда чўл оралаб юрдик. Кейин йўлда такси тўхтатдик. Туркистонлик таксичилардан уларга пул олиб бердик. Улар бизни Черняевкагача олиб келди. Черняевкада ватанимизга телефон қилиб келишиб, пул ўтказдик улар учун. Ҳозир менинг қарзим бор. Қарздан қутулиш учун уйимни сотишга ҳам тайëрман.

Аҳрор Жумазовнинг айтишича, Ўзбекистонга қайтиб келишгач, уларни Қозоғистонга қул ўрнида сотиб юборган чинозлик аёл билан учрашишган. Бундан ҳеч қандай натижа чиқмагач, улар Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовнинг таъкидлашича, ўзбек мардикорлари қочмаслиги учун Андрей Иннокентович Ким деган одам уларнинг миграция карталарини олиб қўйган. Улар шунинг учун пулсиз келган ва бир неча кун яëв йўл босган.

“Ҳозир бунақа ҳолатлар жуда ҳам кўп учрамоқда. Биласизми, Тошкент вилояти судининг ўзида менга маълум бир нечта судлар бўлиб ўтди. Россия ва Қозоғистонга одам ëллаб сотиш ҳоллари кўпайиб кетгани маълум бўляпти”,- дейди С.Икромов.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йил давомида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига траффик қурбони бўлган шахслардан мингдан зиёд ариза тушган.

Куни-кеча Ўзбекистон парламентида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маъқулланди.

Янги қонун лойиҳасига кўра, шахснинг ноқонуний эксплутация қилиниши ва одам савдоси ҳолатларига чек қўйиш кўзланган. Қонун лойиҳасида траффик қурбони бўлган шахсларга тиббий, психологик, ижтимоий ва юридик ёрдам бериш йўл-йўриқлари мужассамлаштирилган. Айни шу мақсадда мамлакатда одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил қилиш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG